Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:56

Қирғизистон:сайловдан кейинги кунлар


Қирғизистон парламентидаги ҳукмрон коалиция раҳбари Феликс Қулов сайлов билан боғлиқ сохтакорликка норозилик тариқасида лавозимидан истеъфога берди. У 25 ноябр куни ўтказилган маҳаллий сайловларда ўз партияси камида 90та қонунбузарлик ҳолатини қайд қилганини таъкидлади.

Феликс Қулов етакчилигидаги “Ар-Намис” партияси 25 ноябрда ўтган сайловда маҳаллий кенгашлардан ўрин эгаллаш учун белгиланган етти фоизлик тўсиқдан ўта олмади. Парламентдаги ҳукмрон коалиция раҳбари Феликс Қуловнинг айтишича, партия вакилларини Бишкек шаҳар кенгашига сайланмай қолиши учун манфаатдор кучлар қўлларидан келган барча имкониятларни ишга солган.

-Бундай вазиятда мен яна қандай қарорга келишим мумкин эди? Коалиция раҳбари лавозимида қолишим керакмиди? Мен шундан кейин партиядошларимнинг кўзларига қандай қарай оламан? Биз сайлов арафасида бир қатор сиёсатчилар билан сайлов адолатли ўтишига умид қилган эдик, -деди Феликс Кулов.

У 25 ноябр куни ўтказилган маҳаллий сайловларда ўз партияси камида 90та қонунбузарлик ҳолатини қайд қилганини таъкидлади. Бироқ “Ар – Намис” партиясининг бир қатор таниқли аъзолари ўз раҳбарларининг фикрига қўшилмайди. Уларнинг айтишича, партиянинг маҳаллий кенгашларга сайланмай қолишига сайловга яхши тайёргарлик кўрилмагани сабаб бўлган. Бундан ташқари Марказий сайлов комиссиясининг раиси Туйгунали Абдраимов ҳам “Ар-Намис” партиясининг аъзоси ҳисобланади. “Шундан келиб чиқилса, “Ар-Намис” партиясига тўсиқлар қўйилди, деган иддао ҳақиқатга тўғри келмайди”, демоқдалар партиянинг айрим аъзолари.

Парламентдаги ҳукмрон коалиция кирган “Ата –Мекен” партияси раиси Ўмурбек Текебаев Феликс Қулов истеъфо бериш ҳақида шошилинч ва асоссиз қарор қабул қилган деб ҳисоблайди.

-Феликс Қулов “Ирис алди - интимак” коалициясини ташкил этишга катта ҳисса қўшган. У коалициянинг оқсақоли ва раиси. Унинг истеъфо бергани кутилмаган воқеа бўлди. Бироқ Бишкекдаги сайловда содир бўлган камчиликлар республика даражасидаги қарор қабул қилинишига асос бўла олмас эди, -деди Ўмурбек Текебаев.

Ҳукмрон коалицияга кирган фракциялар раисларининг билдиришича, Феликс Қуловнинг истеъфо бериши коалиция тарқатилади, дегани эмас. Ҳукмрон коалиция сақлаб қолинади ва янги раис сайлаб, фаолиятини давом эттиради.

Айни пайтда Қирғизистонда “Республика” партияси билан боғлиқ яна бир жанжал юзага келди. Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмлари Бишкек шаҳар кенгаши депутатлари сайловларида “Республика” партияси тарафидан уюштирилган бир шахснинг бир неча участкаларда бир неча маротаба овоз бериши тасвирга туширилган видеолавҳа юзасидан текширув ишини бошлади.

Мазкур видеотасвир интернет порталларда эълон қилинган ва бир қатор телеканалларда намойиш этилган эди. Яширин тарзда олинган видеотасвирда Қирғизистон собиқ Бош вазири Ўмурбек Бабанов раислигидаги “Республика” партиясининг ёшлар қаноти 25 ноябр куни ўтган маҳаллий кенгаш сайловида ноқонуний равишда овоз бериш жараёнини уюштиргани акс этган.

“Республика” партияси расмийлари бу видеотасвирни махсус хизматлар томонидан уюштирилган фитна сифатида баҳоламоқда. Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати эса мазкур видеотасвирга алоқаси йўқлигини билдирган.
Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, Қирғизистоннинг 23 та шаҳрида маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловда қатнашган сайловчилар овозининг барчаси ҳисоблаб чиқилган.

Дастлабки натижаларга кўра, 11 та шаҳарда Социал-демократлар, тўртта шаҳарда «Республика», иккитадан шаҳарда «Ақшумқар», «Онугу Қирғизстан», «Замандаш – Современник», «Муштарак Қирғизистон», «Ата-Журт» партиялари, битта шаҳарда Коммунистлар партияси кўпчилик овоз олган.

Сайловда сайловчиларнинг 46 фоизи овоз бергани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG