Линклар

Тошкентда Паоло Веронезе асари намойиш этилмоқда


Ўзбекистон Давлат санъат музейи заҳираларидан тасодифан топилган "Масихга аза тутиш" асари.

Ўзбекистон Давлат санъат музейи заҳираларидан тасодифан топилган "Масихга аза тутиш" асари.

Яқинда Ўзбекистон Давлат санъат музейи заҳирасидан тасодифан топилган, машҳур италян рассоми Паоло Веронезенинг “Масихга аза тутмоқ” афсонавий асари асл нусха экани тасдиқлангани айтилмоқда.


Ўзбекистон Давлат санъат музейи раҳбари Васила Файзиеванинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, ўзбекистонлик санъатшуносалар ва реставраторлардан иборат махсус гуруҳ XVI асрга оид санъат асарини обдон текшириб, унинг асл нусха эканини айниқлашган.

27 ноябрдан бошлаб Веронезенинг "Масихга аза тутиш" номли асари Ўзбекистон давлат санъат музейида тақдим этилади.

– Асарнинг асл нусха эканига шубҳа билдираётган жамоатчилик вакиллари ва журналистларнинг саволларига жавоб бериш мақсадида, бугун уни музейда намойиш этяпмиз. Текширув жараёнида олинган бутун рентгенограммалари билан унинг асл нусха эканини тасдиқловчи барча материалларни жамоатчиликка тақдим қиамиз,- деди Васила Файзиева.

XVI асрда яшаб ўтган (1528 – 1588) Веронезенинг “Масихга аза тутиш” асари ўтган ой Тошкент Давлат санъат музейида сақланган расмлардан бирининг бўёқлари кўчирилиши натижасида топилган эди. Музей раҳбарияти эса бу асар анчадан бери асл холида сақлаб келинаётганини айтишмоқда.
Унинг асл нусҳа эканлигига кўпчилик шубҳа билдираётган эди.

Айрим санъатшунослар тарафидан ушбу сурат Веронезе асарининг қойилмақом копияси деган, фикрлар ҳам айтилди.

Аммо, Ўзбекистон Давлат санъат музейи директори шубҳалар ўринсиз, дейди Озодлик билан суҳбат давомида.

– Махсус реставраторларни ёллаб, асарни текширдик, унинг асл нусха эканини аниқладик, репродукция эмаслигига энди ҳеч қанақа шубҳа қолмади,- деди Файзиева.

Аммо, музей раҳбарига кўра, текширув ҳозирча фақат маҳаллий санъатшунослар тарафидан ўтказилган ва унда мустақил халқаро экспертлар қатнашмаган.

– Энди халқаро экспретларни ҳам чақирмоқчимиз,- деди Ўзбекистон Давлат санъат музейи директори Васила Файзиева.

Италиянинг Верона шаҳрида туғилиб, XVI асрнинг биринчи ярмида ижод қилган Паоло Веронезе Венеция рангтасвир мактабини энг мақбул тарзда тамсил қилган йирик рассомдир. Унинг асл исми Паоло Калиари (Paolo Caliari) бўлиб, кейинчалик она ватани Верона шаҳри шарафига Веронезе таҳаллусини олган.

Унинг ноëб асари устига замонавий расм чизилган ҳолда Ўзбекистонга олиб келингани таҳмин этилмоқда.

Ўзбекистон Давлат санъат музейи сўнгги бир-икки ой ичида шов-шувли ҳодисларга бой бўлди.

Сентябр ойида Тошкент Давлат санъат музейи заҳираларида сақланиб келган Пабло Пикассога мансуб 12та керамик асар кўргазмага қўйилди.
XS
SM
MD
LG