Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:55

Тожикистонда яна Facebook бўғилмоқда


Тожикистон ҳукумати қошидаги Алоқа хизматининг буйруғига кўра мамлакатдаги қатор провайдерлар Facebook ижтимоий тармоғига кириш йўлини ёпиб қўйди.

Тожикистон Интернет провайдерлари ассоциацияси раиси Асомуддин Атоевга кўра, интернет хизматини кўрсатадиган ширкатлар Алоқа хизматидан мазкур ижтимоий тармоққа киришни чеклаш бўйича кўрсатма олган.

Алоқа хизмати раҳбари Бег Зуҳуров Озодликнинг тожик хизматига берган интервюсида ўз ташкилоти томонидан шундай кўрсатма берилганини тасдиқлади ва буни тармоқда “профилактик ишлар” олиб борилаётгани билан изоҳлади.


Айни пайтда у “Фейсбукда олиб борилаётган барча баҳс-мунозаралар ва унда чоп қилинаётган материаллар назорат қилиниши керак”лигини таъкидлади.

- Фейсбук ҳеч ким томонидан назорат қилинмаяпти ва бу тармоқнинг эгаси кимлиги ҳам, унинг солиқ тўлаш-тўламаслиги ҳам номаълум. Бунақа фаолият албатта Тожикистон хавфсизлигига таҳдид солади, - деди Бег Зуҳуров.

Аммо Тожикистон Интернет провайдерлари ассоциацияси раиси Асомуддин Атоев фикрича, Фейсбукнинг блокировка қилиниши “қош қўяман деб кўз чиқариш”дир.

Бундай чеклов, Атоевга кўра, Тожикистон обрўсини туширади ва унинг яна интернет душманлари рўйхатига тушишига сабаб бўлади. Бугунги кунда интернетда тўсиқларни айланиб ўтишнинг ўнлаб йўллари борлигини қайд этган Асомуддин Атоев расмийларнинг бу каби чора-тадбирлари мутлақо фойдасиз эканини қўшимча қилди.

- Бу чора-тадбирлар Тожикистон қонунчилигига зид келади ҳамда улар давлат ва миллат манфаати учун хизмат қилмайди. Бу ижтимоий тармоқда Тожикистон овозини ёпиб қўйиш демакдир, - деди Тожикистон Интернет провайдерлари ассоциацияси раиси Атоев.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Алоқа хизмати Фейсбукка кириш йўлларини биринчи марта ёпиб қўяётгани йўқ. Шу йилнинг 2 март куни Алоқа хизмати буйруғига мувофиқ равишда tjknews.com, maxala.org, centrasia.ru ва zvezda.ru сайтлари ҳамда Фейсбук ижтимоий тармоғи тўсиб қўйилганди.

Қизиғи шундаки, Фейсбук блокировка қилинганидан кейин Тожикистонда бу тармоққа қизиқиш янада кучайган: тўсилгунига қадар Фейсбукда 29 мингдан сал кўпроқ рўйхатдан ўтган бўлса, орадан 10 кун ўтар-ўтмас фойдаланувчилар сони 34 640 га чиққан. Айни пайтда бу тармоқнинг 41 мингдан зиёд тожикистонлик фойдаланувчиси бор.

Айни пайтда уларнинг айримлари Тожикистонда Фейсбук тармоғининг блокировка қилиниши сабабини мамлакатда президентлик сайловларига унча кўп вақт қолмаётганида, деб билмоқдалар.

Тожикистонда кейинги президентлик сайловлари 2013 йил ноябрига белгиланган.
XS
SM
MD
LG