Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:38

Исроил ва ҲАМАС ўт очишни тўхтатишди


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон (ч) ва Миср Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Камол Амр, Қоҳира ш., 2012 йил 21 ноябр.
АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон (ч) ва Миср Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Камол Амр, Қоҳира ш., 2012 йил 21 ноябр.

Исроил ва ҲАМАС ҳаракати ўртасида бир ҳафтадан ортиқ давом этган тўқнашувдан сўнг, 21 ноябр куни кечқурун икки томон ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишиб олди. 22 ноябр куни Ғазо минтақасида фаластинликлар бомбардимондан кейин шаҳар кўчаларини тозалаш ишларини бошлади. ҲАМАС пайшанбани байрам куни деб эълон қилди.


Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишувига эришилганини чоршанба куни Қоҳира шаҳрида Миср Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Камол Амр ва АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон эълон қилди.

Клинтон мазкур келишув минтақа хавфсизлиги учун муҳим эканини таъкидлади.

- Бу келишув минтақа учун муҳим босқичдир. Мисрнинг янги ҳукумати бу мамлакатни минтақадаги барқарорлик ва хавфсизлик учун муҳим аҳамиятини белгилаб келган масъулият ва етакчиликни ўз зиммасига олмоқда, дея баёнот берди Ҳиллари Клинтон.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Миср воситачилик қилган ўт очишни тўхтатиш келишувига амал қилиш ҳақидаги АҚШнинг тавсиясини қабул қилганини айтди.

Исроил Мудофаа вазири Эҳуд Барак эса Исроил ҳарбий операциядан кўзланган мақсадга тўла эришганини таъкидлади.

ҲАМАС раҳбари Холид Машъал ўт очишни тўхтатиш келишувини Исроилнинг “тактик мағлубияти” дея атади.

Ғарб ахборот агентликларига кўра, ҳозирда томонлар Исроил Ғазо Секторига жорий қилган блокадани бекор қилиш хусусида сўзлашув олиб бормоқда.

Ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда воситачилик қилган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Исроил ва ҲАМАСни эришилган келишувига риоя қилишга ундади.

Айни пайтда халқаро ҳамжамият Исроил ва ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш келишувига эришганини олқишламоқда.

22 ноябр куни Москвада ўтказилган матбуот анжуманида Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Александр Лукашевич Россия Исроил ва ҲАМАСни келишув шартларига тўлиқ риоя қилишга чақиришини айтди.

- Биз Ғазода ўт очиш тўхтатилганини олқишлаймиз. Музокаралар муваффақиятли тугашини таъминлаган Мисрнинг тинчликпарвар ташаббусини юқори бахолаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз. Биз томонларни оғир-босиқ бўлишга ва қуролли можаро қайтарилишининг олдини олиш учун келишувда белгиланган шартларни тўлиқ бажаришга чақирамиз,- деди Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Пайшанба куни Пекинда ўтказилган матбуот брифингида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Хуа Чунюнг ўз мамлакати Исроил-Фаластин ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишувига эришишда саъй ҳаракат қилган халқаро ҳамжамият ва минтақа давлатларига миннатдорлик билдирди.

- Хитой Исроил ва Фаластин ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришилганини қутлайди. Тинчлик йўлидаги саъй ҳаракатлари учун Хитой халқаро ҳамжамият, айниқса, Миср ва минтақанинг бошқа давлатларига миннатдорлик изҳор қилади, деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Исроил ва ҲАМАС ўртасида саккиз кун давом этган отишмалар пайтида 161 фаластинлик, жумладан, 71 нафар тинч фуқаро, ҳамда 5 нафар исроиллик ўлдирилди.

Исроил ҳарбийлари Ғазо Секторидаги 1500тадан ортиқ нишонга зарба берган. ҲАМАС эса Исроил ҳудудига 1000дан ортиқ ракета отган.
XS
SM
MD
LG