Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:30

Москвада ўзбекларга ҳужумлар сони кўпайди


Москвада ҳужумга учраган ўзбекистонликлар травматик тўппончадан отилди.
Москвада ҳужумга учраган ўзбекистонликлар травматик тўппончадан отилди.

Душанба куни Москванинг жануби-шарқида икки нафар Ўзбекистон фуқароси оғир жароҳатланди. Бу кейинги бир ой давомида муҳожирларга қилинган ягона ҳужум эмас.


Икки мардикор жароҳат олди

26 ноябр куни Москванинг жануби-шарқий округидаги Судакова кўчаси 28-уй ёнида икки нафар Ўзбекистон фуқаросига номаълум шахслар тажовуз қилди.

Бу маълумотни Озодлик радиосига тасдиқлаган Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси вакили Максим Колосветовнинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик мардикорлардан бири травматик пистолетдан оғир тан жароҳати олган.

- Бу ҳодиса иштирокчиларидан икки киши аниқланди. Текширув олиб борилмоқда. Муштлашувнинг сабаби нима экани ҳозирча номаълум. Дастлабки маълумотларга кўра, жароҳатланганлар Ўзбекистон фуқаролари экани аниқланди,- деди Ички ишлар бошқармаси расмйиси Максим Колосветов.

Аниқланишича, душанба куни кечқурун маҳаллий полиция бўлинмасига Судакова кўчасида оммавий муштлашув бўлаётгани тўғрисида хабар тушган.

Ҳодиса жойига етиб келган полиция наряди жароҳат олган икки Ўзбекистон фуқаросини аниқлаган. Ўзбек йигитларининг полициячиларга берган кўрсатмасига кўра, уларга тўрт нафар номаълум шахс ташланган ва дўппослаб кетган. Шунингдек, иккала ўзбекистонлик травматик пистолетдан жароҳат олгани ва полиция ходимлари чақирган тез ёрдам машинасида улар шифохонага олиб кетилгани хабар қилинади.

Максим Колосветов, Озодлик билан суҳбатда, жабрланган ўзбеклардан бири муолажа олганидан кейин шифохонадан жавоб бериб юборилган, иккинчи ўзбекнинг эса жароҳати оғирроқ бўлгани сабабли госпитализация қилинганини маълум қилди.

Полиция муштлашув сабаблари ва жиноят жойидан қочиб кетган номаълум кимсалар шахсини аниқлаш бўйича текширув олиб бормоқда.

Москва полицияси ўзбекларга қилинган бу тажовузни негадир “оммавий муштлашув” ва “тўсатдан пайдо бўлган ўзаро адоват” сифатида таърифламоқда.

Москвада муҳожирларга ҳужумлар сони кўпайди

Бу меҳнат муҳожирларига сўнгги пайтларда қилинган ягона ҳужум эмас. Полиция охирги бир-икки ой давомида Москвада тақирбошлар “услубида” тўртта осиёлик ўлдириб кетилганини хабар қилмоқда.

Жумладан, Москва бўйича Тергов қўмитаси 23 ноябр куни Москванинг Шарқий округидаги Тинчлик проспекти, 185-уй яқинида чавақлаб кетилган 20 ёшли Ўзбекистон фуқароси мурдаси топилганини маълум қилди.

Ўзбекистонлик мардикорнинг ўлдирилиши юзасидан жиноий иш очилди. Ҳодиса гувоҳлари бу йигитга бир гуруҳ рус миллатига мансуб ёшлар ҳужум қилганини айтмоқда. Терговчиларнинг Озодликка билдиришича, мурда танасида пичоқ билан етказилган ўнлаб жароҳатлар аниқланган.

Москва бўйича Тергов бошқармасида бу жиноятни содир этганлар ҳозирча аниқланмагани ва тергов манфаатларини ҳисобга олиб бундан ортиқча маълумот берилмаслигини билдиришди.

Бироқ Озодликнинг ўз манбасидан олган маълумотга кўра, ўлдирилган ўзбекистонликнинг исми Руслан Йўлдошев бўлган, у Москвада Садовническая кўчасида истиқомат қилган ва қурилишда уста ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

Кузатувчилар бу суйиқасд тақирбошлар ёки Москванинг бошқа миллатчи гуруҳлари томонидан содир этилган бўлиши мумкинлиги, чунки жасад ёнида пиво банкаси, зажигалка ва мобил телефон топилгани бу оддий талон-тарож эмаслигига ишора эканини таъкидламоқдалар.
Ўлжаларнинг қулоқларини кесиб кетиш одатини Гитлер эсэсчилари кенг қўллаган ва ҳозирда бу замонавий скинхедларни танитувчи “белги”га айланишга улгурган.

Ўтган йилнинг ноябрида Нагорний кўчасида ўлдирилган Нигерия фуқаросининг иккала қулоғи кесиб кетилган. 2008 йил 4 мартда Петербургдаги “Левашово” бекатида яқинида вахшийларча чавақлаб кетилган озарбайжонлик йигитнинг ҳам чап қулоғи кесиб кетилган эди.

Озодлик исми сир қолишни истаган собиқ тақирбош билан суҳбатда “Скинхедларда “ўлжанинг”айнан чап қулоғини кесиш одати нимани англатади”, дея берган саволига шундай жавоб олди.

- “Қулоқ кесиш” одатда ёшларни скинхедликка қабул қилиш маросимида ишлатилади, яъни “қора” ни ўлдирган ва қулоғини кесиб келган шахс гуруҳдаги катталарга ўз ўлжасини намойиш қилади, ўзининг қилган “қахрамонлиги” билан мақтанади, хуллас “ҳақиқий” тақирбош бўлади. Қулоқдан ташқари скинхед ўлжадан бармоқларини ҳам кесиб, сақлаб қўйиши мумкин, деди ўз исмини айтишни истамаган собиқ скинхедлардан бири.
XS
SM
MD
LG