Линклар

Ўзбекистонда давлат идораларининг хусусий банклар фаолиятига аралашишини тақиқлашмоқчи


Ўзбекистондаги хусусий банклардан бири - Ипотека банкнинг Тошкентдаги биноси.

Ўзбекистондаги хусусий банклардан бири - Ипотека банкнинг Тошкентдаги биноси.

Ўзбекистон парламенти юқори палатасининг яқинда бўлиб ўтажак ялпи мажлисида “Хусусий банклар ва молия институтлари ҳамда уларнинг фаолият кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиши кутилмоқда.


Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон президентининг “Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг устивор йўналишларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ ишлаб чиқилганига эътибор қаратган таҳлилчилар унинг Сенат томонидан бир овоздан маъқулланишини тахмин қилмоқдалар.

Лойиҳа шу йил сентябр ойи бошида парламент қуйи палатасида ҳам муҳокамадан ўтганди.

“Хусусий банклар ва молия институтлари фаолиятини кафолатлаш ва молия идоралари ўртасида рақобатни кенгайтиришга қаратилган"и айтилаётган бу ҳужжат, мутахассисларга кўра, Ўзбекистонда хусусий банклар ривожи учун кенг имконият яратиши мумкин.

Молия соҳасидаги экспертлар фикрича, лойиҳанинг энг эътиборли жиҳати унда банкларга хизматлар учун тарифларни мустақил белгилаш имконияти берилаётгани ва давлат идораларининг банклар фаолиятига аралашуви сезиларли даражада чеклаб қўйилаётганидир.

Хусусан, қонун лойиҳасида хусусий банкларни комплекс текширувдан ўтказиш бундан буён аввалгидек ҳар уч йилда бир эмас, балки ҳар беш йилда бир ўтказилиши, вазирлик, маҳаллий ҳокимият ва бошқармалар раҳбарларининг хусусий банклар ва молия институтлари филиалларига раҳбар тайинлаш ва улардан турли тўловлар талаб қилиш шаклида уларнинг фаолиятига аралашиши тақиқланиши кабилар қайд этилган. Шунингдек, лойиҳада назорат ва ҳуқуқ-тартибот идораларига хусусий банкларнинг кредит портфелини шакллантириш, сармоя ётқизиш каби ишларига аралашиш маън қилиниши кўзда тутилган.

Исми ошкор этилишини истамаган ўзбекистонлик эксперт фикрича, бу қонун ҳақиқатан ишлайдиган бўлса, молия тизими ривожи учун жуда фойдали бўлади.

- Кредит бўйича фоиз ставкаси, у бўйича олинадиган комиссиялар ҳам Марказий банк томонидан белгиланарди олдин. Бу лимитлар қонун кучга кирганидан кейин хусусий банкларга нисбатан амал қилмайди энди. Яъни хусусий банклар эндиликда талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда тариф масаласида мустақил белгилай олади, - дейди эксперт.

Суҳбатдошимиз ўзбекистонлик банкирларнинг қабул қилинажак бу қонундан хурсанд бўлишларига ҳозирча бироз эрталигини ҳам қўшимча қилди.

- Бизда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ҳақида улар амалиётга татбиқ қилинганидан кейин хулоса билдириш мумкин. У амалда қанчалик ишлайди – бу ҳали қонун кучга кирганидан кейин кўринади. Лекин энг асосийси, шиор бор, тенденция бор, - дея некбинлик билан фикр билдирган эксперт айни пайтда “Ўзбекистонда қабул қилинаётгани қонунлар яхши”лиги, бироқ уларни амалиётга татбиқ этишда оқсаш кузатилаётганини қўшиб қўйди.

Ҳозирда Ўзбекистонда 30 га яқин тижорат банки фаолият олиб боради. Лекин, мутахассисларнинг айтишларича, молия институтларининг давлат томонидан қаттиқ назорат қилиниши бу соҳанинг эркин бозор шароитида ривожланишига йўл қўймаяпти.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда “Алп Жамол Банк”, “Капитал банк”, "Ўктамбанк" ва яна бир нечта хусусий банк ёпилиб, уларнинг активлари давлат тасарруфидаги "Халқ банки" фойдасига ўтказилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG