Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:54

Ғазога ҳужумда яна 18 фаластинлик нобуд бўлди


Ғазо шаҳри, 2012 йил 19 ноябр.
Ғазо шаҳри, 2012 йил 19 ноябр.
Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини душанба куни ҳам бомбардимон қилишда давом этди ва камида яна 18 фаластинлик нобуд бўлди. Шу билан чоршанбадан бери ўлдирилган фаластинликлар сони 95 кишига етди.

Исроил армияси баёнотига кўра, душанбага ўтар кечаси Исроил учқичлари 80га яқин ҳаво ҳужуми уюштирган. Асосан, ҲАМАС ташкилотининг юқори лавозимли раҳбарлари ўрнашиб олгани тахмин қилинган жойлар нишонга олинган.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, душанба куни ҲАМАС жанггарилари ҳам Исроил ҳудудига ракеталар отган. Ҳужум оқибатида талафот кўрилгани ҳақида маълумотлар йўқ.

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат масалалари бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ва минтақадаги араб давлатлари раҳбарлари билан низони тўхтатиш борасида мулоқот олиб бораётганини айтди.

Эштон хоним буни Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирларининг 19 ноябр кунги йиғилишида қатнашиш учун Брюссел шаҳрига келган пайтда журналистларга маълум қилди.

- Мен одамлар нобуд бўлаётганидан жуда хавотирдаман. Мен анча вақтдан бери Ғазо масаласига узоқ муддатли ечим топиш кераклиги тўғрисида гапириб келяпман. Мен у ерга уч марта сафар қилдим.

Биз кўрганимиз ракета ҳужумларининг олдини олиш ҳамда минтақа халқлари хавфсизлигини таъминлаш ва минтақада тинчлик ўрнатиш йўлларини топишимиз керак, дея баёнот берди ЕИ ташқи сиёсати мутасаддиси.

Брюсселга борган НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Исроил ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқига эга эканини айтди. У Исроилни оғир-босиқ бўлишга чақирди.

Айни пайтда, БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг 19 ноябр куни Мисрга бориши режаланган. Унинг сафаридан мақсад Миср Президенти Муҳаммад Мурсийнинг Исроил ва фаластинликлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш ташаббусини қўллаб-қувватлашдан иборат.

БМТ Бош котибининг Мисрдан сўнг Исроилга бориши кутилмоқда.

Миср Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Амр араб давлатлари вазирларидан иборат делегация билан бирга сешанба куни Ғазога боришини айтди.

Халқаро ҳамжамият Исроил ҳужумларига турлича муносабат билдирмоқда.

Душанба куни Хитой Ғазо Сектори можаросида иштирок этаётган томонларни, айниқса, Исроилни «имкон қадар босиқ бўлиш»га чақирди.

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон эса Ғазо минтақасини бомбалаётгани учун Исроилни “террорчи давлат”, деб атади.

Евроосиё Исломий Кенгашининг Истанбул шаҳридаги йиғилишида сўзлаган Эрдўғон “ислом динини терроризм билан боғлаётганлар мусулмонлар оммавий ўлдирилишига кўз юмаётгани”ни айтди.

ҲАМАС гуруҳи жанггариларининг бир неча кун давом этган ракета ҳужумлари Исроил ҳарбийларини чоршанба куни Ғазога қарши амалиётлар бошлашига сабаб бўлди.

Исроил ҳарбийлари ер ва денгиздан учирган ракеталар ҲАМАСга тегишли экани тахмин қилинган нишонларни йўқ қилди.

Шу кунга қадар ҲАМАС амалга оширган ракета ҳужумида уч нафар исроиллик нобуд бўлгани хабар қилинган.

Исроил ҳарбийлари уюштирган ҳужумларда эса шу пайтга қадар камида 95 фаластинлик, жумладан, тинч аҳоли вакиллари ва болалар нобуд бўлди.
XS
SM
MD
LG