Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:36

Марказий Осиёнинг энг бойлари Қозоғистон ва Ўзбекистонда


Ўзбекистондаги саксонта бойнинг бир йиллик умумий даромади 12 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
Ўзбекистондаги саксонта бойнинг бир йиллик умумий даромади 12 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

Wealth-X ташкилоти эълон қилган жаҳоннинг энг бадавлат одамлари ҳақидаги “World Ultra Wealth Report” ҳисоботида бойлиги 30 миллион АҚШ долларидан кўп бўлган 80 ўзбекистонлик қайд этилган.


Бу кўрсаткич билан Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Ўзбекистондаги саксонта бойнинг бир йиллик умумий даромади 12 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

Бойлар сони бўйича минтақада биринчи ўринни эса Қозоғистон эгаллаган. Бу мамлакатда бойлиги 30 миллион доллардан ошадиган 140 нафар одам бор ва уларнинг умумий даромади йилига 20 миллиард АҚШ долларидан ошади.

Wealth-X ташкилоти ҳисоботида келтирилишича, Қозоғистонда жорий йилда бойлар сони ўтган йилдагига қараганда камайган.

Ўзбекистонда эса, аксинча, бу йил бадавлат одамлар сони ўтган йилдагига қараганда ортган.

Бу мамлакатларда асосан хом-ашё ва чет эллардан пул ўтказмалари бойлик орттиришнинг асосий манбаълари ҳисобланади.

Сиёсий беқарорлик эса бойлик учун асосий хавфдир, шунингдек четдан инвестициялар оқимига ҳам салбий таъсир қилувчи омилдир, дейилади
“World Ultra Wealth Report” ҳисоботида.

Ҳисоботда Қирғизистон ва Туркманистонга оид маълумотлар келтирилмаган.

Минтақа бўйича бешинчи ўринни эгаллаган Тожикистонда бойлиги 30 миллион доллардан ошадиган 40 одам қайд этилган ва уларнинг умумий даромади 6 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

“World Ultra Wealth Report” ҳисоботида асосан бойлиги 30 миллион доллардан кўп одамлар қайд этилган.

Бунда уларнинг кўчмас мулки, банк ҳисобларидаги маблағлари, қимматбаҳо тақинчоқлар ва санъат асарлари, учқич ва яхталари ҳамда бошқа активлари ҳисобга олинган.

Бойлар сони бўйича Шимолий Америка етакчилик қилмоқда. Бу континент давлатларида бойлиги 30 миллион доллардан кўп бўлган 65295 одам қайд этилган.

Бойлар энг кам бўлган қитъа Африкадир. Wealth-X ташкилоти дунёнинг бу қисмида 30 миллион доллардан кўпроқ бойлиги бор 2535 одамни аниқлаган.

Лекин, бойларнинг исмлари ҳисоботда келтирилмаган.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда ижтимоий табақаланиш аломатлари тобора кўзга ташланиб бораётгани кузатилади. Лекин, бойларнинг сони, уларнинг исмлари ёки бойликлари миқдори мамлакатда расман ошкор этилмайди.

Ўзбекистонда номи тилга олинадиган ягона бой киши мамлакат президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовадир.

Швейцарияда чоп этиладиган нуфузли иқтисодий журнал "Билан" 2009 йилда бу мамлакатда яшайдиган энг бадавлат шахслар рўйхатига Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримовани ҳам киритган эди.

Журнал Каримова маблағларини 600 миллион АҚШ долларига тенг, дея тахмин қилган ва Швейцарияда истиқомат қилувчи бадавлат аёллар орасида тўққизинчи ўринни берганди.

Wealth-X ташкилоти ҳисоботида келтирилган ўзбек бойлари сони 29 миллионлик аҳолисининг катта қисми ночорликда ҳаёт кечирадиган Ўзбекистон учун кўп эмас.

Лекин, Ўзбекистонда кўп миллионлик бизнесидан айрилган туркиялик тадбиркор Воҳид Гунашнинг айтишича, Ўзбекистонда коррупциянинг чуқур илдиз отгани халол бизнес билан шуғулланадиган одамнинг косаси оқаришига имкон бермайди.

- Бу ерда ўз бойликларини асосан ҳокимиятга яқин бўлганликлари билан орттирган бир ҳовуч бойваччалар ҳақида гапирилаётган бўлса керак. Ўзбекистондек давлатда бойликни фақат нопок йўл билан тепадагилар билан тил бириктирган холда орттириш мумкин. Бизнес қиламан деганларни ҳеч қачон бири икки бўлмайди,- дейди узоқ йил Тошкентдаги йирик “Туркуаз” савдо марказининг собиқ раҳбари бўлган, ўтган йил Ўзбекистонда 60 миллион АҚШ долларига баҳоланган бизнесидан айрилган туркиялик тадбиркор Воҳид Гунаш.

Ислом Каримов 2010 йилнинг декабрида қилган маърузасида "Ўзбекистонда олигархлар бўлмайди!" деган эди.

Ўзбекистон раҳбарининг ушбу баёноти ортидан кўплаб йирик ширкатлар раҳбарлари ва таниқли ишбилармонлар қамоққа ташланганди. Айрим тадбиркорлар қамалиш хавфи боис мамлакатдан қочишлари сўнгги йилларда кўп кузатилди.

"Қизилқумцемент" бирлашмаси директори Ражаббой Жуманазаров, Тошкентдаги "Карвонбозор" улгуржи бозори директори Дмитрий Лим каби қатор йирик корчалонларнинг мамлакатдан қочиб кетганликлари маълум.

Бугунга қадар кўплаб таниқли ишбилармонлар, жумладан "Алп Жамол-Банк" эгаси Муҳиддин Асомиддинов, "Капитал-Банк" таъсисчиси ва "Пахтакор" футбол жамоасининг президенти Ботир Раҳимовларнинг ҳибсга олингани, баъзи манбаларга кўра эса, мамлакатдан қочиб кетгани ҳақида ҳам матбуотда хабарлар пайдо бўлган.
XS
SM
MD
LG