Линклар

"Бунёдкор" ўйинчилари ҳақларини тўла ололмаяпти


“Бунёдкор” энг яхши ўйин кўрсатиб, юқори натижаларга эришган давр клубга “Зеромакс” ҳомийлик қилган пайтга тўғри келади.

“Бунёдкор” энг яхши ўйин кўрсатиб, юқори натижаларга эришган давр клубга “Зеромакс” ҳомийлик қилган пайтга тўғри келади.

“Бунёдкор” футбол клуби ўз ўйинчилари олдида контрактда белгиланган мажбуриятларни тўла бажармаяпти. Бир пайтлар дунёнинг энг қиммат тренерини ёллашга қурби етган “Бунёдкор” жамоасининг бир неча футболчиси Озодликка мурожаат қилиб, шартномада кўрсатилган тўловларнинг бир қисмини ололмаётганларидан шикоят қилди. “Бунёдкор” клуби ижрочи директори Бахтиёр Бобоев Озодлик билан суҳбатда клуб раҳбарияти ва футболчилар ўртасида келишмовчилик юзага келганини тасдиқлади, лекин ўйинчилар олдида клубнинг қарзлари йўқлигини таъкидлади.



“Бунёдкор” футбол жамоасининг бир гуруҳ ўйинчилари Озодликка мурожаат қилиб, шартномада кўзланган тўловларни ололмаётганидан шикоят қилишди.

Озодлик билан овози эфирга берилмаслиги шарти билан гаплашган футболчиларнинг айтишича, бу ерда гап бир неча юз миллион сўм ҳақида кетмоқда. Маълум бўлишича, клуб раҳбарияти ва ўйинчилар ўртасидаги келишмовчилик бир неча ойдан бери давом этмоқда.

Ўйинчиларни хафа қилиб қўйганимиз йўқ!


“Шартномага кўра, ойлик ва мукофотлардан ташқари бонуслар бор, яъни яхши ўйинга ҳисса қўшгани учун қўшимча рағбат тўловлари бўлиши керак. Аввалги йиллар бу пуллар вақтида берилган, лекин бу йил бирор марта ҳам тўланмади”, дейди “Бунёдкор” ўйинчиси.



Айни пайтда, футболчиларнинг айтишларича, уларнинг ойликлари ва мукофотлари берилмоқда ва гап фақатгина қўшимча бонуслар ҳақида кетмоқда. Уларнинг айтишича, “Бунёдкор” клуби бош директори Баҳром Давлатов ва жамоанинг асосий ҳомийси “Узтрансгаз” ширкати вице-президенти Хусниддин Ҳусанов бонус пулларининг берилмаётганини футболчилар сўнгги мавсумда яхши ўйин кўрсата олмагани, жамоа аъзоларига тўланадиган ҳақ учун ажратилган маблағ эса тўла сарфлаб бўлингани билан изоҳлаган.

Ҳақиқатан “Бунёдкор” ўтган мавсумда Ўзбекистон чемпионатида биринчиликни қўлга кирита олмади. Осиё чемпионлар лигасининг ярим финалида Жанубий-Кореянинг “Улсан Хёндай” жамосига ютқазиб қўйди.

“Лекин шартномада бонуслар ўйинга ҳисса қўшганлик учун тўланиши аниқ-тиниқ айтиб қўйилган”, дейди исми сир қолишини истаган футболчи.

“Бунёдкор” футбол клубининг ижрочи директори Бахтиёр Бобоев, Озодлик билан суҳбатда, бир пайтлар дунёнинг энг қиммат тренерни йилига 25 миллион АҚШ доллари ҳақ тўлаб ёллашга қурби етган жамоада келишмовчиликлар юзага келганини эътироф этди. Лекин футболчилар илгари сураётган даъволар асоссиз, дейди суҳбатдошимиз.

- Бу масала бўйича нимада..., нима дейди..., қарзимиз йўқ деса ҳам бўлади. Энди шунақа нима қилинганки, ўша бонуслар, нималар за виполнение задачов дейилганда. Ҳозир болаларга ойликдан, премиелардан қарзимиз йўқ. Кеча ўйинда ютдик, қарзимиз бор. Ойликлар, нимадан қарзимиз йўқ. Аммо контракт бўйича за виполнение задача дейилганда. Масалан чемпион бўлсак, бонус оласизлар, кубокни олсак, бонус оласизлар, Чемпионлар лигасида за удачное виступление лиги чемпионов деган жойи бор. Ўша нарсага тўланадиган нарсани сўраяптида болалар сизлардан.

Вазифани бажаришми, ҳисса қўшиш учунми?


Шу билан бирга, Баҳром Бобоев ўйинчилар шартномаларида, қўшимча рағбат бонуси вазифани бажариш учун эмас, ўйинда ҳисса қўшгани учун тўланади, деб ёзилганини тан олди. Лекин бонус тўлаш ёки тўламаслик қарори клуб ихтиёрида қолади, дейди “Бунёдкор” ижрочи директори.

- Контрактда за вклад дейилган. Контрактда пункти ҳам борда. Клуб платит неплатит клубнинг нимасига, за вклад деган жойи бор. Команда сиз айтгандай бутун дунëга машҳур команда. Биринчи титул бўлиши керак, чемпион бўлиши керак эди. Иккинчи задачамиз Ўзбекистон кубогини ютиш. Бизда финалга чиқсак, иккинчи ўринни олсак деган жойи йўқ. Бизнинг жамоа доим биринчи ўринда бўлиши керак. Шунақа қўйилган. Учинчи задачамиз лига чемпионовда удачное виступление лиги чемпионов. Лига чемпионовда удачний виступление қилдик. Учта задачадан биттасини бажарганмиз. Ҳозир кубок ўйини қолаяпти. Кубок ўйини Худо хоҳласа нормалний бўладиган бўлса, ҳеч қанақа проблема бўлмайди. В любом случае, албатта тўлаймиз деган жойи йўқда,- дейди Баҳром Бобоев.

“Бунёдкор” жамоаси футболчилари маош ва мукофот пулларини қўшиб санаганда ойликлари анчага боради, уларнинг норозилиги сабабини тушиниш қийин, дейди яна суҳбатдошимиз.

- Йўқ, ўйинчилар хафа бўлмаган у даражада. Ойлиги, премиеси нормалний. Ўзбекистон учун нормалний нима олишади болалар ҳаммаси,- дейди “Бунёдкор” клуби раҳбари.

Шахси сир қолишини сўрган футболчиларнинг айтишларича, ҳар бир ўйинчи шартнмоа имзолаган пайтда, ойликдан ташқари ана шу бонуслар тўланишини командада ўйнаш учун рағбат сифатида кўради. “Агар бу арзимаган пул бўлганида мурожаат қилмас эдик”, демоқда футболчилар.

Улар “Бунёдкор” клуби раҳбариятига бир неча марта мурожаат қилиб, ҳақларини ундира олмагач, Ўзбекистон Футбол федерациясига арз қилганини айтишмоқда.

“Лекин, Ўзбекистондаги қонун-қоидаларга кўра, Футбол федерацияси бизнинг ҳақимизни ҳимоя қила олмаслиги маълум бўлди. Судга мурожаат қилишни ҳам ўйлаб кўрдик, лекин бундан бирор натижага эриша олишимизга ҳам ишонч йўқ”, деди футболчилардан бири.

Шундан кейин маълум бўлишича, 15 ноябр куни футболчилар норозилик тарзида, график бўйича машғулотга чиқишдан бош тортган. Жамоанинг бош мураббийси Миржалол Қосимов шогирдларидан алоҳида илтимос қилгачгина, ўйинчилар икки соат кечикиб, машғулот бошлаган.

"Бунёдкор"нинг олтин даври


“Бунёдкор” футбол жамоаси 2005 йилда, собиқ “Зеромакс” ширкати таркибидаги “Нефтгазмонтаж” корхонаси молиявий кўмагида “Қурувчи” номи билан тузилган. 2007 йилдан бери олий лигада ўйнай бошлаган “Қурувчи”га 2008 йилда “Бунёдкор” номи берилди.

“Бунёдкор” жамоаси энг яхши ўйин кўрсатиб, юқори натижаларга эришган давр клубга собиқ “Зеромакс” ширкати ҳомийлик қилган пайтга тўғри келади.

Ўшанда “Бунёдкор” клуби дунёдаги энг қиммат тренерни ёллагани билан танилди. 2009 йилда бразилиялик машҳур мураббий Луис Филипе Сколари билан тузилган шартномага кўра, йилига 25 миллион АҚШ доллари миқдорида маош тўланди. Бундан ташқари жамоа сафида Ривалдо, Денилсон, Жоао Виктор, Луиазо, Стевица Ристич каби жаҳон футбол юлдузлари тўп сурган. Уларнинг контрактлари ҳам миллионлаб АҚШ долларини ташкил қилгани айтилади.

Бироқ “Зеромакс” ширкати 2010 йилда синиши ортидан номдор тренер ва футболчилар “Бунёдкор”ни тарк этди.

“Бунёдкор” жамоаси сўнгги мавсумда олдига қўйилган вазифани бажара олмаганига ва футболчилар молиявий рағбатлантирилмаётганига молиявий қийинчиликлар сабаб бўлдими, деган саволга клуб ижрочи директори Баҳром Бобоев “Бизда ҳеч қачон молиявий қийинчилик бўлмаган”, дея жавоб берди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG