Линклар

Қирғизистонда хизбчи маҳбусларни алоҳида қамоққа кўчиришмоқчи


Russia -- Penal Colony No. 2, Chelyabinsk, 07Nov2011

Russia -- Penal Colony No. 2, Chelyabinsk, 07Nov2011

Қирғизистонда диний экстремистликда айбланиб озодликдан маҳрум қилинганларни алоҳида қамоқда сақлашмоқчи. Расмийларга кўра, улар бошқа маҳбусларни ҳам ўз сафларига даъват қилиши бундай чора кўрилишига асос бўлган.

Қирғизистон жазони ўташ бошқармасининг маълум қилишича, айни пайтда мамлакатда диний мотвилар билан айбланиб турли муддатларга кесилган 110 маҳбус бор. Уларнинг 79 нафари террорчилик ва экстремизмда айбланган.

Бошқарма матбуот котиби Элеонора Сабатаровага кўра, уларни бошқа маҳбуслардан алоҳида сақлаш ҳақида қарор қабул қилинган.

- 79 одамдан 28 нафари террорчиликда, қолган 51 нафари эса экстремизмда айбланганлар. Қирғизистондаги қамоқлар лагер шаклида бўлиб, у ерда барча маҳбуслар бирга сақланади. Шунинг учун улар бошқа маҳбусларни ҳам ўз сафларига даъват қилишмоқда. Шундан келиб чиқиб, уларни алоҳида сақлаш ҳақида чора-тадбирлар кўрилаётир, -деди Элеонора Сабатарова.

Мутахасисларга кўра, қамоқхонада экстремистлар даъвати орқали исломни таниганлар ёки экстремистлар даъвати билан мусулмон динини қабул қилган славян миллатига мансуб маҳбуслар ўта радикал диний нуқтаи назарда бўладилар.

- Жиноятчиларни қамоқхонада сақлаш билангина масала ҳал бўлиб қолмайди. Бу ерда диний айблов билан қамалган ўнта маҳбус қолган мингта маҳбусни фикрлаш тарзини ўзгартириб юбориши мумкин, -деди Элеонора Сабатарова.

Унинг айтишича, қамоқхонада даъват қилиш билан асосан “Ҳизбут-Таҳрир” партияси аъзоси бўлган маҳбуслар шуғулланади.

Дин ва хавфсизлик масалалари бўйича эксперт Уран Ботобеков “Ҳизбут-Таҳрир” аъзолари нафақат маҳбусларни, балки айрим махсус хизмат ходимларини ҳам ўз таъсир доирасига олган ҳолатлар қайд этилганини айтди:

-Улар қамоқда бирга ўтирган маҳбуслардан ташқари милиция ва миллий хавфсизлик ходимларини ҳам даъват қилиб, ўз таъсир доирасига олган ҳолатлар бор. Аммо ҳизбчи маҳбусларни алоҳида қамоқхонада сақлаш билан муаммони ҳал этиб бўлмайди. Ҳукумат улар билан курашнинг янги йўлларини ўрганиши керак, -деди эксперт.

Қирғизистонда 8 та ташкилот суд томонидан экстремистик деб эълон қилинган. Бироқ Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, бундай ташкилотлар сони бугунги кунда 13 тага етган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG