Линклар

logo-print

Олмалиқдаги ихтирочи автомобил учун кўзгу яратди


Ғойибназаров ихтиро қилган кўзгу Ўзбекистонда серияли ишлаб чиқариладиган автомобиллар ëнбош кўзгуси назоратидан четда қоладиган бурчакни ҳайдовчига кўрсатиб туради.

Ғойибназаров ихтиро қилган кўзгу Ўзбекистонда серияли ишлаб чиқариладиган автомобиллар ëнбош кўзгуси назоратидан четда қоладиган бурчакни ҳайдовчига кўрсатиб туради.

Олмалиқлик 49 яшар ихтирочи Темирхон Ғойибназаров автомобилнинг ëн томонларидаги орқани кўрсатувчи кўзгу ëнига қўшимча кўзгу ўрнатишни таклиф қилди.

Кинематик система воситасида ҳаракатланадиган бу кўзгу олдинги бампер ëнидаги оддий кўзгу кўрсатмайдиган ҳудудни назорат қилишга мўлжалланган.

Темирхон Ғойибназаров ўз ихтироси учун Ўзбекистон интелектуал мулк агентлигидан патент олди.

Бу ҳақда Озодликка билдирган Ўзбекистон интелектуал мулк агентлиги ихтиро бўлими бошлиғи Севара Каримовага кўра, Ғойибназаровнинг ихтироси йўл- транспорт ҳодисаларининг олдини олишда муҳим восита бўлиши мумкин.

Автомобил ҳайдовчиларга маълум бўлганидек, орқани кўрсатувчи ëнбош кўзгу назоратидан четда бўлган хавфли бурчак мавжуд.

Машинанинг олд ғилдираги ва олдинги бампер рўпарасидаги ҳудуд Ўзбекистонда серияли ишлаб чиқариладиган автомобиллар ëнбош кўзгуси назоратидан четда қолади.



Ғойибназаров ихтиро қилган кўзгу ана шу кўринмас бурчакни ҳайдовчига кўрсатиб туради.

Патентни рўйхатга олиш ишларига ëрдам берган Олмалиқ патент идораси раҳбари Михаил Голицкийнинг Озодликка айтишича, Ғойибназаров ихтиро қилган ҳаракатланиб турувчи кўзгу тор кўчаларда машина ҳайдаëтган ҳайдовчи учун фойдали.

Ҳозир ғарбда чиқаëтган люкс тоифасидаги автомобилларда бу вазифа учун видеокамералар ўрнатилган.

Михаил Голицкийга кўра, видеокамера назорат системаси бажарадиган ишни Ғойибназаров кўзгуси бемалол амалга ошира олади.

- Ғойибназаров ихтиро қилган кўзгу видеокамера системасидан бир неча марта арзон ва қулай, - дея таъкидлайди Михаил Голицкий.

Ўзбекистон интелектуал мулк агентлиги ихтиро бўлими бошлиғи Севара Каримованинг Озодликка айтишича, мамлакатда ихтирочилик таклифи билан чиқаëтганларнинг сони ортмоқда.

Тошкент кабел заводи муҳандиси 89 ёшли Самсон Уманскийнинг бир ўзи 40 ортиқ ихтирони патентлаган.

Ўзбекистон интелектуал мулк агентлиги бундан 20 йил муқаддам ташкил қилинган эди.

Ўтган давр ичида бу ташкилот Халқаро интелектуал мулк ташкилотига аъзо бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG