Линклар

Челябинск вилояти Копейск шаҳри яқинидаги Потанино қўрғонида шу йилнинг 4 октябр куни содир бўлган ёнғиндан бир оилани оловдан олиб чиққан шахрисабзлик Ҳаким Очилов Озодлик Радиоси саволларига жавоб берди.



Озодлик билан суҳбатда Ҳаким Очилов ҳақиқатан ўз қахрамонлиги учун шаҳар маъмурияти томонидан тақдирлангани, бироқ Россияда ҳозирча ноқонуний мақомга эга экани сабабли Ўт ўчириш бошқармаси раҳбариининг ўт ўчирувчилар сафига қўшилиш таклифини қабул қила олмаётганини маълум қилди.




Эслатиб ўтамиз, Копейск яқинидаги Потанино қўрғонида 4 октябр куни кечаси кўп болали оила яшайдиган хонадон ёнаётгани тўғрисида қўшни уйда яшаб келган Ўзбекистон фуқароси Ҳаким Очилов ёнғинга қарши кураш бўлимига хабар қилган.

Шундан сўнг ўзбекистонлик 29 яшар йигит уй олдида қичқириб турган аёлдан уйнинг ичида ногирон эри ва болалари қолиб кетганини билиб, иккиланмасдан ёнғинга ташланган. Бирпасда Ҳаким кўчага бир яшар қизалоқни олиб чиққан ва яна ичкарига кириб кетган.

Олов ва тутун босган хоналардан бирида у 8 яшар болакайни топиб, маҳкам қучоқлаган ҳолда уни олиб чиққан. Орқага қайтаётиб Очилов болаларига ёрдам бераман деб ичкарига кирган ва қалин тутундан заҳарланиб хушидан кетган онани йўлакда кўриб қолган. Ҳаким Очилов она болани кўтариб ташқарига олиб чиққан ва уларни ёнаётган уйдан узоқроққа жойлаштирган.

Ҳаким Очилов учинчи маротаба ёнаётган уйга кириб кетади ва хоналарни қоплаган тутундан ҳеч нарса кўриб бўлмайдиган хоналардан бирида пайпаслаб 10 яшар болани топиб олади ва боланинг устида аллақачон ёнаётган кийимларини ечиб ўзининг курткасига ўраб олади ва ташқарига эсон-омон олиб чиқади.

Ҳаким ичкарида яна болалар ва ногирон уй эгаси борлигини билган ва ёнаётган эшикдан кираолмасдан ошхона деразасини синдириб кирган. Ошхонада у газ баллонига кўзи тушиб қолган ва портлашни олдини олиш мақсадида қизиб кетган газ баллонини курткасига ўраб ташқарига улоқтириб юборади. Шундан кейин Ҳаким танасининг 60 фоизи куйган ва ўзи юраолмайдиган уй эгасини ҳам кўтариб ташқарига олиб чиққан. Ҳаким матбуотга берган интервьюсида уйда яна иккита бола қолиб кетгани ва уларни олиб чиқишнинг иложи бўлмаганидан афсусланишини айтди.

Ҳакимни Фахрий ёрлиқ билан тақдирлаган ва бехато ҳамда аниқ ҳаракатларини алоҳида қайд этган Челябинск вилояти Ёнғинга қарши кураш хизмати бошлиғи Геннадий Ведерников Озодликка унинг ўт ўчирувчилар сафига қўшилиши мумкинлигини айтиб ўтган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG