Линклар

Ўзбек консули 1 ойда 2,5 та аризани кўриб чиқади


Ўзбек меҳнат муҳожири ўзича Жаноб Сталин "бўлиши" мумкин, лекин консул учун у - Жаноб Ҳеч Ким.

Ўзбек меҳнат муҳожири ўзича Жаноб Сталин "бўлиши" мумкин, лекин консул учун у - Жаноб Ҳеч Ким.

Ўзбекистоннинг чет мамлакатлардаги дипломатик миссиялари бир ойда тақрибан икки ярим ватандошга хизмат кўрсатади.

Бу ҳисоб-китобга Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Жаҳон” информацион агентлиги 26 ноябр куни эълон қилган маълумотда келтирилган рақам асос бўлди.

Агентлик хабари тафсилотлари ва унда тилга олинган ҳолатлар тўғрисида ўзбекистонликлар билдирган фикрлар билан танишинг.



2,5 та ариза қаердан келди?

Агентликка кўра, 2012 йилнинг 9 ойида Ўзбекистон ҳудудида ва чет элларда ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига кўмак беришини сўраб ташқи ишлар вазирлигига 1080 та ариза тушган.

Интернетдаги очиқ манбаларга кўра, шу кунда жаҳон бўйлаб Ўзбекистоннинг 46 та дипломатик миссияси бор.

1080 та аризани аввал 9 ойга бўлдик: натижа – бир ойда 120 та ариза.

120 та аризани 46 та миссияга бўлдик: тақрибан 2,5 та ариза.

Ҳисоб-китоб қилар эканмиз, “Жаҳон”нинг 1080 та ариза ичида Ўзбекистон ҳудудида тушганлари ҳам бор эканлиги тўғрисидаги информациясини эътиборсиз қолдирганимизга эътибор беринг.

Демак, Ўзбекистоннинг Москвадаги ёки Истанбулдаги консули бир ойда ўртача 2,5 та аризани кўриб чиқади. Албатта, Москвадаги консул кўпроқ, Истанбулдагиси озроқ фуқаронинг “ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига кўмак бераётган” бўлиши мумкин.

“Жаҳон” информацион агентлигига кўра, 1080 та аризанинг ҳаммаси “ўз вақтида кўриб чиқилган ва фуқароларнинг ҳуқуқларини қайта тиклаш учун тегишли чоралар кўрилган”.


“Жаҳон”дан яна бир-икки рақам

Шу кунда и Ўзбекистоннинг 90 минг нафар атрофидаги фуқароси мамлакатнинг чет давлатлардаги консуллик идораларида қайддан ўтган.

2012 йилнинг 9 ойида “мажбурий меҳнат қурбонлари бўлган 54 фуқаронинг Ўзбекистонга қайтишига кўмак кўрсатилган”.


Ҳисобот боиси

“Жаҳон” информацион агентлигининг дипломатик миссияларнинг ватандошларга кўрсатаётган ёрдами тўғрисидаги ҳисоботи бир қарашда бошқа кўплаб маълумотлар қатори информациядай кўринади.

Бироқ Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази вакили Баҳром Ҳамроевнинг фикрича, бу материал Ўзбекистоннинг чет эллардаги миссиялари ўз ватандошлари ташвишларига бефарқ эканлиги тўғрисидаги танқидий материалларга жавоб тариқасида эълон қилинган.

Масалан, livejournal.com сайти ўтган ойда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида навбат кутиб турган ўзбекистонликлар тўғрисида фоторепортаж эълон қилган эди.

Озодлик билан суҳбат чоғида Баҳром Ҳамроев “20 йилдан бери Москвада яшаб ватандошларимга ёрдам беришга ҳаракат қилиб келаман. Шу давр ичида ўзбек элчихонаси ҳибсхонага ноҳақ тушиб қолган ёки иш ҳақини ундира олмаётган бирон бир оддий ўзбекка ёрдам берганига гувоҳ бўлган эмасман” деди.


“Ўзбек элчихонаси эшигида”

“Фуқаро ва Ўзбекистоннинг элчихонаси” мавзуидаги воқеа-ҳодисаларни Озодлик радиоси мунтазам ёритиб келади.

Яқиндан бошлаб эса, “Ўзбек элчихонаси эшигида” рукни остида туркум эшиттиришларни тайёрлаяпмиз.

Туркумнинг илк эшиттиришида иштирок этган Россияга иш излаб борган 31 ёшли Нафиса Пардаева турмушга чиқмагани ҳақида маълумотнома олиш учун Москва шаҳрининг Погорелский тор кўчаси 12-уйда жойлашган Ўзбекистон элчихонасига борганини эслаб бундай деган эди:

- Одамлар эса элчихонанинг ташқарисида, кўчанинг юзида навбат кутиб туришибди, орасида болали аёлларам бор. Дарвозахонада 4 та охранник. Ярим соат турдим навбат кутиб. Шунда ўша ерда юрган укам қатори йигитлар: "Опача ҳозир бир йигит чиқади, шунга 1 ярим минг рубл берсангиз, бир пастда справкани тўғирлаб беради", дейишди. Бу қарийб 50 доллар пул. Мен рози бўлмадим. Кейин ҳалиги бола чиқди, уларнинг пулини олди ва кириб кетди. Элчихонанинг ходими эканда у бола. Ёш, тошкентлик йигит. Парадний эшикдан чиқди, - деган эди Нафиса Пардаева Озодликнинг “Ўзбек элчихонаси эшигида” эшиттиришида.

Бу тингловчимиз ёки Баҳром Ҳамроев айтган ҳолатлар тўғрисида “Жаҳон” агентлиги материалида лом-мим дейилмаган.

Лекин унда баъзи фойдали гаплар ҳам йўқ эмас.


“Жаҳон” материалида келтирилган баъзи фойдали маълумотлар:

*Ўзбекистон Республикаси конституциясида ҳар бир фуқаронинг мамлакатдан эркин чиқиш ва ватанга тўсиқсиз қайтиш ҳуқуқи кафолатланган.

*Консуллик идораларининг асосий вазифаси чет давлатларда вақтинча истиқомат қилиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва ташкилотлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларга консуллик ва ҳуқуқий кўмак кўрсатишдир.

*Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги консуллик бошқармаси турли масалалар бўйича фуқароларни ва уларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва бепул консультациялар бериш сектори фаолият юритмоқда.

*Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари мамлакатдан ташқарида юрар экан, ҳар доим ўз давлатининг қўллаб-қувватлаши ва ёрдам беришига ишониши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG