Линклар

Сирдарёда қовун орасидан наркотик топилди. Наманганда ўқитувчи пора билан қўлга олинди. Элликқалъада илк бор банан етиштирилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Наманганда муаллим пора билан қўлга тушди”

Наманган Муҳандислик-педагогика институти қошидаги “Дўстлик” академия лицейи ўқитувчиси Мухторжон Мўминов порахўрликда айбдор деб топилди (“Диёнат”, 29 ноябр). Жиноят ишлари бўйича Наманган тумани суди Мўминовни бир йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ва энг кам ойлик иш ҳақининг 75 баробари (4,7 миллион сўм) миқдорида жаримага тортган. Вилоят прокуратураси вакилига кўра, ўқитувчи Мўминов фуқаро Х.Садировадан синглисини академик лицейга ўқишга жойлаб қўйиш эвазига 1100 АҚШ доллари пора талаб қилган. Судланувчи пора олаётганда ҳибс қилинган.

“Бекобод ижтимоий таъминоти бўлими раҳбари маҳкамага тортилди”

Тошкент вилояти Бекобод тумани ижтимоий таъминот бўлими бошлиғи Дилором Жалилова ва бир гуруҳ ходимлар хизмат вазифасига совуққонликда айбланиб маҳкамага тортилди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди судяси Исматулла Мамановнинг “Адолат” газетасига ёзишича, ижтимоий таъминот бўлими мутасаддилари пенсия ва ижтимоий нафақа тайинлашда фуқароларнинг меҳнат стажи ва иш ҳақини нотўғри ҳисоблаган. Масалан, С.Наимова, Ш.Ҳалимова, С.Ким ва бошқа фуқаролар ижтимоий таъминот бўлими ходимлари айби билан катта миқдорда зарар кўрган.

“Бундан ташқари, фуқаро Н.Абдуқодировга пенсия тайинлашда компютер базасига фуқаронинг жинси “эркак” ўрнига “аёл” деб киритилиб, натижада 25 йиллик талаб қилинадиган иш стажи 5 йилга камайтириб ёзилган. Оқибатда, ушбу фуқаро ҳам меҳнатига яраша таъминотдан бебаҳра қолган” деб таъкидлайди судя Исматулла Маманов. Айтилишича, ижтимоий таъминоти бўлимининг фуқаролар манфаатига зарар келтирган раҳбари ва ходимларига тегишли жазо тайинланган.

“Вазирликлар матбуот чиқишига эътиборсиз”

Халқ таълими ва Молия вазирликлари оммавий ахборот воситалари чиқишларига совуққонлик билан муносабатда бўлмоқда (“Новый век”, 29 ноябр).

Мустақил нашрнинг ёзишича, мутасадди идоралар мактаб дарсликлари бўйича эълон қилинган танқидий мақолага муносабат билдирмаётир. Газетага кўра, мактаб дарсликлари ижараси айрим ота-оналарга оғирлик қилмоқда, баъзи дарсликлар мазмунан ва ноширлик мезонлари жиҳатидан талабга жавоб бермайди. Бунинг устига, давлат ғазнасига ва ота-оналарга қўшимча харажат туғдираётган бўлса-да, айрим дарсликлар янгидан ёздирилиб, чоп этилмоқда. Газета дарсликлар тез алмашуви ва бу борада мутасадди вазирликлар позициясини савол остига олади.

“Мигрантлар орасида ОИТСнинг тарқалиш хавфи кучли”

Мигрантлар орасида ОИТС (одам иммунитети танқислиги синдроми) кўпроқ учрамоқда (“Даракчи” 29 ноябр). “Мигрант бўлиш хавфли эмас. Аммо норасмий мигрантларнинг янги меҳнат ва турмуш шароити ҳамда оиладан узоқ бўлиши улар хулқ-атворининг ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин. Бу эса ўз навбатида уларда ОИВ инфекцияси, тери-таносил ва бошқа юқумли касалликларни юқтириш хавфини оширади” дейди Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори ўринбосари Аллаберган Байжанов. Маркази раҳбари ўринбосари фуқароларни қулоқ тешиш, педикюр, маникюр, пирсинг, татуаждан, умуман, гўзаллик салонлари хизматларидан фойдаланишда эҳтиёт бўлишга чақиради.

Дунё бўйлаб ҳар дақиқада 7 киши ОИТСни юқтирмоқда, 3 киши ҳаётдан кўз юммоқда. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда жорий йилнинг 10 ойида ОИВ инфекциясига чалинган 3367 нафар фуқаро рўйхатга олинган, касаллик кўпроқ Тошкент шаҳри ва Андижон вилояти ҳиссасига тўғри келган.

“Наркотик модда сув орқали олиб ўтилган”

Сирдарё вилояти Сардоба туманида “Дамас”га юкланган қовун қоплари орасидан 21,8 килограмм гашиш гиёҳвандлик моддаси топилди. Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди раиси ўринбосари Шуҳрат Камоловнинг “Куч адолатда” газетасига маълум қилишича, наркотик модда Тожикистондан Бекобод тумани бўйлаб оқиб ўтадиган канал орқали полиэтилен қопда ўтказилган. Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди очиқ мажлисида гиёҳвандлик моддасини сотиш ва контрабандада айбланган Ўзбекистон фуқаролари С.Холдоров 15,6 йил, С.Бойқўзиев 14 йилга озодликдан маҳрум этилган. Қайд этилишича, жиноят қуроли деб топилган 12,7 миллион сўмлик “Дамас” машинаси давлат фойдасига мусодара қилинган.

“Турдибеков одам савдоси ва қалбаки паспорт учун судланди”

Тошкентда фуқаро Мамат Турдибеков одамфурушлик қилгани, қалбаки паспорт тайёрлатгани учун 8,6 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Адолат кўзгуси” 29 ноябр). Мирзо Улуғбек тумани прокурори ёрдамчиси К.Аллаёровага кўра, Турдибеков бир неча ўзбекистонлик аёлларни мўмай даромадли иш топиб бериш ваъдаси билан Туркияга сотиб юборган, уларни фоҳишаликка мажбурлаган. Туркияга юборилаётган аёлларга жиноий гуруҳнинг бошқа шериклари ёрдамида Қирғизистон Республикасидан сохта паспорт олиб берилган. Маълум қилинишича, ушбу жиноий гуруҳнинг бошқа фаол аъзоларига нисбатан жиноят иши алоҳида юритувда олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда илк бор банан етиштирилди

Ўзбекистон Фанлар академиясига қарашли Амир Темур номидаги Элликқалъа ботаника боғида ўтган йили экилган банан бутаси бу йил ҳосилга кирди (“XXI аср”, 29 ноябр). Ботаника боғи директори Рустам Бобожоновнинг маълум қилишича, ҳар бир тупдан меридиан бананидан қолишмайдиган 15 килограммгача мева йиғиб олинган. Айни пайтда бананзорларни кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Элликқалъа ботаника боғида сўнгги йилларда жаҳоннинг турли минтақаларидан келтирилган 380 га яқин ноёб дарахт, нодир бута, сара гул ва камёб доривор ўсимликлар ўстирилмоқда. Боғ Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги шаҳарларга дарахт ва гул кўчатлари ҳам етказиб беради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG