Линклар

Ўш қирғини:икки йилга чўзилган тергов


Ўш воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари (73,3%) ўзбек, 133 киши (24,4%) қирғиз, 8 нафари (2,2%) бошқа миллатлар вакиллари. (Қирғизистон президенти расмий сайтидан олинган маълумот-http://prezident.kg/ru/posts/4fd057def4d5523575000001 )

Ўш воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари (73,3%) ўзбек, 133 киши (24,4%) қирғиз, 8 нафари (2,2%) бошқа миллатлар вакиллари. (Қирғизистон президенти расмий сайтидан олинган маълумот-http://prezident.kg/ru/posts/4fd057def4d5523575000001 )

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, 2010 йилнинг июнида содир этилган Ўш қирғинида иштирок этганликда айбланиб икки йилдан бери қамоқда сақланаётган Дилмурод Ҳайдаровни мукофотлаш керак.

Ҳуқуқ ҳимоячилари: Ҳайдаров қаҳрамонлик намунасини кўрсатган

Бишкекдаги «Қилим шами» ҳамда «Очиқ позиция» ҳуқуқ ҳимояси ташкилотларининг билдиришича, уларда оммавий тартибсизликлар чоғида Дилмурод Ҳайдаровнинг одамларни қутқарганини тасдиқловчи ҳужжатлар бор.

“Очиқ позиция” ташкилоти раҳбари Дмитрий Кабак бу ҳужжатлар турли миллатга мансуб одамларнинг гувоҳлик кўрсатмалари ва июн қирғинида Дилмурод Ҳайдаровнинг қирғиз, хитой, ўзбек миллатига мансуб одамларни қутқариб қолгани тўғрисида воқеа жойида тузилган актлардан иборат эканини айтди:

- Бизга яқинда бир қанча ҳужжатлар тақдим этилди. Бу ҳужжатларда Дилмурод Ҳайдаров ҳатти-ҳаракатлари ҳақида гувоҳликлар бор. Бу ҳужжатларга таянсак, Ҳайдаров қаҳрамонлик қилганига амин бўламиз, -деди Дмитрий Кабак.

Ҳуқуқ фаолининг таъкидлашича, 2010 йилнинг 13 июнида Дилмурод Ҳайдаров «Учрашув» қаҳвахонасида ишлаган қизларни озод қилгани, Новқат қишлоғилик 25 га яқин қирғизни олиб чиққани, ўзбек ва қирғиз оқсоқоллари ўртасида музокара ташкил этгани, нефт базасида ёнғин уюштирмоқчи бўлинганда вентилни ёпиб қўйгани ва у ердан ишчиларни, жумладан, 20 нафар Хитой фуқаросини олиб чиққанини кўрган гувоҳлар бор.

Марказий Осиё янгиликлар хизматининг “Қилим шами” ташкилоти вакили Гулшайир Абдурасуловага таяниб ёзишича, Дилмурод Ҳайдаров қирғин кунлари одамларни алмаштириш жараёнида ҳам ишитрок этган.

«Маълумки, 2010 йилнинг 13 июнида Ўш шаҳри ва Қорасув қишлоғи чегарасида ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида музокара пункти бўлган. Бизнинг қўлимизда қирғиз томони – Эмилбек Мамалиев ва Нурғази Матқадировлар тузган акт бор. Унда ёзилишича, ўша куни соат 15:00 дан 18:00 га қадар музокара пунктида алмашинув бўлиб ўтган. Ўзбек маҳаллаларидан қирғизларни олиб чиқиб беришган, ўз навбатида қирғиз даҳаларида омон қолган ўзбеклар яқинларига топширилган», деб иқтибос келтиради Марказий Осиё янгиликлар хизмати Гулшайир Абдурасуловадан.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Дилмурод Ҳайдаров ишининг одилона кўриб чиқилишига эришишмоқчи.

Адвокат: Ҳайдаровнинг иши ҳалигача аросатда

Адвокат Татяна Томинага кўра, Ўш қирғини кунлари оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда айбланаётган Дилмурод Ҳайдаров ишининг кўриб чиқилиши шу кунгача якунига етган эмас.

-Ҳайдаровнинг иши деярли уч йилдан бери давом этмоқда ва шу кунгача унга нисбатан ҳукм чиқарилмаган. 2011 йилда Қорасув туман суди тергов ишида жуда кўп ҳуқуқбузарликлар борлигини аниқлаб, ишни қайта терговга жўнатган эди. Айни пайтда мазкур иш қарор чиқариш учун Қорасув туман судига ўтказиб берилган. Бироқ жабрланувчи тараф судга ишончсизлик билдиргани учун бу масала вилоят судида ўрганилмоқда. Вилоят суди Ҳайдаровнинг иши қайси судда кўрилишини аниқлаб бериши керак. –деди Татяна Томина.

Amnesty International: Ҳайдаров қийноқларга солинган

2010 йилдан бери Ўш тергов изоляторида сақланаётган Дилмурод Ҳайдаровнинг ўзи 2011 йилнинг 26 июнида Озодлик радиосига берган суҳбати чоғида қийноқларга солингани ҳақида гапириб берганди.

-Нима янги чиққан бўлса, ҳаммаси бошимдан ўтди. Дубинкаларнинг ҳар хилини, электрошокларни кўрдим. Игналарни тирноққа тиқади, товонимизга уради. Ёғоч дубинка - “каталка” деб қўяди, шу билан белимга урган. “Пятдесятка-рейка” дея атайдиган узун рейка билан ургани учун ҳозир белимни турганда-ётганда кўтара олмай қолганман. Бунинг оқибатида беш марта санчастда қон сийиб ётдим. Тўғриси, бу қийноқларга одам чидаса бўлар экан. Аммо таҳқирлаб, қийнагани жуда ёмон экан. Дубинкани кўрсатиб, “ҳозир орқангга тиқаман” дегани бу биз учун чидаб бўлмайдиган нарса. Эркаклик номусим учун бу қийноқ жуда қийин бўлди. Деворга тақаб туриб, почкамизга роса урганда эса калима келтиришга мажбур бўлдим,- деган эди Дилмурод Ҳайдаров.

У ҳақдаги маълумот Amnesty International халқаро ташкилотининг 2012 йил июн ойида эълон қилинган “Қирғизистон: Бурчга бепарволик” деб номланган ҳисоботида ҳам берилган.

“Дилмурод Хайдаров ва унинг адвокати Ўш шаҳри ва Ўш вилояти прокуратураси, шунингдек, Бош прокурорга бир неча маротаба у қийноққа солинганлиги тўғрисида шикоят билан мурожаат этганлар, аммо шу кунга қадар мазкур даъволарни текширишда хеч қандай чора кўрилгани йўқ. Бунинг ўрнига унинг иши беш маротаба унга қарши далиллар камлиги сабабли турли хил инстанцияларга ва хаттоки Олий Судгача қайта кўриб чиқилиши учун оширилган.Бир неча гувохлар Дилмурод Хайдаров зўравонлик эмас балки маҳалладаги қирғиз аҳолини ҳимоя қилганлигини айтиб кўрсатма берганлар, аммо уларнинг кўрсатмалари инобатга олинмаган. У ҳамон суд олди ҳибсхонасида сақланиб келмоқда”, дейилади Amnesty International ҳисоботида.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари расмийлари эса бу каби иддаоларни рад этиб келадилар. Уларга кўра, Ўш қирғинида айбланиб қамоққа олинганларга нисбатан оммавий тарзда қийноқ қўлланилгани тасдиқланмаган.

Дилмурод Ҳайдаровнинг иши айни пайтда судда кўриб чиқилиш арафасида бўлгани учун ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари бу борада бирон фикр айтишдан тийилдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG