Линклар

logo-print

26 ноябр куни Тошкент шаҳрининг жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди “ORIAT” телерадиокомпанияси директори Алишер Холдоров ва унинг икки ҳамкасбини турли муддатларга озодликдан маҳрум қилди.

“ORIAT” ТРК раҳбари 6,5 йилга қамалди


Сирғали туман судида “ORIAT” ТРК раҳбарлари устидан қарийб етти ой давом этган маҳкама 26 ноябр куни ниҳоясига етди.

Сирғали туман судининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда айтишича, “ORIAT” ТРК директори Алишер Холдоров 6,5 йилга умумий тартибдаги қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Суд ходими маҳкаманинг бошқа тафсилотларини очиқламади.

“ORIAT” ТРК раҳбарларининг қамалгани ҳақидаги хабар 26 ноябр куни Ўзбекистондаги деярли барча маҳаллий интернет сайтларининг бош мавзуси сифатида тақдим этилди.

Podrobno.uz сайтининг ёзишича, Алишер Холдоровга нисабатан суд ҳукми унинг туғулган куни (26 ноябр)га “совға” бўлган.

Бу мақолада айтилишича, Сирғали туман суди Холдоров билан бирга судланган “ORIAT” гуруҳи таркибига кирувчи ширкатнинг икки раҳбарини ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум қилган. Шунингдек, суд ҳукмига кўра ТРКнинг икки нафар бош бухгалтерига шартли жазолар берилган. Бу шахсларнинг исми-шарифи бирор сайтда очиқланмади.

“ORIAT” ТРКнинг янги раҳбариятидан ташкилотининг собиқ мулозимлари билан боғлиқ маҳкама борасида бирор маълумот олиш имкони бўлмади.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бўлган “ORIAT” ТРК ходимларидан бирининг айтишича, Алишер Холдоров ва у билан бирга судланган бошқа шахслар суд ҳукми ўқилгунга қадар озодликда бўлган ва бош бухгалтерлардан ташқари уч киши суд залида қамоққа олинган.

Исмини очиқламаётганимиз суҳбатдошга кўра, қарийб икки йил аввал “ORIAT” ТРК собиқ раҳбарлари устидан очилган жиноий иш дастлаб Қибрай туман прокуратураси томонидан тергов қилинган, кейинчалик иш Тошкент шаҳар прокуратурасига оширилган.

Жорий йилнинг май ойида эса Сирғали туман жиноий ишлар суди “ORIAT” ТРК иши бўйича маҳкамани бошлаган.

Сирғали судига яқин манбалардан бирининг Озодликка айтишича, етти ой давом этган маҳкама иши мобайнида хавфсизлик хизмати ходимларининг қаътий назорати остида бўлган.

“ORIAT” ТРКнинг мулозимлари нимада айбланди?


Суҳбатдошимиз “ORIAT” ТРК ходими собиқ мулозимлар молиявий жиноятларда айбланганини, бироқ қўшимча тафсилотлардан бехабарлигини айтди.

“ORIAT” ТРК мулозимларининг қамалгани ҳақида хабар қилган маҳаллий нашрларнинг бирортасида ҳам Алишер Холдоров ва унинг ҳамкасблари қандай жиноятларда айблангани ҳақида ёзилмаган.

Uzmetronom.com сайти Алишер Холдоров солиқ тўлашдан бўйин товлашда айблангани ҳақида ёзди холос.

Мазкур сайт “ORIAT” ТРК мулозимларининг қамалишини “Ўзбекистон матбуот бозорининг босқичма-босқич монополлаштирилаётгани” билан боғлади.

Uzmetronom нашрининг иддао қилишича, “ORIAT” ТРК таркибида бўлган “ORIAT DONO” ва “ORIAT FM” радиолари ўз фаолиятини тўхтатиб, уларнинг радиочастоталари Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари уюшмаси раиси Фирдавс Абдулҳолиқовга қарашли экани айтиладиган НТТ телеканалига берилиши ҳақида ёзди.

Озодлик мухбири бу юзадан “ORIAT” телерадиокомпаниясига мурожаат қилганида, ташкилотнинг ўзини таништирмаган ходими бу маълумотларни инкор қилди.

“ORIAT DONO” ва “ORIAT FM” радиоканалларининг иккаласи ҳам ўз фаолиятини давом эттираяпти. Улар фаолиятини тўхтатиши ҳақида бизда ҳеч қандай маълумот йўқ”, деди “ORIAT” ТРК ходими.

“ORIAT" радиолари

“ORIAT DONO” раидоси ўз фаолиятини 2000 йилнинг 17 декабрида бошлаган. Радио икки йил давомида “Асил айнимас” шиори остида ўзбек ва рус тилларида эшиттиришлар олиб борган.

2002 йилнинг 5 январ куни “ORIAT” ТРК таркибида яна бир радио - “ORIAT FM” эфирга чиқди.

Шу кундан бошлаб “ORIAT DONO” ўзбек тилида, “ORIAT FM” эса рус тилида эшиттиришлар бера бошлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG