Линклар

Ёсир Арафатнинг жасади эксгумациядан кейин қайта дафн қилинди


Ёсир Арафат 2004 йил октябрида.

Ёсир Арафат 2004 йил октябрида.

Фаластин расмийлари заҳарлаб ўлдирилгани тўғрисидаги гумонларни ўрганиш мақсадида эксгумация қилинган Ёсир Арафатнинг жасади, ундан намуналар олинганидан сўнг қайта дафн қилинганини билдирди.



Фаластин собиқ раҳбари Ёсир Арафат 2004 йил Парижда вафот этган эди. Бироқ унинг ўлими сабаблари ҳамон баҳсларга сабаб бўлиб келади.

Араб дунёсида кўпчилик, Фаластиннинг биринчи раҳбари Арафат Исроил томонидан ўлдирилган деган тахминларни илгари суриб келади. Исроил бундай иддаоларни кескин инкор қилиб келади.

2012 йил июлида Швейцариянинг Лозанна шаҳридаги Радиацион физика институти мутахассислари Арафат ҳаётининг сўнгги кунларида фойдаланган кийимда радиоактив полоний излари аниқланганини эълон қилганидан кейин август ойида Франция магистрати қотиллик бўйича текширув бошлаган.

Арафатнинг жасади сешанба куни эрталаб Рамаллоҳ шаҳридаги мақбарасидан эксгумация қилинган эди.

Ёсир Арафатнинг ҳокидан олинган намуналар Швейцария, Франция ва Россия мутахассисларга берилган. Улар ўз мамлакатларида олинган намуналар таркибида заҳарли моддалар бор-йўқлигини ўрганади.

Арафат жасадининг сешанба куни ҳарбий шараф билан қайта дафн этилиши кутилаётган эди. Бироқ исми сир қолишини истаган фаластинлик расмийларга кўра, майит намуналар олинганидан кейин жасад қайта кўмилган.

Россия разведка хизматининг собиқ ходими, Кремл танқидчиси бўлган Александр Литвиненко ҳам 2006 йилда Лондонда полоний моддаси билан заҳарлаб ўлдирилган эди.

Ёсир Арафатнинг эксгумация қилинганига Ғарбий Соҳилда фаластинликлар турлича муносабат билдирмоқда.

Айрим фаластинликлар ҳақиқатни аниқлаш учун эксгумания тўғри чора эканини айтмоқда.

- Текширув жараёни аниқ натижа бериши боис бутун Фаластин халқи бунга қизиқмоқда. Биз марҳум президент Абу Аммар (Ёсир Арафат) ўлимида ким айбдор эканини аниқлашимиз мумкин,- деди Ғарбий Соҳилда яшовчи фаластинликларда бири.

Бошқа фаластинлик эса эксгумация марҳумга нисбатан ҳурматсизлик деган фикрда.

- Динимизда ўлган одамнинг қабрини очиш нотўғри эканини биламиз. Чунки бу унга нисбатан ҳурматсизликдир.

Ёсир Арафатнинг ҳокидан олинган намуналар текшируви натижаси қачон эълон қилиниши маълум эмас.

Ҳар қандай полоний моддасининг изларини саккиз йилдан кейин топиб бўлмаслиги айтилади.

Фаластинда мустақал давлат қуриш ҳаракатига қирқ йил етакчилик қилиб келган Ясир Арафат ҳаёти давомида баҳсли шахс бўлган.

Исроил ва Фаластин ўртасида тинчлик ўрнатиш йўлидаги саъй ҳаракатлари учун Ясир Арафат билан Исроил раҳбарлари Исҳоқ Рабин ва Шимон Пересга 1994 йилда дунёдаги энг нуфузли Нобел тинчлик мукофоти берилган.

Фаластинлик танқидчилар Ёсир Арафатни Исроилга кўп ёнбосганлик ва коппупцияда айблаган.

Исроилликлар эса Арафатни Исроил фуқаролари ва аскарларига қарши ҳужумлар уюштирганликда айблаган.
XS
SM
MD
LG