Линклар


Бокс бўйича оғир вазндаги собиқ жаҳон чемпиони ўзбекистонлик Руслан Чагаев 1 декабр куни Германиянинг Дюсселдорф шаҳрида германиялик турк Ёқуб Соғломга қарши рингга тушади.

Чагаев Ёқуб Соғлом билан жанг қилишини ўз веб саҳифасида эълон қилди.

- Мухтарам мухлислар, мен Ёқуб Соғлом билан рингда жанг қилишимни веб саҳифам орқали сизларга маълум қиламан. Ўйлайманки, менга зафар ёр бўлади. Жанг 1 декабр куни Дюсселдорф шаҳрида бўлиб ўтади.

Ўтган ҳафта Руслан Чагаев 1 декабр куни Дюсселдорфда уюштирилаётган бокс шоуси доирасида кубалик оғир вазндаги боксчи Майк Пересга (18-0, 12 КО) қарши рингга тушиши эълон қилган эди.

Бироқ 25 ноябр куни Чагаев-Перес жанги қолдирилгани хабар қилинди.

Халқаро спорт нашрларига кўра, жанг қолдирилишига Майк Перес елкасидан жароҳат олгани сабаб бўлган.

Германиянинг Хан Реннерод шаҳрида яшаётган 35 ёшдаги Ёқуб Соғлом Туркиянинг Асрин шаҳрида туғилган. У ўзбекистонлик бокс ишқибозларига яхши таниш эмас.


(Бу видеотасвир Youtube.com тармоғидан олинди).

2006 йилдан бери профессионал бокс билан шуғулланиб келаётган Соғлом 2008 йилда Германия Бокс уюшмасининг оғир вазндаги чемпионлик камарини қўлга киритган.

Ёқуб Соғлом шу кунгача 29 та жанг ўтказиб унинг 28 тасини ғалаба билан якунлаган, битта жангда ютқазган. 28 та ғалабадан 25 тасини нокаут билан ютган.

Fightnews.ru хабарига кўра, Соғлом охирги марта 2011 йил 9 апрел куни жанг қилиб бешинчи раундда техник нокаут билан ютган.

33 ёшдаги Руслан Чагаев эса профессионал рингда 30 та жанг ўтказиб, 27 тасини ғалаба билан якунлаган, иккита жангда ютқазган, битта жанг дуранг билан тугаган. Чагаев 27 ғалабадан 19 тасини нокаут билан якунлаган.

Руслан Чагаев 2009 йил июнида WBO, IBF, IBO тоифалари бўйича жаҳон чемпиони украиналик боксчи Владимир Кличкога техник нокаут билан ютқазган.

2011 йил август ойида Чагаев россиялик Александр Поветкинга очколар бўйича бой берган.

Руслан Чагаев охирги учта жангни ғалаба билан якунлади.

Чагаев 2012 йил 28 январ куни тринидад-ва-тобаголик рақиби Кертсон Мансвеллни, 21 апрел куни америкалик боксчи Билли Зумбрунни ва 1 сентябр куни германиялик Вернер Крейскоттни мағлуб қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG