Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:12

Миср мухолифати Мурсийга мисли кўрилмаган ваколат берилишига қарши


Муҳаммад Мурсий фармони Миср жамиятидаги зиддиятларни кучайтирган бир пайтда Қоҳирада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди.
Муҳаммад Мурсий фармони Миср жамиятидаги зиддиятларни кучайтирган бир пайтда Қоҳирада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Жума куни Қоҳирадаги ҳукумат идоралари олдига хавфсизлик кучлари ва ҳарбийлар ташланди. Миср мухолифати президент Муҳаммад Мурсийнинг фармони билан жорий қилинаётган конституциявий ўзгартишларга қарши пойтахтнинг Таҳрир майдонида намойиш ўтказиш ниятини билдирди.



Пайшанба куни эълон қилинган фармонга биноан, президентга “инқилобни ҳимоя қилиш мақсадида ҳар қандай қарор ва қонунларни” қабул қилиш ваколати берилиши кўзда тутилган. Шунингдек, фармонда айтилишича, президент томонидан эълон қилинагн “фармон, қарор ва қонунлар якуний ҳисобланади ва муҳокамага ўрин қолдирмайди”.

Миср мухолифати президент Муҳаммад Мурсийга мисли кўрилмаган ваколатни берувчи ўзгартишларга қарши “араб баҳори” инқилобининг бешиги ҳисобланмиш Қоҳиранинг Таҳрир майдонида йирик намойиш ўтказишга тараддуд кўрмоқда.

Пайшанба куни Мусулмон биродарлиги партияси вакили бўлган Муҳаммад Мурсий фармонини қўллаб-қувватловчилар ва унга қаршилар қарама-қарши намойишлар ўтказди.

Фармон президент чиқарган қарорлар қонунийлигининг судда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилади. Исломчи кучлар Мурсийнинг қарорини қўллаб-қувватлаб, Олий суд биноси олдида намойиш ўтказди ва адлия тизимини собиқ президент Ҳусни Муборакка алоқадор шахслардан тозалашга чақирди.

Ислоҳотларни ёқловчи фаоллар эса, Мурсийни диктаторлик ўрнатишга уринаётганлик ва ўтган йилги инқилоб ғояларига хиёнат қилганликда айблади.

Мурсийнинг пайшанба кунги фармони билан жойри қилинаётган ўзгартишлар собиқ президент Ҳусни Муборак ва унинг амалдорларини “араб баҳори” инқилоби пайтида намойишчиларни ўлдирганлик айблови билан қайта суд қилишга йўл очиб беради.

Мазкур ўзгартишлар президентнинг “инқилобни ҳимоя қилишга қаратилган ҳар қандай қарорни якка ўзи қабул қилишига” имкон беради.

Президент матбуот котиби Ёсир Али фармонни телевидение орқали ўқиб эшиттирди.

- Собиқ режим даврида сиёсий ва ижроия иқтидорга эга бўлган ҳамда намойишчиларни ўлдирганлик ва намойишчиларга қарши бошқа жиноятларни содир этганликда айбаланган шахслар устидан тергов ва суд маҳкамалари қайта очилади. Бу бошқа қонунлар баробарида инқилобни ҳимоя қилиш мақсадида ҳам тадбиқ этилмоқда, деди Миср ҳукумати вакили.

84 ёшли Ҳусни Муборак аллақачон умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган.

Президент фармони, йўқ деганда, янги конституция референдум орқали қабул қилиниб, янги парламент сайлангунига қадар кучда қолади.

Унда ҳеч қандай суд қарори ҳозирда конституция лойиҳасини ёзиш устида ишлаётган кенгашни тарқтиб юбора олмаслиги ҳам белгилаб қўйилган. Кенгаш асосан Мурсий доҳил Мусулмон биродарлиги гуруҳига алоқадор Исломчи кучлар вакилларидан иборатдир.

Пайшанба куни эълон қилинган фармон 2011 йил февралида Муборак режими ағдарилиб, жорий йил июн ойидаги сайлов натижасида Мурсий президентликка келганидан бери мамлакат қайси йўлдан бориши лозимлиги хусусида қаттиқ мунозара қилаётган Миср жамиятидаги ихтилофни янада кучатйирадиган кўринади.

Пайшанба куни ислоҳот тарафдорлари бўлган фаоллар ҳам фармонга қарши намойиш ўтказиб, Мурсийни диктаторлик режими ўрнатишга ҳаракат қилаётганлик ва ўтган йилги инқилоб ғояларига хиёнат қилганликда айблади. Атом энергияси халқаро агентлигининг собиқ раҳбари, мухолифат етакчиси Муҳаммад ЭлБарадей Мурсий ўзини Мисрнинг “янги фиръавни этиб тайинлади” дея баёнот берди.

ЭлБарадей Мурсий “бутун давлат ҳокимиятини эгаллаб олди”, дея таъкидлади.

Мурсийнинг фармони, халқаро ҳамжамият у етакчилигидаги Миср ҳукуматини Ғазода Исроил ва Ҳамас ўртасидаги қуролли можарони тўхтатишга ҳисса қўшгани учун олқишлаб турган пайтда эълон қилинди.
XS
SM
MD
LG