Линклар

logo-print

Ҳар куни дунё бўйлаб минглаб катта-кичик амалдор қўл остидаги бошқа минглаб амалдорни ишдан бўшатади.

Ишдан бўшатганнинг ҳам, бўшатилганнинг ҳам ўз ҳақиқати бор.

Томонларнинг “ҳақиқатлари” бир-бирига мос келмай қолганда қонун ишга тушади, судлар аралашади.

Лекин суд қарорлари ҳам иш бермай қолсачи?

Бугун ана шундай бир можаро тўғрисида ҳикоя қилмоқчимиз.

Озодликка бир йилнинг ичида битта амалдан тўрт марта бўшатилган жиззахлик мактаб директори арз қилди.

Ишдан бўшатилаверадиган директор

“Қурбонова Иззатой Сафарбековна. Ëшим 50да. 29 йиллик педагог фаолиятим бор. Мутахассислигим хориж тили ўқитувчисиман. 5 йиллик директорлик фаолиятим бор. Зарбдор туман 2-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида ишлаб келаëтган эдим 2009 йилдан буëн. 2011 йилда бизга вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи бўлиб келган Қуроқбой Эргашев Ялғашевич. Олий Мажлис Сенати аъзоси. Келгандан буëн мен билан курашиб келаяпти. Билмайман нимага. Уч марта ишга тикланиб, уч марта бўшатишди. Ҳозирги кунда ҳам бўшман”.



Мактаб директорининг бу гапларига аввалига, тўғриси, ишонгимиз келмади.

Қандай қилиб, битта раҳбарнинг ўзи бир ходимни бир йилнинг ичида 3 марта ишдан бўшатиши мумкин?

Бу шубҳа бизни Иззатой Қурбоновадан ишдан бўшатилгани саналарни бирма-бир айтиб беришини сўрашга мажбур қилди.

Ҳайдалишлар ва тикланишлар хроникаси

Яхшиям сўраган эканмиз, ишдан бўшатилаверишию қайта тикланаверишлари ҳисобини ҳам йўқотиб қўяёзган Иззатой Қурбонованинг бир йил давомида 3 марта эмас, балки 4 марта ишдан бўшатилгани маълум бўлди.

- Биринчи бўшаганим 2011 йил 2-сентябрдаги 117-К сонли буйруғи билан бўшаганман. Кейин 2011 йилнинг 27-октябрида суднинг ҳал қилув қарори билан яна ишга тиклаб қўяяпти. Ишладим. Кейин яна 2012 йил 3-май кундан эгаллаб турган лавозимимдан яна бўшатаяпти бошқарманинг 60-К сонли буйруғи билан. Орада яна 2012 йил 30-майда ўзининг буйруғини ўзи бекор қилаяптида ишга тиклаяпти¸ ўз-ўзидан ҳеч кимга мурожаат қилмасам ҳам. Нотўғри чиқариб қўйганини сезганми билмадим. 2012 йил 31-майдан яна мен иш бошладим. 2012 йил 11-июнда 74-К сонли буйруғи билан яна эгаллаб турган лавозимимдан озод қилди. 2012 йил 3-сентябр куни яна тикландим. 3-сентябрдан 1-ноябргача ишладим. 1-ноябрдан яна ишдан озод қилиб қўйишди.

Озодлик: Сиз айтган саналарда адашдингизми ëки йўқми текширамиз. 2011 йил сентябрда ишдан бўшатди, 2011 йил ноябрда қайта тиклади, 2012 йил май ойида ишдан бўшатди, 2012 йил май ойида яна қайта тиклади, 2012 йил июнда ишдан бўшатди, 2012 йил сентябрнинг бошида яна тиклади, 2012 йил ноябрда яна қайтадан бўшатди. Ҳаммаси бўлиб тўрт марта ишдан ҳайдалибсиз-а?

- Ҳа.

Озодлик: Адашмаяпсиз-а?

- Йўқ, йўқ, ҳаммасини тўғри айтдим, деди Иззатой Қурбонова.

Бир йилда 4 марта ишдан олиниб, 3 марта қайта тикланган Иззатой Қурбонова билан суҳбатга бироздан сўнг яна қайтамиз.

Ҳозир эса, мактаб директори билан уни тўрт марта ишдан олган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўртасидаги яна бир амалдор – Зарбдор туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими (собиқ халқ таълими бўлими) мудири Рустам Мисиров билан ўтказганимиз суҳбатни тингланг.

Директорнинг туман даражасидаги раҳбари билан суҳбат

Жаноб Мисиров билан савол-жавобимиз бошлангунича Иззатой Қурбонованинг 4 марта ишдан олинганини аниқлашга улгурмаган эдик. Шунинг учун дастлабки саволимиз бундай бўлди.

Озодлик: Уч марта бўшатилгани ропстми?

- Уч марта бўшатилгани рост.

Озодлик: Уч марта бўшатилди дегани олдинги икки мартаси қайта тикланди деганида.

- Судлашиб нима қилаяпти. Бошқарма билан боғлиқ нимада у. Ҳақиқатан ҳам вазиримиз келиб таълим-тарбияни ўрганиб кетган жараëнда ҳақиқатан бу ерда таълим даражаси суст эканлиги, муҳит ҳам яхши бўлмаганлигини нима қилган эди.

Озодлик: Конкрет мисоллар билан айтиб бера оласизми? Муҳитнинг нимаси ëмон? Нималарда кўринади муҳитнинг ëмонлиги?

- Биринчидан, группа группага ажраб кетган. Табақаларга бўлиниб кетган.

Озодлик: Демак, мактаб ўқитувчилар коллективи гуруҳ-гуруҳга бўлиниб кетган.

- Ҳа.

Озодлик: Гуруҳларга бўлиниб, нима бир-бири билан урушадими, можаро қиладими, жанжал қиладими? Нима дегани бу?

- Энг асосий нарса таълим-тарбияда энди. Муҳитга нима эмас. Асосий нимаси таълим-тарбияда энди у ерда.

Озодлик: Ўқитувчилар ўқувчиларга яхши таълим-тарбия бермаяптими?

- Ўқувчиларга таълим-тарбия бериш суст. Сустлашиб кетган.

Озодлик: Кўрсаткичлар пасайиб кетганми?

- Кўрсаткичлар жуда ҳам паст.

Озодлик: Шу асосда ишдан бўшатилибди. Лекин суд яна қайта тиклабдику ишга.

- Суд яна қайтадан тиклади. Кейин суднинг нимасига хулоса қилиб бошқармамиз ҳам суд томонидан яна олиб ташланди.

Озодлик: Суд олиб ташладими ишдан?

- Суд орқали яна кетди ишдан.

Озодлик: Иззатой Қурбонова “Ўзи аслида менга туман халқ аълими бўлими мудири қарши эмас. Менга сенатор Эргашев қаршилик қилаяпти. У киши ўзининг қариндошиними, танишиними ишга қўймоқчи менинг ўрнимга. Шунинг учун ишдан олаяпти” дейди. Нима дейсиз шунга?

- Менга асосан у ерда иш кетса бўлди ким бошқаришидан қатъий назар. Ҳеч кимга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Иззатой опага ҳам ҳеч қандай анави ниятим йўқ. У ерда иш нима кетса бўлди. Бошқа ҳеч нимам йўқ, эътирозим ҳам йўқ унга.

Озодлик: Ҳозир Иззатой Қурбонова ишлаган мактабда директор борми?

- Вақтинча директор бор. Асосан опа билан бошқарманинг бўлими ўртасида бўлаяптида. Иккаласи бир-бирини тушунмаяпти.

Озодлик: Муаммо опа ва вилоят бошқармаси ўртасида бўлаяпти-а?

- Мен келмасдан олдин бўлган можаро. Қандай бўлган, қандай қўйган у ëғи менга қоронғу. У можаро мендан олдин бўлган.

Озодлик: Сизга қолса, Иззатой Қурбоновани қайта ишга тиклаган бўлармидингиз?

- Бу нарсангизга ожизман лекин. Ишга тиклаш тикламаслик менинг ваколатимда йўқ. Менинг ваколатимга кирмайдида ака, деди “Жамият ва қонун” эшиттириши саволларига жавоб берган Зарбдор туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Рустам Мисиров.

Ҳа, мудир айтганидай, мактаб директорини ишга тайинлаш ваколати вилоят бошқармаси бошлиғига берилган.

Жаноб Мисировнинг “Қурбоновага ҳеч қандай эътирозим йўқ”, деганига, муаммо тўғрисида гапирар экан, уни “Опа билан бошқарма ўртасидаги можаро”, деб баҳолаганига эътибор бергандирсиз.

Яна унинг айтишича, мактабда гуруҳбозлик авж олган ва таълим-тарбия сифати пастлаб кетган.

Келинг, энди яна Иззатой Қурбонова билан суҳбатга қайтайлик.

Мисировнинг гапларидан пайдо бўлган саволларга Қурбонова жавоб берди

Озодлик: Энди бир чеккадан айтиб беринг. Биринчи ишдан олинганингизда нима айблов билан олиндингиз, иккинчисида нима бўлди ва ҳоказо.

- Биринчисида ҳам Меҳнат кодексининг 100-моддаси билан фақат мени ишдан озод қилади. 100-моддасининг 3-банди узлуксиз равишда ижро интизомини бузган эканман, ободонлаштиришни қилмаган эканман, лекин бирор марта мени огоҳлантирмаган. Иккинчи марта ишдан олганда ҳам яна шу 100-моддани қўяяпти. Ҳаммасида шу 100-моддани қўйишади. Бошқа йўқ. Фақат охирги буйруғида Вилоят халқ таълимининг 18-апрелдаги йиғилиши баëнномаси деб қўяяпти асосга. У йиғилиш баëнномасида “Ижро интизомини сусайтирганлиги, меъëрий ҳужжатларни юритиш талабларини бузганлиги, ўқув лаборатория жиҳозларидан самарали фойдаланмаганлиги, бошқарув тизимида масъулиятсизликка йўл қўйганлиги” деяпти. Шуларни айтаяптида, мени огоҳлантирмаяпти. Менга кўрсатмаяптида. Ўқув жиҳозлари билан жиҳозланмаган бўлса мен айбдормаску. Улар таъминлаб бериши керакку. Масалан кимë кабинети йўқ иқтидорли болалар мактабида, спорт зали йўқ. Мен уларга мурожаат қилганман. Синиқ, эски парталар бор. Неча марта хат билан чиққанман шуларни таъминлаб беринглар деб.

Озодлик: Сизнинг мактабингиз иқтидорли болалар мактаби-а?

- Ҳа, иқтидорли болалар мактаби. Асосан гуманитар йўналишда.

Озодлик: Мен Рустам Мисиров билан гаплашдим. Хабари бор экан сиз билан бўлаëтган ишдан. У киши “коллективда гуруҳбозлик бор, ўқувчиларга таълим-тарбия бериш сифати жуда пасайиб кетган” деди. Балки чиндан ҳам шундайдир?

- Йўқ, энди масалан, майли келиб кўришсин. Гуруҳбозлик йўқ бизларда. Ўқувчимиз олимпиадага чиқаяпти. Бунақа паст эмас. Вилоятдан туманга, тумандан республикага чиққан ўқувчиларим бор.

Озодлик: Сизнинг назарингизда, сизнинг ишдан бўшатилишингизнинг асл сабаби нимада?

- Менинг назаримда менинг жойим уларга керак.

Озодлик: Нима қилади сизнинг жойингизни?

- Ўзларининг одами борда битта.

Озодлик: Демак, сизни ишдан бўшатишдан мақсад сиз эгаллаб туган лавозимни бошқа одамга олиб бериш.

- Бериб қўйган уже шу одамга. У одам бир марта судланди. Газеталарга чиқди. Газеталарни ҳам сизга факс қилиб жўнатишимиз мумкин. Қуроқбой Эргашевни ҳам менинг манфаатимни кўзлаб ҳимоя қилган Ишинч газетасига мақола билан чиқди. Ўрнимга қўйган одами мактабдаги обуна пулларини ишлатиб қўйган, еб қўйган. Ана шуни ўқитувчилар ëзган суд департаментига. Улар ҳам исботланиб, газетада чиқиб кетди ана шу нарсалар. Лекин яна шу одамни олиб келиб қўяяпти. Шунчалик факт биланда. Менинг ҳуқуқимни поймол қилиб, оëқости қилиб, хўрлаб, мен Озодликка ҳуқуқим поймол бўлгани учун ëрдам сўраб мурожаат қилаяпман, деди Иззатой Қурбонова.

Саргардонлик йўлида ёруғ нуқталар ҳам йўқ эмас

Иззатой Қурбонованинг бир йиллик саргардонлигида ёруғ нуқталар ҳам йўқ эмас: касаба уюшмаси унинг ёнини олди, суд эса, бир эмас икки марта унинг фойдасига қарор чиқарди.

Лекин...

- Кейин у вилоят судига аппеляция ëзаяпти охиргисида. Лекин бирор марта судга қатнашгани йўқ. Иммунитет бор, бормайман, деяптида. Судяларга ҳам, ижрочи болаларга ҳам шунақа деяпти.

Озодлик: 2011 йил ноябрда суд қарори билан тикландингиз. Иккинчиси қачон суднинг қарори билан?

- Иккинчиси 2012 йил 3-сенятбр. Туманлараро суднинг қарори билан тикланган эдимда 2012 йил 3-сентябрда. У вилоят судига аппеляция ëзаяптида. Ундан олдин Олий судгача ëзган эди, мен қайтиб тикланиб келдимку. Вилоят судига аппеляция ëзаяптида, уч марта бўлди бормади. Охиргисида судга бораяптида. Шундай қаердандир қўнғироқ бўлдими “Бу киши сенатор экан” деб олиб кириб кетаяптида. Судялар менга бир паст назар билан қараяпти. Уни олиб кираяптида унга савол бераяптида. Менга даже савол ҳам бермади. “Опа, шундай. Бекор қиламиз туманлараро суднинг ҳукмини” дедию чиқариб юборди, деди Иззатой Қурбонова.

Иззатой Қурбонованинг айтганларидан унинг раҳбари – Жиззах вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи, сенатор Қуроқбой Эргашевга бериладиган бир қатор саволлар пайдо бўлди.

Жаноб Эргашев билан боғланишга бир неча кун ҳаракат қилдик.

Котибаси бир гал “Домла йиғилишга кетгандиларку” деса, бошқа гал “Домла Тошкентга кетганлар” деди.

Сенатор Эргашев билан қисқа мулоқот

Ниҳоят сенатор домла Эргашев билан у киши Жиззахдан Тошкентга кетаётган пайтда боғландик.

Саволларимизга жавоб беришга розилик берди. Кейинроқ, Тошкентга етиб олганидан сўнг қўнғироқ қилишимизни сўради. Бироқ кейин ишлари кўпайиб кетдими, ҳар ҳолда телефонини очмади.

Директор фаррошлик қилишга ҳам рози

Жиззах вилояти, Зарбдор туманидаги 2-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабининг бир йилда лавозимга 3 марта қайта тикланиб, 4-марта яна бўшатилган собиқ директори Иззатой Қурбонова билан суҳбатлашар эканман, у кишининг арзи лавозимсиз қолгани билангина боғлиқ, деб ўйлаган эдим.

Бир соатдан ортиқ чўзилган суҳбатимиз якунига етай, деб қолганида у киши айтган гап санатор Эргашевга бериладиган саволлар тизмасига яна бир савол қўшдики, у домладан сўраладиган энг катта савол бўлади.

- “Ҳеч бўлмаса ўқитувчи бўлишим мумкинку. Кўчада юрмайманку. Аëл кишиман, рўзғорим, бола-чақам бор. 30 йиллик фаолиятим бор. Яна беш йилдан кейин пенсияга чиқаман” деяпман. “Йўқ, ишламайсан” дейди. “Мактабда ўқитувчи бўлсам мумкинми?” десам, эшитишни ҳам хоҳламайди. Уч-тўрт ойлаб ойлик олмайман. Шунақа бекор юраман. Шунинг учун сиздан бир марта илтимос. Президент девонига ҳам хат билан чиқдим.

Озодлик: Сиз оддий ўқитувчи бўлиб ҳам ишлашингиз мумкин эмасми?

- Йўқ, ҳеч бўлмаса буйруққа шунақа деб ҳам бермаяптида. Мактабга киргизмайди. Шу гапимни исботлайман. Мана кўчада юрибман. Президент девонига ҳам хат билан чиқдим. Мурожаат қилмаган ташкилотим қолмади.

Озодлик: Қайси числодан бери ўқитувчилик ҳам қила олмаяпсиз?

- Ҳар доим бўш қолган ойларимда бекор юраман. Халқ таълими бўлими мудирига “Битта фаррошлик бўш эди. Ҳеч бўлмаса фаррошликни ўзимга бер. Ишлаб турай” десам, “Йўқ” дейди. Устимдан кулади қанақадир.

Озодлик: Ким йўқ деб кулади?

- Қуроқбой Эргашев ҳам, Мисиров ҳам, деди Иззатой Қурбонова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG