Линклар

Бордюжа: "Ўзбекистон КХШТсиз ҳимоялана олмайди"


КХШТ 20 йиллигига бағишлаб, Москвада ўтказилган халқаро анжуманда Николай Бордюжа сўзга чиқди.

КХШТ 20 йиллигига бағишлаб, Москвада ўтказилган халқаро анжуманда Николай Бордюжа сўзга чиқди.

Ўзбекистон АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан яна Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига қайтади. Бу фикрни илгари сурган КХШТ Бош котиби Николай Бордюжа америкаликларнинг минтақадан кетиши вазиятнинг кескинланишига олиб келишини ҳам башорат қилмоқда.


"Хўроз қачон чўқийди?"

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти 20 йиллигига бағишлаб, Москвада ўтказилган халқаро анжуманда сўзга чиққан Николай Бордюжа Ўзбекистоннинг КХШТга қайтиб келиши эҳтимолларини ўзига хос бўлмаган кескинроқ тарзда ифода қилди.

“Менимча, хўроз чўқиб олганидан кейингина вазият ўзгаради. Ўйлашимча, бунга оз вақт қолди”, деди КХШТ бош котиби рус мақолида хўрознинг одатда “юмшоқ жойдан” чўқишига ишора қилиб.

МДҲнинг 9 мамлакатидан келган мутахассислар ва КХШТ вакиллари олдида қилган чиқишида, одатда дипломатларга хос юмшоқлик ва силлиқ фикрлари билан танилган ташкилот бошлиғи Николай Бордюжа, 2014 йилда АҚШнинг Афғонистондан кетиши нафақат Марказий Осиё, балки бевосита Ўзбекистонда ҳам вазиятнинг ёмонлашишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Ўтган ҳафта эса, Россия журналистлари олдида қилган чиқишида Николай Бордюжа “Ўзбекистон КХШТдаги ҳамкорлар ёрдамисиз миллий хавфсизлик тизимини ярата олмайди”, дея баёнот берди.

- Бугун Ўзбекистон миллий хавфсизлик тузилмалари ёрдамида, қўшнилари ва ҳамкорлари кўмагисиз, ўз миллий хавфсизлигини таъминлай олишга қурби етади, деган фикрда. Бироқ бироз вақтдан кейин вазият ўзгаради, бунинг ортидан фикрлар ҳам ўзгаради. Ана ўшанда, балким Ўзбекистон раҳбарияти ҳамкорликдаги фаолиятга бош қўшиш зарурлигини тушуниб етар, деди КХШТ Бош котиби.

Бундай кескин баёнотларга қарамасдан, Николай Бордюжа “Марказий Осиёнинг энг қудратли ва марказий давлати ҳисобланган” Ўзбекистонсиз Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти аъзоларига яхлит хавфсизлик тизимини яратиш жуда мураккаб бўлиши ҳамда келажакда бу мамлакат билан ҳамкорлик тикланишига ўз ишончини билдирди.

"КХШТ режимларни сақлаш учун керак"

Бордюжанинг бу фикрларига жавобан ўзбекистонлик сиёсатшунос Фахриддин Низомов “минтақавий тизимлар устида ўз ҳамкорлари билан тенг гаплаша олмайдиган жаноб Бордюжа каби сиёсатчилар турар экан, нормал муносабатлар ўрнатиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас”, дея ўзининг қатъий норозилигини Polit.uz Интернет нашри орқали билдирди.

Россиялик қатор сиёсатшунос ва экспертлар эса, Ўзбекистонда мавжуд сиёсий тизимни КХШТ каби тузилма ёрдамидагина сақлаб қолиш мумкинлигини гапирмоқда.

Стратегик коммуникациялар маркази эксперти, сиёсатшунос Павел Салин Шартномага аъзо давлатлар биринчи навбатда ўз сиёсий режимларини сақлаш учунгина бу ташкилотга қўшилганини таъкидлаб, бундай деди.

- Қирғизистонда ҳукумат ўзгарган пайтда КХШТ жиддий инқирозни бошидан кечираётгани сабабли у ердаги воқеаларга аралашмади. Эндиликда Москва ҳокимиятлар ўзгармаслигини тўғрисида кафолатлар беришга тайёр. Айнан шу кафолатлар, биринчи навбатда, Ўзбекистон ҳокимиятини қизиқтириб қолиши турган гап. Ахир Мисрдаги воқеалар мисолида айтиш мумкинки, оммавий халқ норозилиги кўтарилиши заҳотиёқ америкаликлар ўз иттифоқчиларидан юз ўгиришга одатланган. Россия учун эса КХШТ Марказий Осиёдаги Хитой бошчилигида Шанхай ҳамкорлиги ва АҚШ раҳбарлигида НАТОнинг кенгаймаслигига қарши тура оладиган воситадир,- дейди сиёсатшунос Павел Салин.

Озодлик билан суҳбатда, Павел Салин декабр ойидаги саммитда Ўзбекистон КХШТни расман тарк этмаса ҳам, ташкилот фаолиятида тўлақонли аъзо сифатида иштирок эта олмаслигини ҳам қўшимча қилди.

- Чунки Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбарияти сиёсати аллақачон аён бўлиб қолди. Бу сиёсат “ўзоқдаги билан дўстлашиб, яқиндагига қарам бўлиб қолмаслик”дан иборат. Шунинг учун яқин келажакда Ўзбекистон ташқи сиёсати кескин ўзгаради деган ишончим йўқ,- дейди Москвадаги Стратегик коммуникациялар маркази таҳлилчиси Павел Салин Озодликка.

Айрим сиёсий кузатувчилар эса ташкилот раҳбари Бордюжа ва бошқа расмийларнинг Ўзбекистонга нисбатан таҳдидомуз баёнотлари ортида КХШТнинг стратегик аҳамиятга эга Ўзбекистонсиз кучсиз ташкилотга айланиб бораётгани тасдиғидир демоқда.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Александр Гольц Ўзбекистон президенти ўз давлатининг КХШТ учун аҳамиятини яхши тушуниши ва Москванинг ғашига теккан қароридан келиб чиққан вазиятдан ҳам чиқа олишига ишонишини айтади Озодлик билан суҳбатда.

- Жаноб Каримов Россия билан тактик ўйинларда ўзининг эпчиллигини намойиш қилиб келган. Эсланг, ГУАМга кирган, ГУАМдан чиққан, КХШТдан чиққан, яна кирган, кейин яна чиқди... Менимча, унинг бугунги қарори аниқ омилларга асосланиб амалга оширилмоқда. АҚШ ўз ҳарбий аслаҳаларини Марказий Осиёга ташлаб кетаётгани билан ҳарбий контингент сақланиб қоладику. Демак, унга яқин келажакда ишончли ҳамкор об-ҳаводек зарур. Олиб қарасангиз, Ўзбекистонда иккита таклиф – ё КХШТ билан, ё АҚШ ва НАТО қўшинлари билан ҳамкорлик қилиш – масаласида Ўзбекистон президенти аллақачон аниқ жавобни бериб бўлди, деб ҳисоблайман,- дейди мустақил ҳарбий таҳлилчи Александр Гольц.

1992 йил май ойида Тошкентда ўтган анжуманда минтақавий хавфсизлик гуруҳи сифатида ташкил этилган КХШТга Ўзбекистондан ташқари Арманистон, Беларус, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзодир.

Ўзбекистон ҳукумати Тошкентда асос солинган Москва етакчилигидаги хавфсизлик иттифоқидан бундан аввал ҳам бир марта чиққан.

1999 йилда КХШТ аъзолигини тарк этган Тошкент Андижон қирғинидан кейин, 2006 йилда яна ташкилотга қайтган эди.

Ўзбекистон ҳукуматининг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги фаолиятини тўхтатиши ҳақидаги якуний қарор ташкилотга аъзо давлат раҳбарларининг 19 декабр куни Москвада бўладиган учрашувида қабул қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG