Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:53

Қирғизистонда SMS талоқ масаласи кун тартибига чиқди


Қирғизистон парламенти депутати Турсунбой Бакир ўғли муфтиятга интернет ёки телефон орқали SMS талоқ беришни тақиқлаш илтимоси билан мурожаат қилди. Аввалари SMS талоқ тожик меҳнат муҳожирлари орасида оммалашгани айтилган эди.

Қирғизистон парламенти депутати Турсунбой Бакир ўғлининг маълум қилишича, сўнгги пайтларда хорижда меҳнат қилаётган қирғизистонлик эркаклар орасида аёлларига SMS талоқ жўнатиш ҳолатлари кўпайган. Шунинг учун ҳам депутат SMS талоқни тақиқлаш юзасидан муфтиятга мурожаат қилган.

-Уйланганда мулла иштирокида икки томондан иккита гувоҳ бўлади, кейин никоҳ ўқилади. Ажрашаётганда эса ҳеч кимни гувоҳ қилмай, интернет ёки телефон орқали талоқ бериб қўйишмоқда. Шунинг учун ҳам мен муфтиятга мурожаат қилиб, бу ҳаракат шариатга нақадар тўғри келишини аниқлашни илтимос қилдим. Менимча, бу тўғри эмас. Муфтият бундай талоқни тақиқлаши керак, -деди Турсунбой Бакир ўғли.

Россиядаги этник қирғизлар жамоат бирлашмаларининг хабар беришича, бу ерда биргаликда меҳнат қилаётган эр-хотинлар орасида ҳам SMS талоқ бериш ҳолатлари кузатилмоқда. Москвадаги “Қирғизистон аёллари” жамоат ташкилоти раҳбари Бурулча Тўрўбекованинг айтишича, унинг ташкилотига бу ҳақда арзланиб бир нечта қирғиз аёллари мурожаат қилишган.

-“Телефонда эрим SMS талоқ бериб қўйди, бу талоқ ҳисобга ўтадими?” деб шикоят қилиб келаётган аёллар кўп бўлаяпти. Бу масала ҳал этилса яхши бўлар эди, -деди Бурулча Тўрўбекова.

Ҳозирча Қирғизистон муфтияти депутат Турсунбой Бакир ўғлининг мурожаатига қандай жавоб қайтариши номаълум. Бироқ Қирғизистон муфтиятининг фатво бўлими расмийси Акил Бекиевнинг айтишича, ислом динида ёзма равишда талоқ бериш тақиқланмаган.

-Шариатда ёзма равишда ҳам талоқ бериш мумкин. Бироқ уни ёзишнинг ўз шарти бор. Бу шартлардан бири, хат ўтган замон феълида ёзилиши керак, телефон орқалими ёки интернет орқалими, бундан қатъий назар - бу талоқ ҳисобланади. Энг асосийси у шартга риоя қилинган ҳолда ёзилиши керак, -деди Акил Бекиев.

Шу билан бир қаторда Акил Бекиев талоқ Аллоҳ энг ёмон кўрган сўзлардан бири эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Бундан аввал SMS талоқ масаласи Тожикистонда катта муаммога айлангани айтилган эди. Мазкур мамлакатда бундай ҳолатни тақиқлаш юзасидан баҳс-мунозаралар давом этмоқда.

Маълумотга кўра, Саудия Арабистони ва Малайзия сингари мусулмон давлатларида электрон почта орқали ажрашиш қонунчиликда тан олинган.
XS
SM
MD
LG