Линклар

logo-print

Эрон билан ядровий музокараларда илгари силжиш йўқ


Халқаро Атом энергияси агентлиги бош директори Юкия Амано.

Халқаро Атом энергияси агентлиги бош директори Юкия Амано.

Халқаро Атом энергияси агентлиги бош директори Ғарб ва Теҳрон ўртасига кучли зиддият солиб келаëтган ядровий ҳамкорлик борасида ҳеч қандай прогресс кўзга ташланмаëтганини билдирди.

Халқаро Атом энергияси агентлиги Бошқарув кенгашининг пайшанба куни бўлиб ўтган йиғилишида агентлик бош директори Юкия Амано Теҳрон раҳбарияти билан Эрон ядровий дастури юзасидан бораëтган музокараларда бирор илгари силжиш кузатилмагани ҳақида баëнот берди.

Аманога кўра¸ Теҳрон расмийлари ўз дастури ядровий қурол яратишни мақсад қилгани юзасидан мавжуд хавотирларни тарқатишга муваффақ бўла олмаëтир:

- Агентлик Эрон ядровий дастури билан боғлиқ тўпланиб қолган барча саволларга жавоб топиш мақсадида давомли музокаралар олиб борди. Аммо бу музокараларда бирор конкрет натижага эришилмади¸ деб ҳисобот берди Халқаро Атом энергияси агентлиги раҳбари Вена йиғинида.

Амано таъкидича¸ Эронга нисбатан жорий қилинган амалдаги халқаро жазо чоралари бу вазиятга деярли таъсир кўрсата олмаган.

Вена йиғини арафасида Теҳрон жорий ойдан бошлаб Фордо ядровий иншоотида уранни тўйинтириш центрифугаларидан янгиларини ишга туширажагини эълон қилди.

Халқаро Атом энергияси агентлигининг сўнгги ҳисоб-китобича¸ агар Теҳрон бу режасини амалга оширса¸ мамлакатдаги ядровий центрифугалар сони икки бараварга ошади ва 1400 тага етади.

Айтилишича¸ Фордо иншоотида уранни 20 фоизлик тўйинтириш имкони мавжуд ва бу даражада тўйинтирилган уран ядровий қурол яратиш учун талаб қилинадиган даражага жуда яқиндир.

Ғарб ҳукуматлари Эрон раҳбариятининг ер остида қурилган бункерларда жойлашган ядровий иншоотлар сонини ҳам ошираëтгани уни атом бомбаси яратиш имконига яқинлаштираëтганидан бонг урмоқдалар. Шундай бўлса-да¸ мустақил мутахассислар Эроннинг ўз ядро қуролига эга бўлишу учун яна бир неча йил керак бўлажагини тахмин қилмоқда.

Пайшанба кунги Вена йиғилишида Халқаро Атом энергияси агентлиги бош директори Эрон Парчиндаги иншоотларида ҳам ядровий ҳаракатларини фаоллаштиргани ҳақида ҳисоб берди:

- Бу ҳарактлар агентлигимизнинг Эрон ядровий дастурини назорат қилиш уринишларини жиддий таҳдид остида қолдираëтганидан хавотирдаман. Мен бугун яна бир бор Эрон ҳукуматидан ядровий иншоотларга киришга кечикмай рухсат этилиши ва агентлик саволларига тафсилий жавоб берилишини сўрайман¸ деди Халқаро Атом энергияси агентлиги бош директори.

Эрон ҳукумати агентликнинг шубҳа қилинаëтган ядровий иншоотларни текшириб кўриш ва ўз мустақил хулосасини чиқариш ҳақидаги сўровига рад жавоби бериб келмоқда.

Халқаро Атом энергияси агентлиги мутахассисларининг Эрон расмийлари билан навбатдаги музокаралари 13 декабрга белгиланган.
XS
SM
MD
LG