Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:17

Тошкент ҳокимияти яна "Очиқ мулоқот" ўтказади


Тошкент шаҳар ҳокимияти пойтахтликларни қиш мавсумида ўйлантираётган саволларга "Очиқ мулоқот" орқали жавоб беришини айтмоқда.

Ўзбекистонда об-ҳаво ҳарорати пасайиб, ёғин-сочинли кунлар бошланди.

Айни кунларда кўпчилик ўзбекистонликлар¸ хусусан пойтахтликларни ҳам газ тақчил мамлакатда қандай қилиб қишдан омон чиқиш муаммоси ташвишга солмоқда.

Кейинги йилларда электр ва газ тақчиллашиб бораëтган Ўзбекистонда совуқ кунлар бошланиши билан тақчиллик янада кучаяди.

Тошкент шаҳар ҳокимияти масъуллари одамларни қиш мавсумида ўйлантираётган коммунал хизматлар, табиий газ таъминотидаги муаммо ва камчиликлар юзасидан саволларига Тошкент телеканалида “Очиқ мулоқот” лар ташкил этиб жавоб беришларини айтишмоқда.

Декабр ойида Тошкент каналида сешанба кунлари тўртта “Очиқ мулоқот” ўтказилади ва уларнинг барчаси газ ва электр таъминоти ва коммунал хизматлардаги муаммоларга бағишланади¸ деди шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган расмийси:

- Кўрсатув давомида берилган ва аҳолидан келиб тушган барча саволларга Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари жавоб беради, уларнинг бирортаси ҳам жавобсиз қолдирилмайди. Кўрсатувда жавоб беришга улгурилмаган саволларга ҳокимлик веб-сайти орқали тўлақонли жавоблар бериб борилади ва уларнинг ижроси назорат қилинади, деди Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийларидан бири.

Тошкент телеканалида жонли тарзда ўтказиладиган дастлабки “Очиқ мулоқот” 4 декабр куни кечқурун маҳаллий вақт билан 19.00да бошланади.

- Ўша куни 19:00 дан 21:00 га қадар томошабинлар ўзларини қийнаётган масалалар билан 214-1697, 214-1698, 214-1699 телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин, фуқароларнинг бирорта ҳам мурожаати эътиборсиз қолишига йўл қўйилмайди, деди Озодлик билан суҳбатда ҳокимият расмийси.

Газ заҳираларига бой Ўзбекистонда нима учун аҳолига газ узатиш йилдан-йилга танқислашиб бормоқда? деган саволга ҳозирга қадар Ўзбекистон расмийлари жамоатчилик олдига чиқиб аниқ жавоб бермаган.

Озодлик боғланган айрим тошкентликлар “Очиқ мулоқот” орқали қиш мавсумида ўзларини ўйлантираётган саволларга жавоб топиш умидида:

- Эртага декабр, қиш бошланaяпти. Отопление ўчган. Иссиқ сув йўқ. Ҳар доим маҳалла комитетига борсак, елка қисишади. Газимиз бўлатуриб, нимага қишда совқотишимиз керак. Қани энди мана шу ҳокимиятдагилар шу саволга жавоб беришсинчи, дейди Тошкентнинг Алгоритм мавзесида яшовчи Қаҳҳор ака.

Озодлик билан ҳамсуҳбат бўлган бошқа бир тошкентлик ҳокимиятнинг “Очиқ мулоқот”ига ишонмаслигини айтади:

- “Очиқ мулоқот” дейишади, лекин бундан нима фойда. Муаммони ҳал қилиб газ, электр берсин, бўлди, ортиқча гап-сўз қилиб ўтирмасдан, дейди исмини айтмаган пойтахтликлардан бири.

Кузатувчилар фикрига кўра, муаммо ўзбек гази экспортининг ошиши билан
боғлиқ.

Август ойида Ўзбекистон Хитойга газ узата бошлади. Ҳозирда Хитойга узатилаётган газ миқдори 10 миллиард куб метрни ташкил этади.

Бироқ 2014 йили Тошкент ҳукумати Хитой бозорига газ узатиш йилига 25 миллиард куб метрга етказишни мўлжаллаган.

Айни пайтда Ўзбекистон Россияга 2009 йилги келишув асосида йилига 16 миллиард куб метр газ етказиб беради.

Бундан ташқари, Тошкент қўшнилари - Қозоғистон, Қирқизистон ва Тожикистонга ҳам газ сотади.

Куни-кеча Қозоғистондаги "КазТрансГаз" ширкати Ўзбекистон ҳукуматининг жорий йилда Қозоғистонга сотиладиган газ ҳажмини 40 фоизга ошириши ҳақида баëнот тарқатди.
XS
SM
MD
LG