Линклар

Ўзбекистондаги кўп миллионли аҳоли фойдаланиб келаётган Uzkart пластик карточкалари “Duet” платформасидан “SmartVista” платформасига ўтказилмоқда. Шу муносабат билан мамлакатдаги минглаб терминалларнинг дастурий таъминоти ўзгартирилмоқда, фуқароларга янги пластик карточкалар олиш тавсия этилмоқда.

“Пулни “загрузка” қилиш шарт эмас”

Ўзбекистонда нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини жорий этишга масъул Ягона умумреспублика процессинг марказининг ўзини танитишни истамаган вакилига кўра, “SmartVista” платформасида ишлайдиган пластик карточкаларда пул муомаласи бир неча баробар тезлашади.

Иккита системанинг фарқини шундай тушунтириш мумкин. Ҳозир кўплаб мижозлар ишлатаётган “Duet” платформасидаги карточкада бирор операция амалга оширилса, бу ҳақдаги маълумот аввал тегишли банкка, кейин Ягона умумреспублика процессинг марказига келиб тушади. Бу эса ўз-ўзидан маълумот алмашинувини секинлаштиради. Янги платформада бўлса, ҳамма маълумотлар процессинг марказига тўғридан-тўғри келади. Бу иш жараёни бир неча баробар тезлашади дегани, – янги тизимни изоҳлайди марказ вакили.

Ўзбекистон вилоятларида Uzkart карточкаларидан фойдаланаётган мижозлар пул юклаш учун банкоматлар олдида турнақатор навбатда туриши кўп кузатилади.

Процессинг маркази расмийсига кўра, “SmartVista” платформасидаги карточкаларда пулни юклашга зарурат йўқ.

– Эндиликда “загрузка”, яъни пул маблағини пластик карточкага юклаш жараёнидан воз кечилади. Мижознинг банкдаги ҳисобига пул келиб тушиши билан ундан фойдаланиш имкони туғилади, – дейди Ягона умумреспублика процессинг марказининг ўзини танитишни истамаган вакили.

Шу билан бирга, янги платформа келажакда электрон савдога – Интернет орқали савдо-сотиққа ҳам имкон бериши кутилмоқда.

“Вилоятларда телефон линиялари панд беряпти”

“Асакабанк”нинг пластик карточкалар билан ишлаш бўйича масъул ходимига кўра, банк мижозларига “SmartVista” платформасидаги карточкалар бериш бошланган.

– Ўзбекистон бўйича 9 миллиондан ошиқ пластик карточка амал қилади. “Duet” платформаси бунча ҳажмдаги хизматга яроқсиз бўлиб қолди. Банкимиз мижози бўлган ташкилотларга “SmartVista” платформасидаги карточкаларни бепул янгилаб беряпмиз. Агар карточка йўқотилган ё жисмоний шахс мустақил равишда ўзи янги карточка очтирмоқчи бўлса, 5 евродан тўлов олинади, – дейди “Асакабанк” ходими.

Соҳа мутахассисларининг тушунтиришича, “SmartVista” платформасидаги карточкалар “Duet” тизимидагидан фарқли равишда онлайн режимида, яъни Интернетга уланган ҳолда ишлатилади. Вилоятларда телефон линиялари ва Интернет сифати у қадар яхши бўлмагани сабабли ҳудудларда янги тизимни жорий этиш қийинчилик билан кечаётгани айтилмоқда.

– Терминалга янги программа ўрнаттирдим. Телефон линияси яхши ишламагани учун кўп проблемалар чиқяпти, узилишлар бўляпти. Онлайн ишларкан-да бу. Энди шунга яраша Интернет ҳам яхши бўлиши керак. Лекин Тошкентдаги бизнес ҳамкорларимиз билан гаплашдим, телефон линия яхши бўлгани учунми, уларда бизчалик қийинчилик бўлмаяпти экан, – дейди наманганлик хусусий тадбиркор Баҳриддин ака.

Ягона умумреспублика процессинг маркази директори Шуҳрат Файзуллаевнинг маҳаллий матбуотга маълум қилишича, “Duet” тизими платформасидаги барча пластик карталар дабдурустдан бекор қилинмайди, балки босқичма-босқич янги тизимга ўтказилади.

– Тижорат банклари бугунги кунда 100 мингдан зиёд терминалнинг дастурий таъминотини ўзгартириб, янги турдаги карточкани қабул қилишга тайёрлаб қўйди. Эндиликда уларнинг алоқа каналларига уланмаган қисмини тегишли алоқа каналларига улашимиз талаб этилади, – деган Ягона умумреспублика процессинг маркази директори Шуҳрат Файзуллаев маҳаллий матбуотга.

Расмийларга кўра, ҳозир фойдаланилаётган “Duet” платформасидаги пластик карточкаларни амал қилиш муддати тугагунча ишлатиш мумкин. Савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчалари “Duet” платформасидаги карточкаларини қабул қилишга мажбур.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ва бошқа мутасадди идоралар таҳлилларига қараганда, мамлакатда ҳали ҳам пластик карточка орқали савдо қилишдан бўйин товлаш, карточка орқали савдо қилганда устама ҳақ олиш, карточка етишмаслиги, карточкадаги маблағни нақд пулга айлантира олмаслик каби муаммолар мавжуд.

Ўзбекистонда илк маротаба 1995 йил 1 январда миллий валютада тўлов пластик карточкалари муомалага чиқарилган.

Маълумотларга кўра, республикада муомалада бўлган пластик карточкалар сони 9 миллиондан ошган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG