Линклар

Бир-икки ҳафтадан бери телевизор кўрмаган “Телевизор”чимиз ЎзТВни бу ҳафта ҳам кўрмади. Лекин бир фильму бир видеоклип кўрди.

Телетомошабинимиз режиссер Аюб Шаҳобиддиновнинг “Паризод” фильми билан Googooshaнинг энг сўнгги видеоклипи ўртасидаги муштараклик ва тафовутларни илғадики, бугун гап шу ҳақда бўлади.


***

Анчадан бери кутаётувдим.

Қанақайкин, деб қизиқётувдим.

Ниҳоят келди.

Келдию қолди.

Таровати қолди.

Оқ шойи рўмоли қўзғотган ҳавонинг ифорли эпкини қолди.

У таратган Нур қолди.

Кўнглим ёришди. Уйим ёришди. Олам ёришди.

- Кўйлаги чиройлиякан, дедим ўзимни тутолмай.

- Чиройлиякан, деб қўйди аёлим.

Хаёлим кўйлакдамаслигини билади – яхши у, тушунади.

Мен унга қарадим.

У менга қаради.

Индамадим.

Индамади.

Кўравердик Паризоднинг кўргиликларини.

“Паризод” тугади.

- Чой ичасизми, деди.

- Қуй, дедим.

Ича бошладик.

Қанд ўрнига фильм таъмини солдик чойга.

Индамадим.

Индамади.

Айтадиган гап йўқ эди.

Ҳамма гап айтилганди фильмда.

Ўйлашгина қолганди.

Паризод ташлаб кетган Дунё ҳақида ўйлаш қолганди.

Паризодга ўзини муносиб билмаган Домланинг олижаноблиги тўғрисида;

“Никоҳга йўл бўлмади”, деган гапга кўнақолган Қирчиллама йигитнинг жўмардлиги тўғрисида;

Хотинбознинг нопоклиги тўғрисида;

нопоклигини тушуниши учун Паризод унга берган имкон тўғрисида

ва ниҳоят

Яратган Нени Инъом Этганини тушуниб етмаган Дўхтир йигитнинг гумроҳлиги тўғрисида ўйлаш қолганди.

Хўш, Дўхтир йигит “севган” қизини қўйиб, Паризодга уйланволса нима бўларди?

Кино бўлмасди?

Ҳа, кино бўлмасди.

Лекин гап кинонинг бўлиш-бўлмаслиги ҳақида эмас.

Гап Паризоднинг, паризодларнинг зарурлиги ҳақида.

Бир қарашда ҳамма яхши. Ҳаммамиз яхшимиз.

Фақат ҳаддимизни билмаймиз. Яхшилигимиз ҳаддини.

Чунки “яхшилик” - мавҳум тушунча.

Мавҳум нарсани эса, ўлчаб бўлмайди.

Газчўп билан ўлчайсизми? Тарозига соласизми?

Билмай гарангсиз. Билолмай гарангсиз.

Ана шундай пайтда Парилар Қишлоғидан Паризод келади.

Паризод Домланинг олижаноблиги ҳаддини белгилаб беради. Чегараламайди. Кўрсатади-қўяди.

Қишлоқ аҳли “воҳ!”, дейди.

“Қара-я!”дейди.

Қишлоқ тозаради. Қишлоқ ёришади.

Паризод Қирчиллама йигит жўмардлиги ҳадини кўрсатиб қўяди.

Қишлоқ аҳли “воҳ!”, дейди.

“Қара-я!”дейди.

Қишлоқ тозаради. Қишлоқ ёришади.

Паризод Хотинбознинг нопоклиги ҳаддини фош қилади.

“Воҳ!” дейди Хотинбоз.

“Қара-я!”дейди.

Тозаришига умид пайдо бўлади Хотинбознинг.

Тозариши аломатларини фильмда кўрамиз.

Паризод Дўхтир йигитнинг гумроҳлиги ҳадини ҳам очиб кетади.

“Воҳ!” дейди Дўхтир йигит унсиз.

“Дод!” дейди унсиз.

Тоза йигит ўзи аслида. Ёруғ йигит.

Шунинг учун ҳам йўқотди-да, Паризодни!

Йигит яхши бўлмаганида Паризод Паризод бўлмас, Паризодсиз эса Дунё тартибсизлигича, ҳадлари билинмаслигича қолиб кетган бўларди.

(Филм Youtube.comдан олинди)

***

“Паризод” фильми адабий асосини Эркин Аъзамов ёзганини билиб ҳайрон қолмадим – Эркин ака ёзмай, ким ёзсин?!

Кинони ёш режиссер –Аюб Шаҳобиддинов тортганини билиб ҳайрон қолдим. Тан бердим.

***

Ҳад мавзуи куни кеча кўзим тушган видеоклипда ҳам ўрганилибди.

Googooshaнинг клипида.

“How dare” деган қўшиқ клипи.

“Ҳаддингдан ошма” бўлади ўзбекчаси тахминан.

“How dare, how dare…”

“Ҳаддингдан ошма, ҳаддингдан ошма...”

Хиргойи қилаётган гўзал Googoohsaнинг чиройи у ўтирган вайронада янада бўртиб кўринади.

“How dare, how dare…”

Кадрда қўлида босқон билан Ёмон Бола пайдо бўлади. Ўнгини ҳам бузади у, сўлини ҳам.



(Видеоклип Youtube.comдан олинди.)

Googoohsa давом этади:

“How dare, how dare…”

Ёмон Боланинг қўлидаги босқон ўрнида машъала пайдо бўлади.

Ўнг қўлида бир машъала, сўл қўлида бир. Дунёга ўт қўймоқчими у?!

Googoohsa давом этади:

“How dare, how dare…”

Ёмон бола қулоқ солмайди. Бузаверади.

Бирдан юзида ҳозиргина юз берган инзол лаззати қотиб қолган Гўзал пайдо бўлади.

Ёнидаги Ёмон Боланинг бузғунидан Гўзалнинг завқи жўш ураверади.

Гўзал ижжаяди. Гоҳида иршаяди.

Ёмон Бола бир телевизорни отиб уради. Гўзал кулади. Инзоли давом этаяптиёв, деган ўйга борасиз...

“How dare, how dare…”

Нега Ёмон Боланинг бузғунчилиги Гўзални кулдиради?

Бу савол жавобини Фрейд амакидан сўранг – бизнинг илм етарлимас.

Нега Ёмон Боланинг бузғунчилигини бошқа бир Гўзал, Асосий Гўзал - қўшиқни хиргойи қилаётган Гўзал ҳам тўхтатай демайди?

Нега “How dare”дан нарига ўтмайди?

Яна Фрейд амакидан сўрайликми?

Сўрашга улгурмадик.

Ёмон Бола навбатдаги бинога ҳамла қилиши биланоқ пешойна ортида Googoosha пайдо бўлади.

“How dare!” дейди.

“Ҳаддингдан ошма!”

“Истаганингча буз, хоҳлаганингча ёндир, лекин МЕНИКИГА ТЕГМА! How Dare!”

“МЕНИКИГА ТЕГМА! ҲАДДИНГДАН ОШМА!“

Googooshaники Дахлсиз!

Ёмон Бола тўхтатади бузғунни.

Клип тугади.

***

Ёмон Бола “Паризод” фильмида ҳам бор. Паризод ўша Ёмон Боладан – Девдан қочиб келганди Дўхтир йигитнинг қишлоғига. Охир-оқибат Девнинг дастидан ҳалок бўлди Паризод.

Googoosha Паризод эмас. Яъни ожиза эмас.

Googoosha - Кучли Қиз. У Девни – Ёмон Болани бир имо билан тўхтата олади.

Googoosha Девни бошқара олади.

Девни бошқариш унинг тасаввуридаги Вайронада осон бўлса керак-да?

How Dare!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG