Линклар

Сирдарё вилоятида тўрт киши автоҳалокат қурбони бўлди


Автобус ҳалокатига техник носозлик, ҳайдовчи эътиборсизлиги ёки тунда йўл музлаб қолиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Автобус ҳалокатига техник носозлик, ҳайдовчи эътиборсизлиги ёки тунда йўл музлаб қолиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Сирдарё вилоятининг Оқ Олтин туманида автобус ҳалокатга учрагани оқибатида камида тўрт киши нобуд бўлди, уч одам жароҳатланди. Авария сабабини аниқлаш бўйича текширув олиб борилмоқда.



Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда вилоятда йўловчи автобуси ҳалокатга учраганини тасдиқлади.

- Автобус сешанба куни Оқ Олтин туманида ҳалокатга учради. Воқеа бўйича текширув олиб бориляпти,- деди Сирдарё вилоят Ички ишлар бошқармаси вакили.

Россиянинг РИА Новости агентлиги Сирдарё вилоятидаги автобус ҳалокатида 10 киши қурбон бўлганини хабар қилди.



Бироқ Оқ Олтин туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси навбатчиси Шуҳрат Мудумаров Озодлик билан суҳбатда қурбонлар сони 10тадан кам бўлганини айтди.

- Тўрт киши ўлган, уч киши болницага тушган. Автобус ҳалокати кеча (21ноябрда) соат 13:00ларда содир бўлган, деди Оқ Олтин туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими.

Унга кўра, авария бўлган “Мерседес” русумидаги автобус йўловчилар ташиш билан шуғуланиб келган хусусий ширкатга тегишли бўлган.

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимига кўра, автобус Самарқанд шаҳридан Тошкентга кетаётган пайтда ҳалокатга учраган. Лекин ҳалокат қайси вазиятда юзага келганига оид тафсилотлардан бехабар эканини таъкидлади милиция ходими.

Uzmetronom.com Интернет нашрининг ёзишича, Сирдарё вилоятидаги ҳалокат автобуснинг техник носозлиги, ҳайдовчи эътиборсизлиги ёки тунда йўл музлаб яхмалак ҳосил бўлгани оқибатида рўй берган бўлишига оид тахминлар бор.

Сирдарё вилояти Оқ Олтин туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси расмийси текширув давом этаётгани боис авария сабаби кейинроқ маълум бўлишини айтди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати жорий йил бошида эълон қилган маълумотларга кўра, 2011 йил давомида мамлакатда жами 10611та автоҳалокат содир бўлгани оқибатида 2162 одам ўлган, 112228 одам жароҳат олган.

Ўтган йил давомида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари бузилиши билан боғлиқ 3 миллион 896 мингта ҳолат қайд этилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG