Линклар

Ўзбекистон Қуролли кучлари сафларида 12 йил хизмат қилганидан сўнг бўшатилиб, 4 йилдан бери ишсиз юрган капитан Қорабоевнинг 18 ноябр, якшанба куни Чирчиқ шаҳар прокуратурасига чақиртирилгани 26 ноябр куни маълум бўлди.

Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси Қорабоевнинг прокуратурага чақиртирилишини ноқонуний амал, деб баҳоламоқда.


Капитан Қорабоевнинг ўзи ҳуқуқ ҳимоячилари тарқатган хабарни Озодлик радиоси саволига жавоб берар экан, тасдиқлади.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянсига кўра, капитан Алишер Қорабоевнинг уйига 18 ноябр куни тонг саҳарда бир неча милиция ходими келган ва уни Чирчиқ шаҳар прокуратурасига олиб кетган.

Альянс бу амални ўз хабарномасида “ноқонуний ҳибс”, деб баҳолаган.
Милиция ходимлари Қорабоевни прокуратурага етказгач, уни прокуратура биносининг биринчи қаватида ўзини таништирмаган прокурор ёрдамчиси икки соат давомида сўроқ қилган.

Альянсга кўра, прокурор ёрдамчиси Қорабоевни “уят сўзлар билан ҳақорат қилар экан, ундан нима учун Бош прокурор устидан шикоят ёзгани сабабини сўраган”.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг баёнотидан маълум бўлишича, Алишер Қорабоев ўзининг Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафларидан ноқонуний бўшатилгани юзасидан ёзган аризаларини эътиборсиз қолдириб келаётгани учун Бош прокурор устидан ариза ёзган.

Қирғизистонда туғилган этник ўзбек Алишер Қорабоевнинг Ўзбекистонга келиб, бу мамлакат ҳарбий билим юртларида ўқигани, Қуролли Кучлари сафларида капитан унвонигача етгани ва охир-оқибат раҳбарият уни Ўзбекистон фуқароси эмас, деган баҳона билан хизматдан бўшатиб юборгани тўғрисида Озодлик радиоси 5 ноябр куни ҳикоя қилган эди.

Қорабоевнинг айтишича, Ўзбекистон мудофаа вазирлиги унинг отаси подполковник Тўлқин Қорабоевни Россия армиясидан 1992 йил февралида, яъни Ўзбекистонда фуқаролик тўғрисидаги қонун имзоланишидан камида 4 ой олдин таклиф қилган ва шу сабабли қорабоевлар оиласи аъзолари автоматик тарзда Ўзбекистон фуқаролари, деб ҳисобланишлари лозим.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси Алишер Қорабоевни “якшанба куни ноқонуний чақиргани учун” Чирчиқ шаҳар прокуратураси устидан арз қилмоқчи.
XS
SM
MD
LG