Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:45

Марказий Осиёда ОИТВ тарқалиш суръати юқорилигича қолмоқда


Жаҳон бйўлаб 34 миллион киши ОИТВ/ОИТС билан яшайди.
Жаҳон бйўлаб 34 миллион киши ОИТВ/ОИТС билан яшайди.

1 декабр - ОИТСга қарши Халқаро кураш куни. Ўзбекистон ОИТВ/ОИТС тарқалиш суръати бўйича дунёда етакчи давлатлардан ҳисобланади. Халқаро жамғармалар Ўзбекистон ҳукуматига бу муаммо билан курашиш мақсадларига кўп миллион долларлик грантлар ажратган. Бироқ сўнгги йилларда халқаро ташкилотлар томонидан амалга тадбиқ қилинган ОИТС дастурлари ёпилгани вазиятнинг яхшиланишига ҳисса қўшмаётир, демоқда мутахассислар.


Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 1987 йилдан бери ОИТВ - одам иммун тақчиллиги вирусини юқтирганлар сони 30 минг кишидан ортган.

Республика ОИТСга қарши кураш маркази директорИ ўринбосари Ғуломжон Ражабов, Озодлик билан суҳбатда, Ўзбекистонда ОИТВ/ОИТСга оид вазиятни аниқ баҳолашнинг деярли имконсиз эканини айтади:

- Бугун ОИТВ тарқалиши суръатига оид аниқ статистик маълумотлар менда йўқ. Биласиз, бутун дунёда бўлгани каби бундай назорат касаллик хавфи юқори бўлган гуруҳлар орасида ўтказилади, дейди мутахассис.

Унинг айтишича, жорий йил 10 ойи давомида Ўзбекистонда 3367 та ОИТВни юқтириш ҳолати қайд этилган. Бу эса ОИТВ тарқaлиши суръати назоратга олинганини англатади, дея қўшимча қилади Респубклика ОИТСга қарши кураш маркази директори ўринбосари.

БМТнинг ОИТСга қарши кураш агентлиги – UNAIDS Ўзбекистонни ОИТВ тарқалиши суръати юқори бўлган мамлакатлар сирасига киритган.

Глобал жамғарма 2004 йилда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига бундай дастурлар учун беш йилга мўлжалланган 24 миллион АҚШ долларига тенг грант берган. 2009 йилда эса мазкур ташкилот Ўзбекистон ҳукуматига яна 80 миллион АҚШ долларига тенг грант ажратди.

Лекин кейинги йилларда ОИТСга қарши кураш дастурларини амалга оширган қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан рўйхатга олинмагани боис, мамлакатдаги фаолиятларини тўхтатишга мажбур бўлди.

2010 йилда Ўзбекистонда ОИТВ/ОИТСга қарши кураш дастурларини амалга ошириш билан шуғулланган ИЗИС ташкилоти раҳбари Максим Попов UNICEF ва PSI Central Asia халқаро ташкилотлари билан биргаликда ОИТСга оид информацион брошюра чиқаргани учун қамоққа ташланган эди.

Респубклика ОИТСга қарши кураш маркази директои ўринбосарининг айтишича, Ўзбекистон учун ОИТВ муаммоси биринчи навбатда касаллик тарқалиши хавфи юқори бўлган гуруҳлар билан боғлиқдир:

- Бу касаллик, асосан, касаллик хавфи юқори бўлган гуруҳлар, яъни ҳулқи-атвори билан касалликни юқтириб олиш хавфи юқори бўлган аҳоли қатламлари - наркоманлар, бесоқолбозлар ва енгилтак аёллар орасида кенг тарқалган, дейди Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори ўринбосари Ғуломжон Ражабов.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият олиб борадиган халқаро ташкилотлардан бирининг мутахассиси, бугун нафақат касаллик хавфи юқори бўлган гуруҳлар, балки ОИТВ/ОИТС билан яшаётган болалар муаммоси долзарб бўлиб қолаëтганини айтади.

Ўтган ҳафта Уруш ва тинчликни ўрганиш институти ҳам Ўзбекистонда ОИТВ билан яшаётган болалар камситилиши муаммоси ҳақида мақола эълон қилди.

ОИТВ/ОИТС билан яшаётган одамлар ассоциацияси раҳбари Сергей Учаевдан иқтибос келтирилган мақолада ёзилишича, Ўзбекистонда ОИТВга чалинган болалар махсус даволаш муассасаларига қабул қилинмаслиги билан боғлиқ муаммо, айниқса, долзарбдир.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган халқаро ташкилот мутахассиси ёш болалар орасида ОИТВ/ОИТСнинг тарқалиши жиддий муаммога айланганига бундан 4 йил аввал Намангандаги шифохоналардан бирида 140 дан ортиқ болага ОИТВ юққани билан боғлиқ воқеани мисол қилиб келтиради.

2008 йилда Наманган вилояти болалар шифохонасида 147 болага одам иммун тақчиллиги вируси юққани катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Дастлаб расмийлар бу воқеани хаспўшлашга уринди, лекин 2010 йилда бу воқеа ҳақиқатан рўй бергани тан олинди. Ўтган йилги маълумотларга кўра, бу болаларнинг камида 14 нафари вафот этган.

Ундан аввал Андижондаги болалар шифохонасида ҳам болаларга оммавий тарзда ОИТВ юқиши ҳолати кузатилган эди.

Озодлик билан суҳбатлашган мутахассис, айниқса, Фарғона водийси вилоятлари учун бу муаммо долазрб бўлиб қолаётгани айтади. “Бу масалада водий вилоятларига алоҳида эътибор қаратилиши керак. 2008 йилги воқеадан кейин назорат тизими бир мунча яхшиланганига қарамасдан, қон қуйиш тизимида камчиликлар сақланиб қолмоқда. Уч йил аввалги эпидемияга эса айнан қон қуйиш соҳасидаги камчиликлар сабаб бўлган эди”, дейди суҳбатдош.

Бундан ташқари, бутун мамлакат бўйлаб аҳоли орасида ОИТВ/ОИТСнинг олдини олиш борасида тушунтириш ишларини кўнгилдагидек олиб борилмоқда, деб бўлмайди, дея қўшимча қилади суҳбатдошимиз.

Одам иммун тақчиллиги вируси иммунитетини емириб, одам организмида орттирилган иммун тақчиллиги синдромини келтириб чиқаради. Бу касалликка чалинган организми бошқа касалликларга қаршилик қила олмаслиги натижасида, одам ўлимига олиб келади.

Ҳозирда дунё бўйлаб 4 миллионга яқин бола ОИТВ/ОИТС билан яшаб келади.

1 декабр - ОИТСга қарши Халқаро кураш куни муносабати билан эълон қилинган маълумотларга кўра, 2011 йилда дунё бўйлаб 2,5 миллионга яқин одам ОИТВ юқтириб олган. Жаҳон бўйлаб 34 миллион одамнинг ОИТВ/ОИТС билан яшаши тахмин қилинмоқда. Ўтган йили 1,7 миллион одам ОИТСдан нобуд бўлган.

БМТнинг ОИТСга қарши кураш дастури маълумотларига кўра, Марказий Осиё ОИТВ/ОИТС тарқалиши суръати бўйича дунёдаги етакчи минтақалардан бири бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG