Линклар

logo-print
Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатида Тошкентнинг "Пахтакор" жамоаси беш йиллик танаффусдан сўнг биринчиликни қўлга киритди.

Олий лиганинг охирги 26-давра ўйинида “Пахтакор” ўз майдонида “Бухоро” жамоасини 4:1 ҳисоб билан мағлубиятга учратиб, чемпионлик унвонини ёқлади.

21-миллий чемпионатда 59 очко тўплашга муваффақ бўлган “Пахтакор” ўз тарихида тўққизинчи марта Ўзбекистон чемпиони номига сазовор бўлиш учун мусобақанинг охирги даврасигача қаттиқ курашишга мажбур бўлди.

2007 йилда ташкил қилинган ва қисқа фурсатда тўрт карра Ўзбекистон чемпиони бўлишга улгурган “Бунёдкор” эса, бу йил 57 очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Чемпионатнинг охирги учрашувида "Бунёдкор" Қашқадарёнинг "Машъал" жамоасини 2:0 ҳисоб билан мағлуб этди.

Тошкентнинг яна бир клуби “Локомотив” ҳам “Шўртан” жамоасини 4:1 ҳисоб билан ютиб, 49 очко билан турнир жадвалининг учинчи поғонасини эгаллади.

Ўзбекистон профессионал футбол лигаси регламентига асосан бу йил чемпионатда қониқарсиз натижа қайд этган “Андижон (15 очко) ва “Машъал” (23 очко) жамоалари олий лигани тарк этади.

Шу ҳафта бошида "Бунёдкор" жамоасининг бир гуруҳ ўйинчилари Озодликка мурожаат қилиб, клуб раҳбарияти шартномада белгиланган ҳақларини бермаётганидан шикоят қилган эди. "Бунёдкор" ижрочи директори Бахтиёр Бобоев футболчилар келишмовчиликлар чиққанини эътироф этган ҳолда, клуб раҳбариятининг ўйинчилардан қарзи қолмаганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG