Линклар

logo-print
Марказий Осиё бизнес-уюшмаси ҳисоботига кўра, Тошкентда сотилаётган уйлар қўшни Остона, Бишкек, Ашхобод ва Душанбега нисбатан анча арзон.

Ҳисоботда Олмаота шаҳрида бир квадрат метр уй-жой нархи 1940 АҚШ доллари, Ашхободда 800, Остонада 1500, Бишкекда 1000 доллар эканлиги айтилади.

Тошкентда эса сотилаётган уй-жойларнинг бир квадрат метри нархи қўшни пойтахтларга нисбатан арзон - 700 АҚШ доллари миқдорини ташкил этади, дейилади ҳисоботда.

Тошкент шаҳрида уй-жой олди-сотдиси билан шуғулланадиган 60 ёшли Марям опа фикрича, Марказий Осиё бизнес-уюшмаси уй-жой нархларини белгилашда фақат Тошкент чеккасидаги микрорайонларини инобатга олган:

- Тошкент марказида нархлар қиммат. Марказда икки хонали уйни 40 минг долларга олса бўлади. Лекин сал четроқда нархлар бундан анча арзон. Масалан, Чилонзор, ТТЗ мавзеларида икки хоналик яхши планировкали (28-30 квадрат метр) квартираларни ремонти билан 25-28 минг, уч хоналикни 30-35 минг, тўрт хоналикни 38-45 минг долларга олса бўлади, дейди Марям опа.

Маклернинг айтишича, Тошкентда уйлар нархи ёз ойида ўртача 3000 АҚШ доллари миқдорида кўтарилган ва ҳозирда нарх ошиши яна давом этмоқда.

Тошкентдаги уйлар нархининг Марказий Осиё давлатлари пойтахтлари орасида энг арзон бўлиб қолаëтганини шарҳлаган иқтисодчи Миркомил Тошкандий бунинг сабабларини уч омил билан изоҳлайди:

- Биринчидан, аҳолининг харид қуввати¸ масалан¸ ўша Олмаота ёки Бишкекка нисбатан пастроқ. Иккинчидан, Тошкентда уй-жой фонди бошқа пойтахтларга нисбатан катта. Учинчидан, Тошкент ёпиқ шаҳар. Шаҳарга вилоятлардан уй олмоқчи бўлганлар прописка қила олмайди. Прописка бўлмаса¸ уй сотиб олиш ҳуқуқингиз йўқ. Кўпчилик қариндошлари, танишлари номига олинган уйларда яшамоқда. Бу сабаблар ўз-ўзидан нархларнинг кўтарилмаслигига сабаб бўлади, дейди Миркомил Тошкандий.

Тошкент шаҳар ҳокимияти веб сайтида берилган маълумотга кўра, 2009 йилда пойтахт аҳолиси сони 2 миллион 206 минг нафарга етган.

Норасмий манбалар тахминича¸ бугун Тошкентда 4-5миллиондан ортиқ одам истиқомат қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG