Линклар

logo-print

Андижон вилоятининг Избоскан туманида тижорат нархида сотилаётган бир килограмм кўмирнинг нархи 700 сўмга чиқди. Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбаларига кўра, ҳукумат ваъда қилган арзон кўмир жуда чекланган миқдорда келтирилмоқда ва у билан ҳаммани таъминлашнинг имкони бўлмаяпти.


"Кўмир ҳеч қачон бунча қимматламаган"

Об-ҳавонинг совиб кетиши ва газ йўқлиги боис тижорат дўконларида сотилаётган кўмир бир ҳафта ичида яна 100 сўмга қимматлади, дейди Избосган туманида яшовчи, исми сир қолишини сўраган Озолик суҳбатдоши:

- Ҳозир бизда бир килоси 700 сўмга сотиляпти. Ангрен кўмири, тозаси, йирик-йириги. Қозоғистон кўмири 750 сўм. Бу тижорат дўконларидаги нарх. Ҳокимият ҳам аҳолига сотяпти, навбати билан, килоси 91 сўмдан, унга эътирозимиз йўқ. Лекин ҳаммага ҳам етмаяпти. Масалан, ёш боласи бор, касаллари бор хонадонлар навбат кутиб ўтирмайдику,- дейди избосканлик Озодлик манбаси.



"Маҳаллага бериладиган кўмирни ҳам қиммат сотишяпти"

Андижон вилоятининг Марҳамат туманида истиқомат қилувчи иккинчи гуруҳ ногирони, бу суҳбатдошимиз ҳам исмини ошкор қилишни истамади, туманда кўмирнинг бозордаги нархи 650-700 сўмга чиққан:

- Бизда ким олдиндан кўмирнинг бир тоннасига 130 минг сўмдан тўлаб қўйган бўлса, ўшаларга 500 килодан маҳаллий ҳокимият тарқатди. Ўтган йили 85 минг сўмдан беришганди, бу йил эса 130 мингга чиқариб қўйишибди. Бироқ, мен бир тонна кўмир учун бир ойлик пенсиямни сарфлашим керак экан. Бунга кучим етмайди, оч қоламиз бўлмаса. Бироқ ўшани ҳам беришмаяпти, навбат экан. Ким билади, навбатимиз қиш тугаганда келадими, қишни қандай чиқаришни билмай бошимиз қотган. Яхшиям ўзбекларда ака-укачилик, қариндош-уруғ бор, ёрдам беришади, бўлмаса совуқдан қотиб ўлардик,- дейди марҳаматлик иккинчи гуруҳ ногирони.

Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида ҳам ҳукумат қарори билан бир килоси 91 сўмдан қилиб қўйилган кўмир баланд нархда аҳолига сотиляпти:

- Бизнинг Пахтаободда 500 кило кўмир 65 минг сўмдан маҳаллаларга бериляпти,- дейди Пахтаобод туманида истиқомат қиладиган ўқитувчи, 42 ёшли Аъзамжон Парпиев.

“Қишни кўрпага ёпиниб ўтказамиз”

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида истиқомат қилувчи, 70 ёшли пенсионер Садирохун Сўпиевнинг айтишича, ҳукумат тарқатадиган ҳар тонна кўмирни маҳаллалар ўзлари истаган нрахда сотяпти:

- Битта маҳалла 120 минг сотяпти, биттаси 150 минг. Лекин бу кўмир ҳаммага ҳам йўқ. Мисол, мен 2 ойдан бери кўмир ололмаяпман. Ана берамиз, мана берамиз дейди, лекин бермаяпти. Бир яшар неварам бор, ўшанга у ёқ бу ёқдан ўтин топиб фақат кечқурун печка ёқяпмиз. Энди бозордан 600-700 сўмдан ололмайман, бунга пулим йўқ. Энди бир нарса қилиб кўрпага ўраниб қишни чиқарамиз, шекилли. Ўзи 160 минг сўм пенсия берса мен 700 минг сўмга қандай қилиб кўмир оламан,- дейди Садирохун Сўпиев.

"Кўмир эмас бу, тупроқ"

Садирохун Сўпиевнинг айтишича, аҳоли маҳаллий ҳукумат томонидан тарқатилаётган кўмирнинг сифатидан норози:

- Бу кўмирни Ангренники дейишади, лекин Ангренда ҳам бу маҳаллага деса, нуқул тупроғини юклаб беришади, шекилли. Лекин шунга ҳам зормиз. Майли ўшани молни гўнгига аралаштириб ҳам ёқардик,- дейди Садирохун Сўпиев.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 23 октябрдаги 305-рақамли қарорига кўра, вилоятлар ва Тошкент шаҳри аҳолисини кўмир билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланган.

Бироқ бу қарорнинг Андижон вилояти туманларида бажарилиши даргумон бўлиб қолмоқда.

Қишнинг эрта келиши ва ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши натижасида одамлар печка ёққани қийналмоқда.

Андижон вилояти ҳокимлигинининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда кўмирни етказиб келишда транспорт муаммоси боис шундай узилишлар бўлиб турганини тасдиқлади:

- Биз имкони борича, энг биринчи навбатда ёш болали оилаларга, ногиронларга кўмир беришга ҳаракат қиляпмиз. Лекин таъминотда узилишлар бўлиб турибди. Кўмир вагонда Тожикистон орқали олиб келинади. Лекин Тожикистон фақат бир кунга вагонларга ўтишига рухсат бергани боис, ҳаммага ҳам етмай қоляпти, - дейди Андижон вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими.

Ўзбекистонда ўтган йилда 3,84 миллион тонна кўмир қазиб олинган эди.

Ўзбекистон ҳукумати икки йилдан буён аҳолини кузги-қишки мавсумда газ бўлмаслиги ва қишлаш учун олдиндан ўтин-кўмирни ғамлаб қўйиш кераклиги тўғрисида огоҳлантириб келади.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги газ ишлаб чиқарувчи ва уни экспорт қилувчи қудратли давлатлардан бири ҳисобланса-да, қиш остонасида газ билан ишлайдиган барча хусусий корхоналар газ тармоғидан узилиб қўйилади, аҳолига бериладиган газ ҳажми сезиларли тарзда чекланади.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати Россиянинг Газпром¸ қолаверса Хитой ва Жанубий Корея ширкатлари билан ўзбек газини экспорт қилиш юзасидан кўплаб миллиард долларлик шартнома имзолаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG