Линклар

Бош котиб томонларни ўт очишни тўхтатишга чақирди


БМТ Бош котиби Бан Ки Мун (ч) ва Араб Лигаси Бош котиби Набил Ал-Арабий, Қоҳира ш., 2012 йил 20 ноябр.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун (ч) ва Араб Лигаси Бош котиби Набил Ал-Арабий, Қоҳира ш., 2012 йил 20 ноябр.

Исроил ҳарбийларининг ҲАМАС гуруҳи жанггариларига қарши Ғазо Секторидаги амалиётлари еттинчи кун давом этмоқда. Ҳаво ҳужумлари оқибатида шу кунгача камида 110 фаластинлик, асосан, тинч аҳоли вакиллари ва уч нафар исроиллик нобуд бўлди.

Исроил ҳарбийларининг ҲАМАС гуруҳи жанггариларига қарши Ғазо Секторидаги амалиётлари еттинчи кун давом этмоқда. Ҳаво ҳужумлари оқибатида шу кунгача камида 110 фаластинлик, асосан, тинч аҳоли вакиллари ва уч нафар исроиллик нобуд бўлди.

20 ноябр куни Миср пойтахти Қоҳирада Араб Лигаси Бош котиби Набил Ал-Арабий билан музокара олиб борган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Исроил ва ҲАМАСни дарҳол ўт очишни тўхтатишга чақирди.

- Мен бу ерга шахсан зўравонликларга барҳам беришга чақириш ва ўт очишни тўхтатиш келишувига эришишда ёрдам бериш учун келдим, дея баёнот берди БМТ Бош котиби.

Бан Ки Мун Исроил қуруқликда амалиётлар бошласа, можаро хавфли даражага етиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

- Мантиқсиз зўравонлик оқибатида оилалар ва болалар қурбон бўлмоқда. Фаластин ва исроилликлар яна навбатдаги ҳаво ҳужумларидан қўрқиб яшамоқдалар. Бунга чек қўйиш керак. Зўравонлик янада кучайишининг олдини олиш, жумладан, янги фожиага элтиши мумкин бўлган қуруқлик амалиётлари ўтказилишига йўл қўймаслик учун барча томон зудлик билан чоралар кўриш лозим, деди Бан Ки Мун.

Исроил ҳарбийларига кўра, душанба ва сешанба кунлари Ғазодаги юздан ортиқ нишон, жумладан, ўқ-дори омборлари ва ҳарбий қўмондонлик марказларига ҳаводан зарбалар берилган.

Сешанбага ўтар кечаси фаластинликлар Исроил ҳудудига камида 20та ракета отган.

Ғарб ахборот агентликлари хабарига кўра, Исроил ҳарбийлари чоршанба куни ҳужум бошлаганидан бери камида 110 нафар фаластинлик, асосан, тинч аҳоли вакиллари, жумладан, 27 бола нобуд бўлган.

Фаластин жанггарилари уюштирган ракета ҳужуми оқибатида уч нафар исроиллик ўлган.

20 ноябр куни Оқ Уй расмийлари АҚШ Президенти Барак Обама давлат котиби Ҳиллари Клинтонни Яқин Шарққа жўнатаётганини маълум қилди.

АҚШ Давлат котибининг Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан чоршанба куни Қуддус шаҳрида учрашиши режалаштирилган.

Ҳиллари Клинтон Қоҳирада Миср раҳбарлари билан учрашишидан аввал Рамаллоҳ шаҳрида Фаластин расмийлари билан сўзлашув олиб бориши кутилмоқда.

Вашингтон Исроил ҲАМАСнинг ракета ҳужумларидан ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқига эга эканини билдирган.

Исроил ҳукумати Ғазо Секторига қуруқлик ва денгиздан зарбалар беришдан кўзланган мақсад ҲАМАС гуруҳи жанггариларининг бир неча йилдан бери Исроил жанубига уюштириб келаётган ракета ҳужумларини тўхтатишдан иборат эканини билдирган.

Исроил ўз ҳарбий кампаниясини ҲАМАСнинг ракета ҳужумларига қарши легитим жавоб деб ҳисоблайди.

2008 йил охири ва 2009 йил бошида Исроил ва фаластинлик жанггари гуруҳлар ўртасида уч ҳафта давомида жанглар бўлиб ўтган.

Исроилнинг АҚШдаги элчиси Майкл Оренга кўра, Исроил 2009 йилдан бери Ғазодан учирилган 2500та ракета ҳужумига жавоб қайтармай, “ғайри инсоний босиқлик” намойиш қилган.

Исроил, АҚШ ва Европа Иттифоқи ҲАМАС гуруҳини ўзининг террорчи гуруҳлар рўйхатига киритган.

Айни пайтда, ҲАМАС тарафдорлари бу гуруҳга Ғарбий Соҳил ва Ғазодаги Фаластин ерларининг Исроил босиб олганига қарши курашаётган қаршилик ҳаракати сифатида қарайди.

1987 йилда Исроил босқинида қарши бошланган биринчи исёндан кейин тузилган ҲАМАС, ўз низомига кўра, Исроил давлатини йўқ қилишни мақсад қилган.

ҲАМАС расмийларига кўра, Исроил ҲАМАС мавжудлигини тан олмагунча, ҲАМАС ҳам Исроил давлати мавжудлигини тан олмайди ёки қабул қила олмайди.
XS
SM
MD
LG