Линклар

Қашқадарёда ҳокимлик вакили пора билан қўлга олинди. Тошкентдаги кредит уюшмаси ҳиссадорлари пулини ололмаяпти. Америкада уч йил қамоқда ўтирган ўзбекистонлик айблов сохта деб ҳисоблайди. Жорий ҳафта матбуот нашрлари шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Кредит уюшмаси ҳиссадорлари cарсон бўлмоқда”

Тошкент шаҳри Шаҳрисабз кўчаси 15-уйда жойлашган “Инвест кредит” кредит уюшмаси ҳиссадорлари ўз пулларини ололмаяпти (“Новый век”, 22 ноябр). Кредит уюшмаси 2011 йилнинг 9 июлида Марказий банк хатига асосан тугатилган.

Уюшмани ёпиш пайти ҳиссадорларга бу ҳақда хабар берилмаган. Кредит уюшмаси маблағини шакллантирганлар бойлар эмас, балки бир сиқимгина пулини сақлаш ва кўпайтириш илинжида юрган юпқақўл одамлар. Газетага кўра, мушкул вазиятда қолган ҳиссадорларга мутасадди ташкилотлар ҳам ёрдам бермаяпти.
“Кредит уюшмалари фаолиятини мувофиқлаштиришга масъул бўлган Ўзбекистон Миллий банкининг ўзини четга олаётгани тушунарсиз. Кўплаб ҳиссадорларнинг айтишича, уларнинг мурожаатларига аллақачон тугатилган кредит уюшмаси жавобгар экани ҳақидаги, ўртамиёна мансабдорлар имзолаган жавоблар келмоқда.

Прокуратура идораси ҳам кредит уюшмаларини тугатиш бўйича муддат (бу муддат қачон тугатиши ҳам номаълум, бир йилдами, бир ярим йилдами ё икки йилда?) якунланмагунча, жиноят иши қўзғатишни рад этмоқда”.

Газетага кўра, мутасадди молия ташкилотлари кредит уюшмаларининг ёпилиш сабабини оммавий ахборот воситалари орқали очиқ-ойдин маълум қилиб, аҳолига ахборот берганида, бунчалик сарсонгарчилик юзага келмасди.

Тадбиркордан пора олган масъул қамалган

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри ҳокимлиги иқтисод бўлими мутахассиси Б.Ҳалимов фуқаро О.Бозоровадан тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказиш ва кредит расмийлаштириб бериш эвазига 5000 доллар пора талаб қилган (“XXI аср”, 22 ноябр). Ҳокимлик расмийси жиноят устида қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан тергов олиб борилмоқда.

Шунингдек, Касби туман архитектура қурилиш бошқармаси бошлиғи Ш.Шерғозиев фуқароларнинг тадбиркорлик иншоотлари барпо этиш учун ер ажратиш ҳақидаги аризаларини ойлаб пайсалга солгани сабабли моддий жавобгарликка тортилган.

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, жорий йилнинг 9 ойида маҳаллий ҳокимликлар, банк ва лойиҳа-қурилиш ширкатлари томонидан тадбиркорлар ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари аниқланган. Мазкур ҳолатлар бўйича 17 мансабдор огоҳлантирилган, 9 нафари интизомий, 8 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган, 10 та жиноят иши очилган.

“Америка турмасида 3 йил ўтирган Фозилов жазодан норози”

Америкада фирибгарлик жиноятида айбланиб уч йил қамоқда ўтирган ўзбекистонлик Илҳом Фозилов унга нисбатан жиноят иши сохталаштирилган деб ҳисоблайди (“Даракчи”, 22 ноябр). Илҳом Фозилов Америкада бир неча йил давомида турли меҳнат фаолияти билан шуғулланган. Меҳнат ҳуқуқига эга бўлиши мақсадида АҚШ фуқароси, ўзидан анча ёши катта Жанет Андерсонга уйланган.

Аммо америкалик қаллиғи ундан тинимсиз пул талаб қилавергач, ажрашган. 2009 йилда Ўзбекистонга қайтаётганида аэропортда фирибгарлик айби билан қамоққа олинади. Канзас Сити шаҳри округ суди уни Фозиловни 3 йилга озодликдан маҳрум этади. Фозилов қамоқхонадан ўтириб БМТ, Ўзбекистон ва АҚШ президентларига ёзган шикоятлари ташқарига чиқарилмаганини ҳам иддао қилган.

Газетага кўра, чет эл фуқароларининг поймол этилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўрнига АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари муҳожирлардан ўз манфаатлари йўлиди фойдаланмоқда. “АҚШ ҳукумати томонидан турмада сақланаётган ҳар бир ноқонуний маҳбус учун кунига 140 АҚШ долларидан маблағ ажратилади. Бундай “ўлжа”дан фойдаланмаслик, АҚШ муҳожирот хизмати ходимлари, федерал судялар ва прокурорлар учун кечириб бўлмайдиган ҳолат бўлиб, улар атайлаб депортация муддатини чўзиш ҳаракатида бўлишади.

Натижада кўплаб юртдошларимиз ойлаб давомида АҚШ турмаларида ҳаёт кечиришди”, деб ёзади “Даракчи” нашри.

“Пенсионерлар ҳаққига кўз олайтирган раҳбар жаримага тортилган”

Самарқанд вилояти Ургут туманидаги “Ватак” алоқа бўлими бошлиғи Баҳриддин Қувонов энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари (22,2 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилди, муайян муддатга мансабдорлик вазифаларидан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди раиси Жаҳонгир Ғайбуллаевнинг “Куч адолатда” газетасига ёзишича, Қувонов шериклари билан ҳужжатларни сохталаштириб, 25 миллион сўмлик пенсия пулларини ўзлаштирган. Мансабдор зарарни тўла қоплагани учун унга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланмаган.

“Туя гўшти еган тўлов”

Сурхондарё вилоятидаги “Музработ пахта” акциядорлик жамияти шу тумандаги “Нормуродов Асилбек” фермер хўжалигига 2011 йил пахта ҳосилидан тўловларни тўламай келган (“Инсон ва қонун” 20 ноябр). Фермер хўжалиги раҳбари суд Р.Ҳайиталиев хўжалик суди орқали 21,6 миллион сўм асосий қарз ва 2,1 миллион сўм пеняни орадан бир йил ўтиб ундиришга эришган.

“Юлғун сотган қонунбузарлар жазоланган”

Қашқадарё вилояти Муборак туманида фуқаролар Бахтиёр Авазов ва Зайниддин Саидов 200 метр кубдан ошиқ юлғунни ноқонуний сотишга уринганда қўлга олинган (“Эко ҳаёт”, 21 ноябр). Табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунбузарликларга қарши рейд Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси нозирлари ва ички ишлар идораси томонидан ўтказилган. Маълум қилинишича, қонунбузарларнинг иши айни пайтда судга юборилган. Муборак тумани Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси катта нозири А.Худойбердиевга кўра, юлғун доривор камёб дарахт саналади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG