Линклар

Прагага концерт дастури билан келган Гугушнинг Озодлик радиосини ҳам зиëрат қилиши ҳақидаги хабарни радионинг форс тилидаги Фардо радиоси журналистлари ошиғич эҳтирос билан бизга билдиришди.

Радио биносига Фардо радиоси журналистлари қуршовида кириб келган Гугуш хоним энг аввало Озодлик радиоси ўзбек хизмати журналистлари билан учрашди.

Бўғирсоқ шаклида қавилган жигар ранг юмшоқ чарм камзул ва айни чармдан бўлган шляпа кийиб олган Гугуш 62 ëшга кирганига қарамасдан тетик ва ўктам кўринди.

Гугуш хонимга берган илк саволимиз сиз Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова ўзига Гугуша деб таxаллус қўйиб олганидан хабардормисиз, дея сўрадик.

- Xабарим бор. Лос-Анжелесда Гугуша деган ëзув улкан баннер тарзида турганини кўрдим. Мени таниганлар сен концерт бермоқчимисан деб сўрашди. Мен эса бош чайқадим, деди Гугуш.

Бу гаплардан сўнг Гугуш ҳазил оҳангида, "унга (Гулнорага демоқчи) айтиб қўйинглар мен уни судга тортишим мумкин", деди.

Гугуш билан мулоқот чоғида ҳамкасбим Ҳасанжон¸ ўзбекистонликлар Совет даврида темир парда ортида яшаган пайтда сизнинг қўшиқларингизни севиб тинглашган деди.

Бунга жавобан Гугуш "мен ўзбекистонликларни севаман уларга менинг қутловларимни етказинг¸ Гулнора Каримовага ҳам салом айтинг" деди.

Яна бир ҳамкасбим Садриддин форс тилида Гугушга юзланиб, 1977 йилда Гугуш бош ролни ўйнаган “Узундан узоқ тун” филмини ҳаяжон билан томоша қилганини айтиб¸ "ўша пайтда нафақат мен балки минглаб ўзбек йигитлари сизга ошиғи беқарор бўлган", деб таъкидлади.

Бу эътирофдан масрур бўлган Гугуш ҳандон отиб кулиб, уни севган ўзбек ошиқ йигитларига ташаккурларини изҳор қилди.

Шундан сўнг Гугуш Озодликнинг форс хизмати Фардо радиоси журналистлари билан учрашиш мақсадида биздан айрилди.

Озодликнинг форс хизматидаги ўнлаб журналист Эронда фавқуллода машхур бўлган афсонавий санъаткорни гуллар билан қаршилашди.

Фардо радиосининг машхур журналистлари форс тили имкон берганича ҳофизга тасаннолар айтишди.

Сиз туркий тилда ҳам гапирасизми деб савол бердим.

- Албатта гапираман¸ зотан мен озарийман. Отам озарий, онам озарий. Бу тил менинг асл тилимдир,- деди Гугуш.

"Ўзбекистонда сизнинг озарийча “Айрилиқ “ қўшиғингизни чандон севишади. Бугун минглаб оилалар бир биридан айри яшаëтган Ўзбекистон учун бу қўшиқ, айниқса, таъсирчан дедим", мен Гугушга хоразм лаҳжасида.

- Бу қўшиқ менинг туркий халқлар учун ташриф қоғозим, деган Гугуш¸ "қардошим сенинг отинг нима?" деб сўради.

Отимни билгач ўз тасвири туширилган плакатга дастхат қўйиб берди.

Гугуш¸ Гу қуш¸ Оқ қуш¸ Ҳақ қуши

Гугушнинг асл исми Фоиқа Оташин. Гугуш унинг таҳаллуси.

Совет Озарбайжонидан қочиб Эронга ерлашган озарий санъаткор оила Собир ва Насриннинг қизи Фоиқа 1950 йили Техроннинг озарийлар яшайдиган Сариқчашма мавзеида туғилди.

Гугуш 7 яшарлик пайтида отаси билан сахналарда қўшиқ куйлади.

Эронда суратга олинган филмларда суратга тушди.

1971 йили Гугуш Франциядаги Канн мусиқа фестивалида “Retour de la ville” ва “J’entends crier je t’aime” қўшиқларини франшуз тилида ижро қилиб, бош совринни қозонди.

Бу даврга келиб Гугуш Эрондаги энг машхур қўшиқчига айланиб улгурган эди.

Улкан стадионларга йиғилган минглаб Эрон ëшлари “Ман омадаям” қўшиғини Гугушга жўр бўлиб куйлашар эди.

Гугушнинг жарангли овози истиқболига минглаб қўллар чўзилган эди...

Эронда юз берган Исломий инқилобдан сўнг, 1979 йилда мамлакат уламолар кенгаши Гугушга қўшиқ айтишни таъқиқлаб қўйди.

Гугуш 1972 йили ижро қилган “Айрилиқ” қўшиғидаги жумлалар ҳаëт ҳақиқатига айланди.




Гугуш ўзи чандон севган тупроқлардан айрилди.

Кечалар¸ишқингдан ëта билмирам¸
Бу фикрни бошимдан ота билмирам.
Найлайинки сенга ета билмирам.
Айрилиқ¸ айрилиқ¸ Омон айрилиқ....

Гугуш Эрондан чиқиб кетганида Теҳрондаги озарбайжонча газеталар “Оққуш ўз кўлидан айрилди” деб ëзишди.

Ашулачи ўзига таҳаллус сифатида танлаган Гугуш калимаси озарий тилида Гу қуш (Оқ қуш) маъносини беради.

Бу калиманинг яна бир маъноси Ҳақ қуш экани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Айрилиқ қўшиғи

Гугуш бу қўшиқни илк маротаба 1971 йили Бокуда берган концертида ижро қилди.

- Озарбайжон халқ муғомлари тарзида айтилган бу қўшиқ бир зумда бутун дунëдаги туркий халқлар қалбини забт қилди¸- дейди таниқли ўзбек бастакори Дилором Сайдаминова:

- Бу қўшиқ оҳанги¸ қўшиқчининг кучли овози бизни мафтун қилди. Кўп ўзбек қўшиқчилари, жумладан, Насиба Абдуллаева ҳам бу қўшиқни ижро қилишди, дейди Дилором Сайдаминова.

Суҳбатдош Гугушни Ботир Зокиров билан қиëслади:

- Биласизми, Ботир ака ҳам, Гугуш ҳам шарқ тиллари билан бирга француз тилида ҳам қўшиқ айтган. Дардли оҳанг. Қўшиқ айтилмай фақат куй янграб турган пауза пайтидаги ички шиддат. Тингловчини ларзага соладиган шиддат. Буларнинг ҳаммаси Ботир Зокиров билан Гугушни муштарак қиладиган жиҳатлар,- дейди Дилором Сайдаминова.

Айни пайтда, Дилором Сайдаминова ҳозирги ўзбек ëшлари Гугушни билмасликларини ҳам таъкидлади.

Айни пайтда Гугуш АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида яшайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG