Линклар

logo-print

Қозоғистонга сотиладиган газ ҳажми 40 фоизга ошади


Газ экспорти ҳамини ошираётган Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми шу кунларда газсиз қолган.

Газ экспорти ҳамини ошираётган Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми шу кунларда газсиз қолган.

Ўзбекистон Қозоғистонга газ экспорти ҳажмини 1 миллиард куб метрга оширмоқчи.


Қозоқ ва рус матбуотининг хабар қилишича, 22-23 ноябр кунлари “КазТрансГаз” ва “Ўзбекнефтегаз” ширкатлари вакилларининг Тошкентда ўтган учрашувида Қозоғистоннинг жанубий минтақаларига йилига 3 миллиард куб метр газ етказиб бериш ҳақида келишиб олинган.

Шу пайтгача, Ўзбекистон жанубий Қозоғистонга сотган газ ҳажми йилига 2 миллиард куб метрни ташкил қилган.

Bnews.kz агентлигининг хабар қилишича, “КазТрансГаз” ширкати бош директори Серик Султангалиев бу ҳақда Остонадаги матбуот анжуманида маълум қилган.

Регнум агентлигига кўра, томонлар “Туркманистон-Хитой” газ қувуридан ўтадиган газ ҳажмини 500 миллион куб метрга ошириш бўйича ҳам келишиб олишган.

Ўзбекистон матбуот воситаларининг бирортаси ташқарига сотилаётган газ ҳажми оширилаётганига доир хабарни бергани йўқ.

Икки давлат ўртасидаги келишувларга кўра, Ўзбекистон Қозоғистонга йилига жами 3,5 миллаирд куб метр газ сотиши режалаштирилган. Қозоқлар ўзбек газининг ҳар минг куб метрига 85 АҚШ долларидан тўлайди.

“Ўзбекнефтегаз” ширкати расмий сайтида берилган прейскурантларга кўра, Ўзбекистон аҳолисига газ нархи ҳар минг куб метри учун қарийб 95 АҚШ доллари қилиб белгиланган.

Шунда ҳам куз-қиш мавсумларида Ўзбекистон бўйлаб аҳолига газ етказиш кескин қисқартирилади.

Ўзбекистон йилига 60 миллиард куб метр табиий газ қазиб олади. Шундан 20 миллиард куб метрига яқини ташқарига сотилиши айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG