Линклар

logo-print

Қарши Муҳандислик Иқтисодиёт институтида талабалар ёппасига маҳаллий ва республика нашрларига мажбурий тарзда обуна қилидириляпти.



Мазкур ўқув юрти талабаларидан бирининг Озодликка айтишича, обуна бўлишни хоҳламаган талабалардан обуна ҳаққи стипендияларидан чегириб қолиниши тўғрисида огоҳлантирилганлар.

- 25 минг сўмлик газета ёки журналга обуна бўлиши шарт, акс ҳолда уч ойлик стипендия олмайсизлар, дейишяпти. Ҳаммани обунага мажбурлаш учун ҳозир уч ойлик стипендиямизни бермай туришибди,- дейди Қарши Муҳандислик Иқтисодиёт институтининг исми сир қолишини истаган талабаси.

Унинг айтишича, бундай ҳолат университетда биринчи бор рўй бермоқда. Бундан аввал ҳеч қачон талабалар стипендияларидан обуна учун мажбуран ушлаб қолинмаган.

- Ҳозир факултет деканлари ҳар куни, ҳамма талабани мажбур обуна бўласан, деб тергаб келяпти. Обуна бўлганда ҳам газета ёки журнални институт манзилгоҳига етказиладиган қилиб, камида 25 минг сўмлик обуна квитанцияси келтириб беришни талаба қилишмоқда. Яъни шу газета ёки журнал институт ҳисобига ёзилади ва институтга етказилади, талабага эмас,- дейди қашқадарёлик талаба.

Озодлик мухбири бу масалага муносабат олиш мақсадида Қарши Муҳандислик Иқтисодиёт институтига қўнғироқ қилди. Ўқув юрти рекотарти қабулхонасининг ўзини таништирмаган ходими, Озодлик билан суҳбатда, талабалар мажбуран обуна қилдирлаётганини тасдиқлади.

- Ҳамма студентлар обуна бўлишлари шарт. Бу мажбурий,- деди институт ходими.

Қарши Муҳандислик Иқтисодиёт институтининг илмий ишлар бўйича проректори Ғулом Узоқов эса талабалар марказий ва маҳаллий нашрларга обуна бўлишлари кераклиги, бу борада институтда тарғибот ишлари олиб борилаётгани, лекин обуна мажбурий эмаслигини айтади.

- Бу мажбурий эмас. Лекин, обуна қилиш тўғрисида институт ҳамма жойида эълонлар осилган. Бутун республика бўйича ҳамма обуна бўлиши эълон қилиняпти, лекин бу дегани обуна бўлиши мажбурий дегани эмас. Талабанинг ўзи танлайди, хоҳлаган газетасига обуна бўлади, мана шунга обуна бўласан деб, мажбуран тиқиштирилмайдику,- дейди проректор Узоқов.

Ўзбекистонда давлат идоралари ва корхоналари ходимлари обуна бўлишлари шарт бўлган нашрлар қаторига ҳукумат ва парламент хроникаси, президент фармонлари ва нутқлари, ҳамда ахборот ва янгиликларни чоп этадиган “Ўзбекистон овози”, “Халқ сўзи”каби газеталар киради.

Вилоятларда эса мажбурий обуна пакетига вилоят ва туман ҳокимликларининг нашрлари ҳам қўшилади.

- Ҳокимиятдан газета ва журналга обуна бўйича ҳар йили режа берилади. Буни институтимизнинг маънавият бўлимига беришади. Маънавият проректоримиз бор Ўктам Хўжақулов, шу киши билади бу ҳақда,- деди Қарши Муҳандислик Иқтисодиёт институтининг Илмий ишлар бўйича проректори Ғулом Узоқов.

Проректор Ўктам Хўжақулов эса гаплашишга вақти йўқлигини айтиб гапни қисқа қилди.

- Ҳозир мажлисга чиқиб кетяпман, вақтим йўқроқ,- деди Хўжақулов.

Ўзбекистонда ҳар йили обуна кампанияси мавсумида корхона ва ташкилотлар, олий ва ўрта махсус ўқув юртларини ҳукумат, парламент ва сиёсий партиялар газеталарига мажбурий обуна қилиш ҳолати кузатилади.

Илгари олийгоҳлар ўқитувчиларининг маошларидан мажбурий обунага ушлаб қолиш ҳолатлари кузатилган.

Ўтган ойда Тошкент Ахборот технологиялари университети талабалари ҳам марказий нашрларга мажбурий обуна қилдирилаётганликлари ҳақида шикоят қилишган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG