Линклар

logo-print

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи эксперти Прасад Конор Ўшда ўзбеклар ҳуқуқи бузилгани тўғрисидаги маълумотларни тўплагани учун Миллий хавфсизлик хизмати томонидан миллатлараро низо чиқаришга ҳаракат қилганликда айбланмоқда.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати тарқатган маълумотда айтилишича, Прасад Конор Ўшда ўзбек миллатига мансуб фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани тўғрисидаги маълумотларни йиғиб, миллатлараро низога туртки бериши мумкин бўлган фаолият билан шуғулланган.

Прасад Конор дипломатик даҳлсизликка эга бўлгани учун у тинтув қилинмаган. Аммо Конорга хизмат кўрсатиб юрган такси суд рухсати билан текширилган. Текширув давомида таксида топилган Конорга тегишли ҳужжатлар ўрганилганида, улар миллатлараро низо қўзувчи материаллардан иборат экани аниқланган.

Миллий хавфсизлик хизматининг билдиришича, Прасад Конор кўпдан бери махсус хизмат кузатувида бўлган.

Бош қароргоҳи Брюсселда жойлашган Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи расмийси Эндрю Сторлайн Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ташкилот экспертига нисбатан ноқонуний ҳаракатлар қилганини билдирди. Унга кўра, шу муносабат билан Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи Қирғизистон Бош прокуратурасига ариза билан мурожаат қилган.

-Биз Қирғизистон Бош прокуратурасига расман ариза ёздик. Бизнинг экспертимиз Прасад Конорни Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари тинтув қилиб, миллий қонунчиликни бузган. Биз Қирғизистон президентига ҳам мурожаатнома ёзиб, махсус хизмат ходимларининг ноқонуний ҳаракати юзасидан тергов ўтказишни илтимос қилдик. Албатта, халқаро доирадаги ҳамкорларимизга ҳам ўз ташвишларимизни етказдик, -деб билдирди Эндрю Сторлайн.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи расмийси Қирғизистон миллий хавфсизлик хизматининг ташкилот эксперти миллатлараро низо чиқаришга урингани тўғрисидаги иддаолари асоссиз эканини ҳам таъкидлаб ўтди.

Айни пайтда қирғизистонлик бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари махсус хизматнинг халқаро ташкилот вакили фаолиятига тўсқинлик қилганига норозилик билдирмоқда. Бишкекдаги “Қилим шами” нодавлат ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасуловага кўра, Миллий хавфсизлик хизмати ўз ҳаракати билан мамлакатнинг демократик давлат сифатидаги обрўсига путр етказди.

- Июн воқеаси оқибатларини ўрганиш ишига тўсқинлик қилинган сари Ғарбда Қирғизистон нималарнидир яширмоқда деган тасаввур кучайиб бораверади. Тадқиқотчининг тўплаган материалларини тортиб олиб, уни экстремистга тенглаштириш тўғри эмас. Душманни бошқа жойдан изласалар бўлар эди. Бу воқеа Миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг нақадар савияси паст эканлигини кўрсатди, - деди Азиза Абдурасулова.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, айни пайтда Прасад Конорга нисбатан миллий ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида чора кўриш масаласи ўрганилмоқда. Прасад Конор “исталмаган шахс” сифатида Қирғизистондан чиқариб юборилиши мумкин.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи мустақил нодавлат ташкилоти ҳисобланади. Ташкилот низоларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш йўналишида тадқиқотлар олиб боради. 1995 йилда ташкил этилган мазкур ташкилот дунёнинг 34 мамлакатида фаолият юритади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG