Линклар


Ўзбекистон Олий Хўжалик суди МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси бўлган “Ўздунробита”нинг Тошкент шаҳар Хўажлик суди ҳукми устидан киритган даъво аризасини кўриш жараёнини номаълум муддатга тўхтатди.


МТСнинг яна уч менежери жазога тортилди

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларида ишончли манбаларига эгалигини айтиб келадиган мустақил журналист Сергей Ежковнинг хабар қилишича, 20 ноябр кунги маҳкамада Тошкент шаҳар Жиноят ишлари суди “Ўздунробита”нинг яна уч менежерини суд қилгани ва уларни жарима ҳамда аҳлоқни тузатиш ишларига жалб қилгани айтилган.

Сергей Ежковнинг ёзишича, ҳозирча матбуотга исми ошкор бўлмаган уч менежер устидан шаҳар суди ҳукми қонуний кучга киргунига қадар Олий Хўжалик суди “Ўздунробита”га лицензияларни қайтиб бериши ёки бермаслиги ҳақида қарор қилиши кутилган маҳкамани тўхтатишини маълум қилган.

Ҳозирча "Ўздунробита"нинг яна уч менежери устидан Тошкент шаҳар Жиноят ишлари суди ҳукми қачон эълон қилингани Озодликка номаълум қолмоқда ва буни аниқлаш мақсадида Олий Хўжалик судига қилинган мурожаатлар жавобсиз қолди.

МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси ва унинг ходимлари киритган даъво аризалари устидан маҳкама жараёнини давомли суратда қолдириб келаётган Тошкент судлари шу кунга қадар айни иш юзасидан бирор расмий баёнот бермаган.




Маҳкама яна номаълум муддатга қолдирилди

Ўзбекистон қонунчилигига биноан суд ҳукми томонлардан бири ҳукм устидан шикоят қилмаган тақдирда эълон қилинганидан кейинги 10 иш кунидан сўнг қонуний кучга кирган, деб ҳисобланади.

Бунга қадар Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди “Ўздунробита”нинг тўрт менежери: ширкатнинг молиявий ишлар бўйича бош директор биринчи ўринбосари Темурмалик Олимов, корпоратив ривожлантириш дастурлари директори Азизилло Мирзамўйдинов, хавфсизлик департаменти директори Алишер Муҳаммедов ва ахборот технологиялари бўйича бош директор ўринбосари Азиз Раҳимовларни молиявий жиноятлар ва ноқонуний даромадни ўзлаштириш мақсадида жиноий гуруҳ тузганликда айблаб, жазога тортган эди.

Икки ҳафта муқаддам Тошкент шаҳар Жиноят ишлари судининг аппеляция ҳайъатида 4 менежер киритган даъво аризаси қондирилмади, аммо МТС ширкатига тегишли бўлган активларни Ўзбекистон ҳукумати фойдасига ўтказиш қарори бекор қилинди.

Шундан сўнг Ўзбекистондаги мол-мулки мусодара қилинмай қолган ширкатнинг 20 ноябр куни Олий Хўжалик судида кўрилиши кутилган иккинчи даъво аризаси ҳам ширкат фойдасига ҳал бўлишига умид туғилган эди.


МТС яна шарҳлардан тийилди

20 ноябр кунги маҳкама жараёнининг номаълум муддатга тўхтатилгани ва бундан ташқари, “Ўздунробита”нинг яна уч менежери жавобгарликка тортилгани ҳақида "Uzmetronom" нашри тарқатган хабарларни МТС ширкати маъмурияти изоҳлашдан бош тортди.

- Кечирасиз, суднинг бу қарори юзасидан шарҳ бермаймиз. Биздаги маълумотларга кўра, маҳкама яна бир марта кечиктирилди, деди МТС ширкати матбуот котиби Валерия Кузменко.


Хўжалик ишларининг жиноий ишларга алоқаси хусусида

МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси киритган даъво аризалари бўйича Тошкент судларида бораётган маҳкамаларни кузатаётган мустақил журналист Сергей Ежков 20 ноябр кунги қарорнинг ноаниқ бир жиҳатига эътибор қаратди.

“Шаҳар Хўжалик суди қарори устидан киритилган шикоят аризасининг жиноят ишлари бўйича судда кўриб битилган жиноят ишларига нима алоқаси бор – бу тушунарсиз қолмоқда”, деб ёзди Сергей Ежков “Uzmetronom” интернет нашрида чоп этган хабарида.

Шу йилнинг июл ойидан бошлаб “Ўздунробита” оператори фаолиятининг тўхтатилиши Ўзбекистонда миллионлаб абонентларнинг бир муддат алоқасиз қолишига сабаб бўлди.

МТС-Ўзбекистон алоқаси мамлакатнинг 94 фоиз ҳудудини қамраб олиб, 9 миллион абонентга хизмат кўрсатар эди.

XS
SM
MD
LG