Линклар

logo-print

Янги авлод таржимонлари Россия наркополицияси хизматида


“Этнос” аппарати ёзиб олинган телефон суҳбатларни таржима қила олиши айтилмоқда.

“Этнос” аппарати ёзиб олинган телефон суҳбатларни таржима қила олиши айтилмоқда.

Наркотиклар назорати бўйича Россия Федерал хизмати (ФСКН) телефон суҳбатларини ёзиб олишга мўлжалланган “Этнос” полиглот-аппаратини ишга туширди. Бу аппарат ФСКН ходимларига турли тилларда, жумладан, ўзбекчада суҳбатлашаётган шахсларнинг гапини синхрон таржима қилиб бериш имкониятига эга экани айтилмоқда.



“Этнос” деб номланган эшитиш мосламаси нафақат овозни ёзиб олиш, балки қайси тилда сўзлашилаётгани аниқлаб, айни пайтда, рус тилига таржима қилиш қобилиятига эга.

Янги овоз эшитиш воситаси Россия наркополицияси буюртмаси асосида Санкт-Петербургда жойлашган “Нутқ технологиялари маркази” томонидан ишлаб чиқилган, дейди Озодликка ўзини таништирмаган илмий-тадқиқот ширкати ходими.

- Бу мослама ФСКН буюртмаси бўйича бизнинг ташкилотимизда ишлаб чиқилди. Улар билан тузилган давлат контрактига кўра, биз бу аппарат тўғрисида сир сақлашимиз зарур, чунки “Этнос” ҳуқуқлари тўлиқ ФСКНга тегишли,- дейди аппаратни ихтиро қилган ташкилот вакили.



Москва шаҳри бўйича Наркотиклар назорати хизмати бошқармасида овозни ёзиб олмаслик шарти билан бундай аппарат ҳақиқатан идоранинг аудиоэкспертлари томонидан кенг қўлланилаётгани ва ўзбек, тожик, қирғиз, циган, озар, литва тилларни фарқлай олиши ва таржима қилиб бериши мумкинлигини тушунтиришди.

Айтилишича, “Этнос” аслида бу каби аппаратларнинг иккинчи авлодидир. Мутаҳассисларга кўра, биринчи авлод эшитиш мосламалари наркосавдо билан шуғулланаётган шахсларнинг овозларини ёзиб олишга ва тилни аниқлаштириб беришга мўлжалланган бўлган.

Янги аппарат мураккаброқ бўлиб, русча бўлмаган оддий кундалик гап-сўзларни ажратиб, банг савдосига оид муҳим маълумотлар ҳақида гап кетаётганида ўзи ёзишга киришиши ва полиция ходимларига сигнал бериши мумкин экан.

Демография, миграция ва минтақавий тараққиёт Институти назорат кенгаши раиси Юрий Крупнов “Этнос”нинг асосан Марказий Осиё тилларига мослашгани тасодиф эмас, чунки Россияга наркотиклар асосан Афғонистондан оқиб келади, дейди.

- Афғон наркотикларининг Россияга келаётган шимолий контрабанда маршрути айнан шу мамлакатлар ҳудудларидан ўтади, ва шу мамлакатлар тиллари бу каби аппаратлар тузилишида ишлатилиши табиийдир. Афсуски, банг савдоси этник характерга эга эканини тан олишимиз керак, дейди Юрий Крупнов.

Наркотиклар назорати бўйича Россия Федерал хизмати маълумотига кўра, Россияга кириб келаётган афғон наркотикларининг 90 фоизи Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари ёки шу мамлакатдан чиққан Россия фуқаролари томонидан олиб кирилмоқда. Қўзғатилган жиноий ишлар асосида ФСКН ходимлари Россия ичкарисида наркотикларни тарқатиш билан асосан циганлар шуғулланаётганини хулоса қилмоқда.

Наркополициячилар Россия наркотик савдоси билан шуғулланувчи шахсларнинг барчаси рус тилини яхши билишига қарамасдан, ўзаро олди-берди ишларида улар ўз тилида сўзлашишга одатланган, шу сабабли бундай вазиятларда “Этнос” полиглот мосламаси жуда қўл келаётганини таъкидламоқда.

Наркополициячилар овозни ёзиб олиш ва уни фоноскопик экспертизаси охирги тўрт йил давомида 400 зиёд суд маҳкамаларида ишлатилгани ва юздан зиёд наркосавдогарлар айбларини исботлашда ёрдам берганини очиқлашди.

ФСКН раҳбари Виктор Иванов матбуот олдида қилган чиқишларидан бирида Россияда наркотиклардан йилига 126 минг ёши 15 дан 34 гача бўлганлар нобуд булаётганини айтди. У 2011 йилда Россияда 46 тонна наркотик мусодара қилингани ва наркотрафикда айбланиб 100 мингдан зиёд одам жиноий жавобгарликка тортилганини қўшимча қилди.

Нарконазорат бошқармасидан олинган маълумотга кўра, наркотикларга қарши курашувчи ходимлар хизматига умумий нархи 5 миллион рубл турадиган яна 15 та “Этнос” аппарати сотиб олинади.

XS
SM
MD
LG