Линклар

Бордюжа Ўзбекистонсиз ишлар юришиб кетганини айтмоқда


КХШТ бош котиби Николай Бордюжа.

КХШТ бош котиби Николай Бордюжа.

“Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқиши ташкилот фаолиятида салбий акс этгани йўқ, аксинча, бу аввал ҳал қилинмай қолган кўплаб масалалар бўйича келишувга эришилиши учун имкон яратди”.

Бу баёнот Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби Николай Бордюжа тилидан Москвада ташкилотнинг 20 йиллиги муносабати билан ўтказилган учрашувда янгради.

Интерфакс агентлигига кўра, КХШТ бош котиби Ўзбекистоннинг ташкилотдаги ўз фаолиятини тўхтатишидан ҳеч ким зарар кўргани йўқ.

- Чунки давлатлар аввал қандай фаол ишлаган бўлса, коллектив хавфсизлик тизимини яратиб, ундан қандай фойдаланган бўлсак, ҳозир ҳам шундай ишлашда давом этаяпмиз, - деди Бордюжа 20 ноябр куни.

Бош котиб мулоҳазасича, КХШТ Ўзбекистон раҳбариятининг ташкилотдаги фаолиятини тўхтатиш қарорини хотиржамлик билан қабул қилган ва бунда ҳатто айрим афзалликлар бор.

- Биз Ўзбекистон қабул қилинишига тўсқинлик қилган жуда кўп лойиҳа ва қарорларни бир неча ойлаб ўзаро мувофиқлаштиришга мажбур бўлардик, - деди Бордюжа эндиликда коллектив хавфсизлик тизимини яратишга ҳеч ким халақит бермаётганини қайд этаркан.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига Арманистон, Беларус, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон қаторида 1992 йилда аъзо бўлиб кирган, 1999 йилда эса ундаги аъзолигини тўхтатганди. Андижон воқеаларидан бир неча ой ўтгач, 2006 йилда яна КХШТга қайтган Ўзбекистон шу йил 28 июнида котибиятга ташкилотдаги иштирокини тўхтатиш ҳақида нота юборган эди. Тошкентнинг КХШТдаги фаолиятини тўхтатиши тўғрисидаги якуний қарор ташкилотга аъзо давлат раҳбарларининг 19 декабр куни Москвада бўладиган учрашувида қабул қилиниши кутилмоқда.

- Ўзбекистон КХШТга аъзолигини 2006 йилда тиклаганди. У тўлақонли аъзога айланиши биланоқ биз Ўзбекистон раҳбариятининг коллектив хавфсизлик тизимини қолган барча давлатлардан бошқачароқ кўриши билан қаршилашгандик. Яъни бу ерда позицияларда фарқлар бор эди, - деди КХШТ бош котиби.

Бордюжага кўра, позициялардаги бу фарқ коллектив хавфсизлик тизимини шакллантиришга имкон бермаётганди.

- Биз доим муайян қарама-қаршиликларга дуч келардик, - дея таъкидлади бош котиб.

Бордюжанинг айтишича, бу каби қарама-қаршиликлар Афғонистон билан ҳамкорлик ва унга ёрдам кўрсатиш масалаларида ҳам бўлган.

- Масалан, биз: “Афғонистон бўйича биргаликда ҳаракат қилишимиз керак, биз Афғонистонда барқарорликни таъминлашимиз лозим, Афғонистон ҳукуматига давлат органларини ташкил этиш, меъёрий-қонуний база яратиш, куч ишлатар тузилмаларни шакллантиришда ёрдам беришимиз зарур” десак, Ўзбекистон: “Йўқ. Биз қаршимиз. Биз Афғонистон билан коллектив имкониятлардан фойдаланмаган ҳолда, иккитомонлама асосда ҳамкорлик қиламиз”, дерди, - деди КХШТ бош котиби.

Николай Бордюжа Ўзбекистон КХШТдан бутунлай чиқмаётгани, ташкилот аъзоси бўлиб қолиши айтди ва “дўппи тор келганда” у қарорини бир зумда ўзгартириши мумкинлигини истисно қилмади.

- Ахир бунақа вазият олдин ҳам бўлган, - деди КХШТ бош котиби.

Бу киноядан Бордюжа Ўзбекистоннинг Андижон воқеаларидан кейин зудлик билан ташкилотдаги аъзолигини тиклаганини назарда тутганини англаш қийин эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG