Линклар

logo-print
Афғонистон Уламолар кенгаши президент Ҳамид Карзайга мурожаат қилиб¸ мазкур кенгаш ваколатини кучайтириш ва у чиқарадиган фатволарга бажариш мажбурий бўлган легал ҳужжат мақомини беришни сўради. Бу сўров қондирилса¸ танқидчилар фикрича¸ БМТ ҳомийлигида ҳозирланган афғон конституциясига зид равишда¸ сайланмайдиган тўртинчи ҳокимият юзага келиши мумкин.

Афғонистон Уламолар кенгаши мамлакатдаги диний тизим ҳисобланади. Бу кенгаш шариатга асосан чиқарадиган фатволар афғонистонликлар учун ҳуқуқий мақомга эга фармон эмас¸ балки руҳий ва ахлоқий йўриқномадир.

Аммо кенгаш уламолари бу вазиятни ўзгартириб¸ ўзларига легал мақом бериш иштиëқида. Шу кунларда¸ афғон уламолари¸ ўзлари чиқарадиган фатвонинг мамлакат суди ва полицияси томонидан ижро этилиши шарт бўлган қонуний ҳужжат даражасига кўтарилишини талаб этмоқда.

Уламолар кенгаши аъзоларидан бири Мавлавий Абдул Раҳим Шоҳ оға¸ кенгаш Афғонистон ҳукумати ва хориж давлатлари таъсиридан холи экани боис¸ унинг ваколатлари кучайтирилиши шарт¸ деган ишончда:

- Афғонистон уламолари президент Карзайдан Дорул-Ифтани кенгайтиришни сўрашди. Уламоларимиз афғонларнинг келажакда исломий масалаларда хориж уламоларига юзланиши олдини олиш ва улар чиқарган Афғонистон манфаатларига зид фатволарни қабул қилишларига ҳожат қолдирмаслик учун ўз ваколатлари кучайтирилишини истамоқдалар¸ дейди Мавлавий Шоҳ оға.

Ҳозирча президент Карзайнинг бу талабни қондириш ваколати бор-йўқлигининг ўзи номаълум. Президент матбуот котибига кўра¸ Карзай бу сўровнинг конституциявий жиҳатдан қанчалик асосли эканини ўрганиб чиқади:

- Бу жиҳат махсус ўрганишга муҳтож¸ чунки сўров қондирилса¸ Дорул-Ифта ва Афғонистон Олий суди ваколатлари бир-бирини такрорлаши мумкин. Уламоларимиз буни билади. Шунинг учун улар бу масалани кўриб чиқишни президентга қолдиришди. Бу масала келажакда кўпроқ ва жиддийроқ муҳокама қилинади¸ аммо ҳозирча ҳеч қандай қарор қабул қилинганича йўқ¸ дейди Афғонистон президенти матбуот котиби Саймак Ҳеравий.

БМТ ҳомийлигида ҳозирланган жорий афғон конституциясига кўра¸ мамлакатда амал қиладиган қонунларнинг барчаси исломга уйғун бўлиши шарт. Айни пайтда¸ амалдаги конституция давлат ҳокимиятининг парламент¸ маҳкама ва президент маъмурияти каби тизимлари ўртасида мувозанат бўлишини ҳам кўзда тутади.

Афғон парламенти депутати Бакташ Сиëвашнинг таъкидича¸ Уламолар кенгаши фатволарига қонуний ҳужжат мақомини бериш¸ мамлакатда сайланмайдиган қудратли ҳокимият тизими яратилишига йўл очади:

- Афғонистонда ҳокимият тузуми қонун чиқарувчи¸ адлия ва ижроия тизимларига асосланган. Уламолар кенгаши сўрови қонунчилик ваколатини қўлга олиш уринишидан бошқа нарса эмас. Бу сўров¸ янги ҳокимият тизими яратишни кўзда тутади ва конституциямизда бунга имкон берувчи бирорта модда йўқ¸ дейди Уламолар кенгаши сўровига жиддий эътироз билдираëтган депутат.

Инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланувчи гуруҳлар ҳам¸ Уламолар кенгаши сўровини қондириш¸ Афғонистонни Толибон даврига қайтариш бўлажагидан бонг урмоқдалар.

Зотан¸ афғон муллалари кўпдан мамлакат конституциясининг 22-бандида ëзилган “Афғонистон фуқаролари – эркак ëки аëллигидан қатъий назар¸ қонун олдида тенг ҳуқуқлидир”¸ деган жумлага норозилик билдириб келмоқда.

Уламолар кенгаши жорий йил март ойида конституцияга киритишни таклиф қилинган ўзгартиш матнида¸ “Эркаклар қонун олдида бирламчи¸ аëллар эса¸ иккиламчидир” дейилган ва хотин-қизларнинг ишхона¸ мактаб ва маориф муассасаларида эркаклар билан муносабатда бўлиши мутлақ тақиқланган.

Афғонистон Уламолар кенгаши фатволарига ҳуқуқий жиҳатдан мажбурийлик мақомини бериш мухолифлари¸ бу сўров асосида Кобулда ҳам қўшни Эрондаги Васийлар кенгаши каби қудратли ва қонундан устун турадиган тизим юзага келиш эҳтимолидан огоҳлантирмоқдалар.

1979 йилги исломий инқилобдан сўнг таъсис этилган Эрондаги Васийлар кенгаши конституциявий суд мақомига эга ва парламентга таклиф этиладиган ҳар бир қонун ҳужжатини тасдиқлаши шарт. 1991 йилда ўз ваколатларини янада кучайтирган Васийлар кенгаши маъқулламаса¸ ҳеч ким ўз номзодини парламент депутатлиги ҳамда президентликка қўя олмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG