Линклар

logo-print

Ўзбек муҳожирлари орасида юқумли касалликлар кўпаймоқда


Муҳожирлар орасида юқумли касалликлар тарқалиши асосий сабаби сифатида уларнинг турмуш тарзи сифати пастлиги айтилади.

Муҳожирлар орасида юқумли касалликлар тарқалиши асосий сабаби сифатида уларнинг турмуш тарзи сифати пастлиги айтилади.

2012 йилнинг ўн ойи давомида Россиясининг Оренбург вилоятида 9258 нафар меҳнат муҳожири тиббий кўрикдан ўтказилди. Текширув натижасида улардан 32 нафари сил касаллиги, 10 нафари ОИТВ (Одам иммун тақчиллиги вируси) юқтиргани ва 12 нафари таносил касалликларига чалингани аниқланган.


Россиялик мутахассислар жорий йил январ-октябр ойларида Оренбург вилоятида 32та ҳолатда хорижликлар касалликни Ўзбекистондан, 10та ҳолатда Тожикистондан, учта ҳолатда Украинадан, уч ҳолатда Озарбайжондан, бир ҳолатда Қозоғистондан олиб келганини аниқлагани ақида Регнум агентлиги хабар қилмоқда.

Россияда марказий-осиёлик мардикорларнинг аксар катта қисмини ўзбекистонликлар ташкил қилади. Россияда беш миллиондан саккиз миллонгача ўзбекистонлик меҳнат муҳожири борлиги, уларнинг аксари Москва шаҳри ва вилоятида, Санк Петерберг ва бошқа йирик шаҳарларда ишлаши айтилади.

Бу эса ўзбекистонлик миллинлаб оила мамлакатдаги қийин иқтисодий шароитда меҳнат муҳожирлари ҳисобидан тирикчилик қилиши баробарида, меҳнат муҳожирлиги феномени Ўзбекистонга юқумли касалликларни олиб келмоқда, деганидир.



Бир неча йилдан бери Санкт Петербург шаҳрида ишлаётган ўзбекистонлик Жамшид Озодлик билан суҳбатда Россия бўйлаб ўзбекистонлик муҳожирлар орасида сил касаллиги энг кўп тарқалганидан хабари борлигини айтади.

- Россия бўйича ўзбек муҳожирлари орасида сил касаллиги жуда ҳам кўп тарқалган, деб ҳисобласа бўлади. Лекин бу ваҳима эмас. Иккинчи ўринда, об-ҳаво салқин бўлгани учун артрит, учинчи ўринда, менинг тахминим бўйича, урологик касалликлар кенг тарқалган. Касалликларни таносил, ваҳо казо деб жуда ҳам кўп турга бўлишимиз мумкин. Лекин сил, артрит ва урологик касалликларни олдида бошқа қасалликлар кўринмай қолади,- дейди Жамшид.

Россиянинг Нижний Новгород шаҳридаги касалхона шифокори Салоҳиддин (суҳбатдошимиз фамилияси ошкор қилишни истамади) Озодлик билан суҳбатда ўзбек муҳожирлари орасида юқумли касалликлар кўплигининг бир неча сабаб бор дейди.

- Биринчиси, пала-партиш жинсий ҳаëт кечириши СПИДга тааллуқли бўладиган бўлса. Иккинчиси, наркоманларнинг кўпчилиги юқумли касалликлар орттиради. Учинчиси, тиббий кўрикдан ўтаётган пайтда ҳам касаллик юқтириш мумкин. Силга доир сабабларни айтадиган бўлсак, уларнинг яшаш шароитининг яхши эмаслиги, овқатланиш яхши эмаслиги. Нимагаки кўпчилик уйига бир-икки сўм пул юбораман дейди, ўзининг ейиш-ичишидан қисади. Етарли даражада витаминли овқатлар, гўшт, мева-чевалар, сабзавот олиб емайди. Бунинг натижасида иммунитет сусаяди. Организм иммунитети пасайган пайтда сил касаллиги юқади,- дейди Салоҳиддин.

Ўзбекистонлик шифокор Минхожиддин Ҳасанов ҳам, хорижга иш излаб чиқиб кетган ўзбекистонликларнинг юқумли касалликларга чалиниши асосий сабаби уларнинг турмуш тарзи сифати пастлигида деган фикрни айтади.

- Сил касаллиги асосан яшаш шароити яхши бўлмаган, яхши овқат емаган, уй-жойи йўқ, камбағал, яшайдиган шароити ëмон бўлган одамлар орасида кўпроқ учрайди. Яшаш шароити ëмонлар Россияга ишлагани борган. Кейин 5-10-15таси битта хонада ëтади. Бир хонада бўлгандан кейин касалликни бир-бирига юқтиради. Идиш-товоғи битта. Тозалаб ювмайди. Шахсий гигиенага риоя қилмайди. Бунга шароит ҳам бўлмаслиги мумкин. Муҳожирлар ичида битта сил бўлса, бошқаларга юқтиради. Юққандан кейин уч-тўрт ойдан кейин ҳасталик аломатлари пайдо бўлади. Уч-тўрт ойдан кейин рентгенда шамоллаш процесслари кўринади,- дейди ўзбекистонлик шифокор.

Нижний Новгород шаҳридаги касалхона ходими Салоҳиддин Россияда бир неча йил ишлаб Ўзбекистонга қайтаётган фуқаролар ватанга моддий бойликлар билан бирга ижтимоий муаммолар, жумладан, турли юқумли касалликлар ҳам олиб кетаётганини қўшимча қилди.

- Кузатувим бўйича ўзбек муҳожирлари уйига биринчи навбатда сил касаллиги олиб кетишяпти. Иккинчи навбатда қондан-қонга ўтадиган юқумли касалликлар, яъни, гепатит, СПИД касалликлари. Россияда муҳожирлар яна турли касб касалликларини орттиради. Масалан, кўмир конида ишласа, ўпка касалликларини олиб кетади ёки ишда ҳар-хил травмалар олиши мумкин. Ундан ташқари Россияда пайдо бўлган янги вирусли касалликларни олиб кетишади.

Салоҳиддин фикрича, Россияда юқумли касалликка чалинган муҳожирлар орасида Ўзбекистон фуқароларининг энг кўп эканига уларнинг сони кўплиги ҳам сабаб бўлмоқда. Унга кўра, ҳозир Россияда тахминан тўрт миллион ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бор.

Салоҳиддин хорижда ишлаб қайтган муҳожирлар Ўзбекистондаги яқинларига касалликлар юқтиришининг олдини олиш учун улар келган заҳоти яшаш жойларида тиббий профилактика текширувидан ўтишлари кераклигини айтди.

- Қишлоққа қанча муҳожир қайтиб келадиган бўлса, масалан, ўша участкадаги врач улардан қон ва туберкулёзга мазок олиб анализга топширтириши керак. Профессионал касалликлар бўйича, уйига қайтган муҳожирлар қандай касалликлар орттирганини айтиб, профилактик кўрикдан ўтиб туриши керак. Бу Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўриладиган чоралар.

Россия томони эса тиббий чоралардан ташқари меҳнат муҳожирларининг яшаш шароитини яхшилашга оид чоралар кўриши ва ижтимоий шароитни яхшилаши керак, дейди Россиянинг Нижний Новгород шаҳридаги касалхона шифокори Салоҳиддин.

XS
SM
MD
LG