Линклар

logo-print
Жиззах вилояти Дўстлик тумани электр тармоқлари корхонаси ишчилари корхона чекига тушган намунавий уй қурилишида иштирок этмоқда.

Бу ҳақда корхонанинг исми сир қолишини сўраган ишчиси Озодликка хабар берди:

- Намунали уйларнинг қурилиши яхши. Лекин нима учун бу уйларни пулини олаётган қурилиш ташкилотлари қурмаяптию, корхоналар, коллежлар қураяпти, мен шунга ҳайронман. Бизнинг электр тармоқлари корхонасига ҳам битта уй берилган. Биз қураяпмиз уни. Тўғри, бир-иккита қурувчи мутахассислар бор, улар фақат ғишт теради, қолган ишларнинг ҳаммасини биз қиляпмиз, дейди электр тармоқлари корхонаси ишчиси.

Суҳбатдошнинг айтишича, улар иш пайтида ҳам, дам олиш кунлари ҳам қурилишда ишлашга мажбур этилмоқда:

- Биз, монтёрмизку. Бир сутка ишлаб уч сутка дам оламиз. Ўша дам олиш кунларимиз ҳашарга олиб чиқаяпти. Баъзан иш кунлари ҳам¸ масалан, навбатчиликда 6 киши турган бўлса, ўшани учтаси қурилишга юбориляпти, дейди корхона ишчиси.

Дўстлик тумани электр тармоқлари корхонасининг навбатчи диспетчери ҳам Озодлик билан суҳбатда ишчиларнинг қурилишга юборилаëтганини тасдиқлади:

- Бошлиғимиз касал. Унинг ўрнига бош инженер. Лекин у ҳозир йўқ. Одамларни намунали уй қурилишига, ҳашарга олиб кетган, деди корхона навбатчи диспетчери.

Озодлик мухбири боғланганида¸ Дўстлик туман электр тармоқлари корхонаси бош муҳандиси Шоҳруҳ Ҳамзаев "ҳашар"да эди:

- Ҳа, ака қурилишдамиз. Лекин ҳеч нарса билмайман, бу ерда ҳангома кўп, узр, шошиб турибман, деб гапни қисқа қилди бош инженер.

Корхона ишчиларининг айтишларича, корхона чекига тушган намунавий уйни қуриш ва уни сотиб олиш мажбурияти айнан ана шу бош муҳандис Шоҳруҳ Ҳамзаевга юклатилган. Қурилаëтган намунавий уйлар нархининг 102 миллион сўм эканлиги айтилади.

Исми ошкор этилмаслигини сўраган корхона ишчисига кўра, бу пулга камида иккита ана шундай уй қуриш мумкин:

- Бу жуда катта нарх. Тем боле, ҳашар йўли билан қурилаяпти. Асосий ишни биз қиляпмиз. Мен ҳисоблаб чиқдим. Ҳозир битта ғиштнинг нархи 330 сўм бўлаяпти. Майли¸ 400 сўмдан ҳисоблаганда ҳам 30 мингта ғишт кетади экан. Бу 12 миллион сўм пул бўлади. Мана цементи, қуми, устини ёпиш билан яна 15 миллион кетсин. 30 миллион билан уй битаяптику. Майли краскаси шувоғи билан 35-40 миллион ҳам кетсин. Нархи эса 102 миллион сўм. Лекин бу уй ҳашар билан бўлаяптику. Нега бунча қиммат? Бу пул қаерга кетади? дейди корхона ишчиси.

Суҳбатдошнинг айтишича, Дўстлик туманида кўтарилаётган 40 та шундай намунавий уйнинг деярли ҳаммаси ҳашар йўли билан қуриляпти. Тумандаги иккита мой ишлаб чиқариш заводи, ун ишлаб чиқариш комбинати, пахта тозалаш заводи каби корхона ва коллежларга биркитилган намунали уйлар ҳам ҳашар йўли билан кўтариляпти.

Арнасой туманида истиқомат қилувчи исми сир қолишини сўраган фермерга кўра¸ фермерларга уйлар қурилиши учун ўз ҳисобларидан пул ўтказиш мажбурияти қўйилган:

- Ўтган йили бизда ҳам бир қанча шундай уйлар қурилган ва ёшларга мажбурлаб сотилган эди. Бироқ табиий, улар қиммат уйларни пулини тўлолмай қолди. Энди началник милиция, прокурорлар ўзлари келиб мажбурлаб “мен бу уйдан воз кечдим” деган тилхат ёздириб олаяпти. Бу йил ҳам қурилишлар бўлаяпти, банк ходимлари, солиқ, СЭС, газ идоралари ўзлари маҳалладан одам олиб бориб, ҳашар йўли билан қурдираяпти. Энди у уйларни бир йилдан кейин кўрсангиз, раҳмингиз келади. Сифатсиз, шувоқлари тушиб кетган, краскалари кўчиб кетган. Қишда қурилган уй уй бўлармиди, уйни саратонда қуриш керак, дейди арнасойлик фермер.

Ўзбекистонда намунавий уйлар қурилиши президент Ислом Каримов ташаббуси билан бошланган эди. Намунали уйлар қурилишига рухсатни қурилиш ташкилотлари тендер асосида ютиб олишлари керак.

Қурилиш ташкилотларида қурувчилар етишмаслиги боис, маҳаллий ҳокимиятлар бу уйлар қурилишини корхона ва ташкилотлар, коллежлар зиммасига юклаётганлиги айтилади.

Озодлик 20 ноябр куни Самарқанд вилоятидаги 169 та коллежнинг ўқитувчилари пахта теримидан сўнг намунавий уй-жойлар қурилишига “ҳашар”га жалб қилингани ҳақида хабар берган эди

2013 йил учун қабул қилинган давлат бюджетида қишлоқ ҳудудларида аҳолиси учун 8510 та намунавий уй қурилиши ва бунинг учун давлат бюджетидан 1 триллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG