Линклар

logo-print

Шаҳрисабз тумани собиқ ҳокими Ўктам Хидиров ва яна тўрт мулозим аҳоли ва тадбиркорларга ерларни ғайриқонуний сотиш, пора олиш каби иқтисодий жиноятларда айбланди.



Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди Шаҳрисабз тумани собиқ ҳокими 63 ёшли Ўктам Хидировни 11 йилга озодликдан маҳрум этди.

Суд ҳукми билан яна тўрт киши Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-, 205-, 208-, 210 ва 211-моддаларига кўра, давлат мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш ва пора беришда айбланди. Туман ҳокимлиги мулозимлари Баҳодир Болтаев 3,5 йилга, Собир Қодиров 11 йилга, фермер Ўткир Маматов 13 йилга ва фуқаро Бахтиёр Косимов 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Жиноят иши материалларига кўра, шу йилнинг 2 июнида лавозимидан четлатилиб, ҳибсга олинган Ўктам Хидиров 2008-2009 йилларда жами 33 нафар фуқародан жиноий шериклари воситасида 496 миллион 577 минг 271 сўм пора олиб, фуқароларга давлат захирасидаги 3,7 гектар ерни якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ажратиб берган. Шунингдек, тумандаги тадбиркорлардан бирига 30 минг АҚШ доллари эвазига "Истироҳат боғи" қурилиши учун 14,8 гектар ер ажратган.

Озодлик қўлга киритган Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан тузилган айблов хулосасида айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги 272-сонли қарорига мувофиқ, 2008 йил 1 январдан бошлаб якка тартибда уй-жойлар қуриш учун ер участкалари кимошди савдоси орқали сотилиши қайд этилган. Бироқ собиқ ҳоким Ўктам Хидиров икки йил мобайнида 10та сохта қарор билан аҳолига 164,6 гектар ер “улашган”.

Озодлик саккиз йил Шаҳрисабз тумани ҳокими лавозимида ишлаган Ўктам Хидировнинг жорий йилнинг 2 июнида ҳокимлик лавозимидан четлатилиб, ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди.

“Қашқадарё” телеканали орқали шу кунларда бир неча марта эфирга узатилган махсус ҳужжатли филмда ҳокимнинг "сахий"лиги туфайли кўпгина суғориладиган ерларнинг уй-жой қурилишига бериб юборилгани кўрсатилди.

“Озодлик” манбаларига кўра, Шаҳрисабзда собиқ туман ҳокими томонидан ноқонуний равишда аҳолига тарқатилган ерлар давлат захирасига қайтарилмоқда. Аҳоли аллақачон уй-жой қуриб, истиқомат қилаётган бу ер юзасидан маҳаллий ҳокимият ва фуқаролар ўртасида можаро чиққан, судлашувлар, аризабозликлар кўлами ортиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Озодлик” радиоси Шаҳрисабз тумани собиқ ҳокими ва тумандаги унинг истеъфоси ортидан чиққан иддаолар, хусусан, Хидировнинг тергов изоляторида вафот этгани хусусидаги иддаолар ва бу иддаоларнинг Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги томонидан рад қилингани ҳақида хабар берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG