Линклар

2000-йиллар бошида Россияда авж олган "шпиономания" касали қурбонларидан бири, таниқли физик олим Валентин Данилов 24 ноябр куни озодликка чиқади. Бироқ 14 ноябрдан бошлаб чет эллик билан мулоқотга киришган ҳар бир россиялик "шпион"га айланиши мумкин.


10 йил қамоқда сақланган россиялик физик олим Валентин Данилов 24 ноябр куни озодликка чиқади.

Хитой фойдасига айғоқчилик қилганликда айбланган олим муддатидан олдин шартли озод қилинмоқда.

Данилов иши 2000-йиллар бошида Россияда авжга минган ва ўнлаб олимларнинг қамалишига сабаб бўлган шпиономания касалининг ёрқин аломатидир.

24 ноябр куни қамоқдан чиқиши кутилаётган физик Валентин Данилов 2004 йили 14 йилга озод ликдан маҳрум қилинган эди.

Мазкур ҳукм ўқилгунича эса, Хитойга махфий маълумотларни етказганликда айбланиб, устидан 2000 йилнинг майида жиноят иши очилган Валентин Данилов 2001 йил февралидан 2002 йил сентябригача тергов изоляторида ўтирган.

2003 йилнинг декабрида қасамёд келтирган маслаҳатчилар ҳайъати уни оқлаган, лекин Россия Олий судининг 2004 йил ноябридаги қарори билан Данилов яна ҳибсга олинган эди.

2004 йил, 24 ноябр куни Валентин Данилов 14 йилга кесилган.

Олимни қамоқдан чиқариш тўғрисидаги қарорни инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва унинг ҳамкасблари олқишлади.

Улар шу пайтгача Даниловнинг қамалиши ортида сиёсий сабаблар мавжудлигини таъкидлаб келганлар.

1946 йилда туғилган Валентин Данилов ўзига қўйилган ҳар қандай айбловни кескин рад этиб келган.

Даниловнинг адвокати Елена Евменова ўз мижозининг кайфияти ва режалари тўғрисида гапирар экан,

-Турмада узоқ муддат ўтирганига қарамай, оқланиши учун ҳаракат қилиш истагини йўқотмагани билиниб турибди, деди.

Бироқ, оқловчининг фикрича, унинг мижози, аввало, қамоқдан ташқаридаги ҳаётга кўникиб олиши керак.

-У оиласи бағрига қайтиб, озод ҳаётга кўникиб олишига тўғри келади. Чунки жуда узоқ вақт тутқунликда бўлди. Бу вақт ичида, масалан, невараси ўсиб, мактабга бора бошлади. Ва умуман, шунча кўп воқеалар бўлиб ўтдики, уларни ўйлаб, хазм қилишига тўғри келади, деди адвокат.

Валентин Данилов Красноярскдаги кучайтирилган режимли қамоқхонадан намунали тартиби ва саломатлиги ночорлиги учун муддатидан 3 йил олдин чиқарилмоқда. Айнан қандай касалга чалингани ноаниқ, бироқ Озодлик радиоси рус хизматига айтишича, унинг кўп тишлари тўкилиб кетган.

Валентин Данилов Владимир Путин президентлик лавозимида биринчи муддат турган пайтда айғоқчиликда айбланган олимларнинг биридир.

Оладиган маошининг озлиги ҳамда тадқиқотлари натижаларига ички талабнинг ўта сустлиги кўплаб ҳамкасблари каби Валентин Даниловни ҳам ҳорижий ширкатлар билан шартнома асосида ҳамкорлик қилишга мажбур қилган.

Қамоққа олиниши арафасида Красноярск давлат университетининг Иссиқлик физикаси маркази директори бўлиб турган Даниловнинг айтишича, у космик тадқиқотлар соҳасида Хитойга қарашли ширкат билан ҳамкорлик қилган ва бу ишни у расмий рухсатнома асосида амалга оширган.

Суд мажлислари давомида Данилов Хитойга бергани материаллар махфий эмаслигини, уларни истаган олим бошқа очиқ манбалардан ҳам олиши мумкинлигини исботлашга уринган.

Ўз вақтида кўпчилик, жумладан таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Людмила Алексеева, Нобель мукофоти лауреати, физик олим Виталий Гинзбурглар Даниловни озодликка чиқаришга чақирган.

Алексеева ҳам, Гинзбург ҳам Данилов ва бошқа олимлар айғоқчиликда айблана бошлаган пайтда уларни ҳимоя қилиш учун тузилган махсус жамоатчилик қўмитасига аъзо бўлгандилар ва айбланаётган олимлар тарқатган маълумотларни “мактаб дарсликларидан топса бўлади”, дегандилар.

Хўш, Валентин Данилов қамоқдан чиққач, яна фанга қайта оладими? Бу саволга кузатувчилар дадил “Ҳа”, дея олмаяпти. Чунки айғоқчиликда айбланиб қамалган олимларнинг аксарияти озодликка чиққач, ишга ўрнаша олган эмас.

Даниловнинг озодликка чиқарилиши, бир қарашда, қонун доирасидаги амал, бироқ кузатувчилар “хоинлик” тушунчасини анча кенгайтириб юборган ва шу сабабли баҳс-мунозаралар объектига айланган янги қонун фонида жамоатчиликни тинчлантириш учун қилинган иш, демоқдалар.

Янги қонун танқидчилари фикрича, у чет элликлар билан мулоқотга киришадиган ҳар бир киши хавфсизлигини таҳлика остида қолдиради, танқидчиларнинг эса, овозини ўчиради.

“Ватанга хиёнат” тушунчаси талқинини кенгайтиришга оид янги қонунни президент Путин 14 ноябр куни – Даниловни озодликка чиқариш тўғрисидаги суд ҳукми ўқилган куннинг эртасига имзолади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG