Линклар

Дастлабки тергов тахминича, заҳарланиш ошпазнинг овқатга туз ўрнига натрий нитрит солиб юборгани оқибатида содир бўлган. Заҳарланганлардан икки нафарининг оғир аҳволда қолаëтгани айтилмоқда.


Россиянинг Иркутск шаҳридаги Юбилейний микрорайонидаги қурилишлардан бирида 11 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири заҳарланди.

Минтақа Тергов қўмитаси расмийси Владимир Саловаровнинг Озодликка маълум қилишича, 27 ноябр куни ишчиларга кечки овқатни тайёрлаётган ошпаз омборхонадаги қоплардан бирида саноат тузи номи остида ишлатиладиган натрий нитритини топиб олган ва уни ош тузи билан адаштириб, овқатга ишлатган:

- Овқатни истеъмол қилган 11 та ўзбек қурувчиси ўзини ёмон ҳис қилган ва улар олтита тез ёрдам машинасида шифохонага олиб кетилган. Фақат тиббий маълумоти бор бир мардикор бундай ҳолатда зарур бўлган муолажани қилиб, заҳарланишдан сақланиб қолган, дейди Владимир Саловаров.

Тергов қўмитаси вакили сўзларига кўра, айнан шу одам тез ёрдам машиналарини чақиртирган ва бўлган воқеани ҳодиса жойига етиб келган терговчиларга тушунтириб берган. Маълум бўлишича, икки киши оғир аҳволда Иркутск вилоят шифохонасига, қолган 9 киши Иркутск Токсикология марказига олиб келинган.

Иркутск Токсикология маркази шифокорларидан бири ҳозирда заҳарланган муҳожирларнинг асосий қисмига жавоб берилганини билдирди:

- Биз жами 9 кишини қабул қилдик. Деярли барчасига кетишга рухсат берилди. Бир кишини керакли муолажадан кейин вилоят шифохонасидан бу ерга олиб келишди. Биринчи олиб келинганда жуда оғир аҳволда эди. Улардан биттаси умуман ётқизилмади, чунки заҳарланмаган экан, у бугун келиб қолганларни олиб кетди, дейди ўз исмини айтишни истамаган Иркутск Токсикология маркази шифокори.

Шифокорлардан олинган маълумотга кўра, ҳозирда Иркутск шифохоналарида иккита ўзбек мардикори қолмоқда ва улардан бирининг оғир аҳволда экани айтилмоқда.

Терговчилар кимёвий модда қандай қилиб овқатга тушиб қолгани ва ишчиларнинг овқатланиш жараёнига жавобгар масъул шахсларни аниқлашни давом этмоқда.

Кўринишидан оқ кристал шаклида бўлган натрий нитрити ош тузига ўхшаб кетади ва у озиқ-овқат саноатида ранг бериш мақсадида¸ шунингдек консервант сифатида гўшт, балиқ маҳсулотларига қўшилади. Е250 номи остида ҳам озиқ-овқат маҳсулотларида ишлатиладиган бу кимёвий модда жуда оз миқдорда хавфсиз, бироқ катта миқдорда соғлиқ учун ўта хавфлидир.

Мутахассислардан олинган маъмулотга кўра, натрий нитрити қурилиш материаллари ва конструкциялари захланишига қарши бетонга ҳам қўшилади.
XS
SM
MD
LG