Линклар

logo-print

Рус гўзали ватанига аччиқ муҳаббатини изҳор қилди


Наталья Переверзева

Наталья Переверзева

"Ер курраси Гўзали" танловининг россиялик иштирокчиси Наталья Переверзеванинг ўз ватани тўғрисида билдирган кескин танқидий фикрларини оддий россияликларнинг мутлақ кўпчилиги қўллаб-қувватлади.

Аслида, гўзаллик танловларида ғолиб чиқиб, бошларига тож кийган хотин-қизларнинг кучли сиёсий қарашлари бор эканлиги ҳеч қачон сезилмаган.

Лекин кўнгилочар томошалар ғолиблари орасида саҳнада таманно билан юришу ҳамма биладиган уч-тўртта гапни чулдираб қўйишдан кўра каттароқ ишга, бу дунёни яхшилашга ҳисса қўшишга қодирман, дейдиганлари ҳам топилади.

Бундайларни Ер курраси Гўзали танловида учратиш мумкин. Мазкур танлов иштирокчилари Дунё Гўзали, Коинот Гўзали танловларида қатнашадиганлардан фарқли ўлароқ атроф-муҳитга бефарқ эмас, ўзларининг юксак мақомларидан экологик муаммоларни ҳал қилишда ҳисса қўшишга ҳаракат қилади.



Лекин Ер курраси Гўзали танлови иштирокчиларидан бири – Наталья Переверзеванинг саҳнадан туриб айтганлари кўпчилик учун кутилмаган бўлди.
Танлов бошловчиларнинг беозоргина “Сиз ўз ватанингиздан нима учун фахрланасиз?” деган саволига Переверзева бундай жавоб қилди:

-Менинг Россиям – сарвқомат, илиги тўқ, қизил юзли, кашта билан безалган сарафан кийган, ҳарир ленталар қўшиб ўрилган узун сочли гўзалдир. Эртаклардаги қиздир. Менинг Россиям кўзлари катта-катта, шохлари кулгили, доим бир нарсани кавшаб ётувчи сигирдир. Оҳ, сути қандай мазалилигини айтманг.

Ўз ватанига севгиси изҳорини шундай бошлар экан, Наталья Переверзева ўз чиқиши давомида мана бу сўзларни ҳам айтдики, улар бу гўзал қизнинг дил оғриғи бўлиб эшитилди:

-Менинг Россиям камбағал ва баҳайбат мамлакатдир. У олчоқ , ғирром ва эътиқодсиз кишилар талон-тарож қилаётган, азоб чекаётган мамлакатдир. Менинг Россиям улкан бир ўқ томирки, ундан бир неча танланган шахслар бойликларини сўриб олмоқда. Менинг Россиям гадойдир.

Менинг Россиям охири кўринмаётган Кавказ урушидир... Менинг Россиям фашизмни маҳв этган ва ғалабани миллионлар ҳаёти эвазига сотиб олган ғолибдир.

Нима учун бу мамлакатда миллатчилик гуллаб-яшнамоқда, ким билади бу савол жавобини, билганлар айтсин! Менинг азиз ва қашшоқ Россиям.


Бироқ Переверзева, Россиянинг чин ватанпарвари сифатида, мамлакати ўнгланиб кетишига ишонади.

-Мен ўз ватанимдан унинг чиройи учун, қаҳрамонлиги учун, жасорати учун, меҳнаткашлиги учун, дунёга қолдираётган мероси учун, бошқаларни деб яшайдиган одамлари борлиги учун фахрланаман. Россияда яшайдиган ҳар бир киши шундай бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Фақат бизнинг ўзимиз вазиятни яхшилай олишимиз мумкин. Ўз ватанимизга ғамхўрлик қила бошласаккина у яна гуллай бошлайди, у яна нур тарата бошлайди.

Наталья Переверзеванинг айтганлари россияликларни, табиийки, бефарқ қолдирмади ва кўпчилик унинг айтганларига қўшилди.
Масалан, Комсомольская правда газетаси ўз муштарийлари орасида унинг айтганлари юзасидан сўров ўтказди.

20 ноябргача газета сўровида 18732 киши иштирок этди. Улардан 17384 киши (92,80%) Переверзева Россия тўғрисидаги ҳақиқатни айтди, деган фикрга қўшилган бўлса, 1348 кишигина (7,20%) Переверзева Россияга туҳмат қилди, деган фикрга қўшилди.

XS
SM
MD
LG