Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:56

Нега Усмонхон Алимов?


Қароргоҳи Иордания пойтахти Амманда жойлашган Ислом стратегик тадқиқотлари қироллик маркази томонидан чоп этилган “Дунëдаги энг таъсирли 500 мусулмон” деб номланган бу йилги рейтингга 30 миллионлик Ўзбекистонда таъсир қудрати энг кучли мусулмон сифатида мамлакат муфтийси Усмонхон Алимов киритилди.

Усмонхон Алимов айни марказ томонидан 2009-2010-2011 йилларда эълон қилинган рейтингларда ҳам жаҳондаги энг таъсирли 500 мусулмондан бири деб топилган эди. 2009 йили бу рўйхатда ўзбекистонлик таниқли олим, Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам бўлган, бироқ кейинги йиллардаги бу таниқли олим рўйхатларга киритилмай келаëтир.

Озодлик мухбири мазкур ҳисобот муаллифларидан бири Бесим Брунжай билан суҳбат асносида Алимовни Ўзбекистоннинг энг таъсирли мусулмони деб баҳоланиши ортидаги омиллар билан қизиқди.

Озодлик: Марказ бу йил тўртинчи йилдирки¸ Ўзбекистон муфтийси “Дунëдаги энг таъсирли 500 мусулмон” рўйхатидан жой олиб келмоқда. Алимов қайси таъсири ва қайси хизматлари учун бундай нуфузли рейтингга киритиб келинмоқда?

Брунжай: Ўзбекистондаги ислом ва мусулмонлар аҳволи кўпдан мунозараларга сабаб блиб келмоқда. Ўзбекистонда диний эркинликларнинг жиддий равишда топталаëтганига оид кўплаб айбловлар бор. Айни пайтда¸ бу мамлакатнинг узоқ йиллик коммунизм асоратидан чиқаëтганини ҳам эътироф этиш лозим. Шу боис¸ бир томондан коммунистик ақидалардан халос бўлишга уринаëтган¸ бошқа томондан террорчилик таҳдиди билан юзланиб турган бу минтақа¸ хусусан¸ Ўзбекистонда бош муфтийнинг таъсир кўлами анча кенг. Биз Алимовни мураккаб ўтиш даврини бошдан кечираëтган Ўзбекистондаги исломий олим сифатида рўйхатимизга киритиб келмоқдамиз.

Озодлик: Ўзбекистондаги ҳокимият вазиятидан озми-кўпми хабардор одам¸ бу мамлакатда ҳамма нарсани асосан бир шахс – президент Ислом Каримов ҳал қилишини яхши билади. Мамлакат муфтийси ҳам¸ мустақил манбалар таъкидича¸ бевосита Каримов ва бошқа ҳукумат раҳбарлари топшириғини бажариш билан шуғулланади. Ўзбекистон мусулмонлари ҳаëтига энг кўп таъсир ўтказаëтган шахс – Ислом Каримов. Рўйхатингизга киритилган аксар таъсирли ва қудратли шахслар айнан қўлида маъмурий ҳокимиятни марказлаштирган президент¸ вазир ва қироллар бўлгани ҳолда¸ нима учун Ислом Каримовни Ўзбекистондаги энг таъсирли мусулмон¸ деб эътироф этмадингиз? Ëки сиз Ислом Каримовни мусулмон деб ҳисобламайсизларми?

Брунжай: (кулади) Биз бундай дея олмаймиз¸ яъни Каримовнинг мусулмон ëки мусулмон эмаслиги борасида хулоса бера олмаймиз. Аммо унинг сиëсати Ўзбекистондаги кўпчилик мусулмонлар ҳаëтини оғирлаштиргани¸ хусусан¸ ҳукумат кўз қарашига монанд бўлмаганлар ҳаëтига салбий таъсир кўрсатгани бор гап. Каримовни рўйхатга киритмаганимиз сабабларидан бири¸ рўйхатнинг 500 шахс билан чекланганидир. Биз бу рейтингга¸ истасак ҳам¸ ҳаммани таъсирли одамларни қўша олмаймиз.

Озодлик: Бу йилги рўйхатга¸ дейлик¸ Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳамедовларни киритган ҳолда¸ Ўзбекистон мусулмонлари ҳаëтига¸ яхшими¸ ëмонми¸ энг кучли таъсир ўтказиб келаëтган Ислом Каримовни киритмадингиз. Мантиғингизни қандай изоҳлайсиз?

Брунжай: Бу рўйхатга ҳам давлат раҳбари¸ ҳам давлатнинг мусулмонларга нисбатан сиëсатини юрғизаëтган шахсларни киритишнинг имкони йўқ. Рўйхатдаги ранг-барангликни сақлаб қолиш учун биз бир мамлакатдан давлат раҳбарини¸ бошқасидан таниқли исломий олим ва арбобларни олишга мажбурмиз.

Озодлик: Узр¸ лекин саволимни яна такрорлашга мажбурман. Ўзбекистонда аҳоли¸ хусусан унинг кўпчилигини ташкил этувчи мусулмонлар ҳаëтига кимдир таъсир кўрсата олса¸ бу шахс президентдир. Ўзбекистонда авторитар давлат тузуми амалда экани ҳақида юзлаб мустақил ҳисоботлар борлигини яхши биласиз. Бу мамлакатда президент қўлида¸ мустақил манбалар таъбирича¸ шунчаки қўғирчоқ бўлган шахсни¸ қандай қилиб¸ қайси мантиққа кўра¸ мамлакатнинг энг таъсирли¸ энг қудратли мусулмони дейиш мумкин?

Брунжай: Мен саволингиздаги мантиқни яхши тушуниб турибман ва бу гапда мутлақ жон бор. Аммо биз рўйхатимизда Марказий Осиëдаги ҳар бир давлатдан бирор намоянда киритишга уриндик ва унга Ўзбекистондан муфтий Алимовни киритишга қарор қилдик. Албатта¸ бу танловни савол остига олиш¸ уни танқид қилиш мумкин. Аммо биз бу рўйхатни узайтириб юбора олмаслигимиз боис¸ унга киритилиши мумкин кўпчиликни тушириб қолдиришга мажбур бўлдик.

Озодлик: Саволни сал бошқача қўйсам. Ислом Каримовнинг Ўзбекистондаги ҳукуматга бўйсунмайдиган исломий жамоаларга нисбатан кескин сиëсати¸ ўз сиëсатини қўлламаган минглаб мусулмонларни қамоққа ташлаб¸ таъқиб-тазйиқ қилаëтгани унинг “Дунëдаги энг таъсирли 500 мусулмон” рўйхатига киритилмаëтганига асос бўлди¸ дейиш мумкинми?

Брунжай: Мен буни ҳам Каримовнинг рўйхатга киритилмагани сабаби¸ деб айта олмайман. Сабаб¸ юқорида айтганимдек¸ рўйхатга турли тоифа¸ турли даражадаги мусулмонларни киритиш уринишимиздир. Мен нафақат Ўзбекистон¸ балки бошқа минтақалардаги жуда кўп таъсирли одамларнинг бур рўйхатга киритилмай қолганини эътироф этган ҳолда¸ 500 нафар шахсгина киритилиши мумкин бу рўйхатнинг чекланган эканини яна эслатишга мажбурман.

Озодлик: Биз ўз Интернет саҳифамизда ўтказаëтган ноилмий сўровда овоз берганлардан¸ ҳозирча¸ бирортаси¸ Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимовни мамлакатдаги энг таъсирли мусулмон дея эътироф этмади. Озодлик респондентларининг ярмидан кўпи Ўзбекистон Республикасининг биринчи муфтийси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни “энг таъсирли мусулмон” деб топдилар. 2009 йилги илк рўйхатингизга киритилган бу шахс¸ нега кейинги рейтингларга қўшилмаëтир?

Брунжай: Бу ўринли савол. Нега бу одам киритилмади¸ нега буни қўшмадингизлар¸ деган саволларни бошқа минтақадагилардан ҳам кўп эшитамиз.

Афсуски¸ биз Ўзбекистондаги аҳволни сиз каби мунтазам кузата олмаймиз ва сиз каби яхши билмаймиз. Шу боис¸ бизнинг қароримиз анчагина субъектив ва танқидларга сабаб бўлиши мумкин хулоса. Келгуси рейтингни тузишда сизлар билан яқинроқ ҳамкорлик қилишга ҳаракат қиламиз.
XS
SM
MD
LG