Линклар

logo-print
Озоди сайтининг тожикистонлик муштарийлари кун давомида Озодлик радиосининг Душанбедаги бюроси ва Прагадаги идорасига мурожаат қилиб, радионинг Интернет сайти очилмаётгани ҳақида хабар бердилар.

Тожикистон Алоқа хизмати раиси Бег Зуҳуров Озоди мухбири билан жума кунги суҳбатда, бундан хабарим йўқ”, деб вазиятни изоҳлашдан бош тортди.

Бироқ “Азия Плюс” Интернет сайтининг ёзишича, исми сир қолишини сўраган Тожикистондаги Интернет провайдерларидан бири Алоқа хизматидан Озоди радиоси Интернет сайтининг тўсиб қўйилиши ҳақида кўрсатма келганини тасдиқлаган.

“Азия Плюс”га кўра, Тожикистонда 26 ноябр куни Facebook ижтимоий тармоғи тўсиб қўйилиши ҳақида Тожикистон Алоқа хизмати раиси Бег Зуҳуров билан Озоди мухбири уюштирган қисқа интервюнинг сайтга қўйилиши Озоди сайтининг тўсиб қўйилишига сабаб бўлган.

Тожикистон Алоқа хизматининг исми сир қолишини сўраган мулозими Озоди радиосининг мухбири билан бўлган суҳбатда ҳақиқатан ҳам шундай кўрсатма берилганини тасдиқлаган.

Тожикистон ОАВ Миллий уюшмаси раиси Нуриддин Қаршибоевнинг Озодликка айтишича, Тожикистон Алоқа хизмати Озоди радиосининг Интернет сайтини қамал қилиши билан, нафақат Озоди муштарийлари, балки бутун Тожикистон фуқароларининг ҳуқуқларини поймол қилган.

Тожикистон Журналистлар уюшмаси раиси Акбарали Сатторзоданинг Озоди радиосига айтишича, мамлакатдаги бир қанча журналистик ташкилотлар биргаликда Озоди сайти нега тўсиб қўйилганига изоҳ олиш мақсадида Тожикистон Алоқа хизмати раиси Бег Зуҳуров номига мактуб ёзган.

Қароргоҳи Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Йохан Бирнинг айтишича, Тожикистон ҳукуматининг эркин минбарларни тўсиб қўйиши, демократик қадриятларнинг парчаланишига олиб келади:

- Албатта биз Озоди радиоси веб сайтининг тўсиб қўйилганлигини қатъий равишда қоралаймиз. Бу муаммо Фейсбук сайтининг тўсиб қўйилганидан сўнг юзага чиқмоқда. Биз ҳукуматни бу сайтларни дарҳол очиб қўйишга чақирамиз. Жорий йилда Тожикистонда асосий информация манбаларининг тўсиб қўйилиши уч марта содир бўлди. Фейсбукнинг тўсиб қўйилишини расмийлар аввалига техник сабаблар билан тушунтиришди, кейинроқ бунинг сабабини Фейсбукдаги ножўя хабарлар билан изоҳлади. Сайтларни тўсиш орқали ахборотни чекламоқчи бўлаётган Тожикистон ҳукумати албатта нотўғри йўлдан бормоқда.

Бу каби чоралар қонунларга зиддир. Улар ҳар гал сайтларга тўсиқ қўйганда буни суд қарорисиз амалга оширади. Интернет провайдерлар расмийлардан қандайдир СМС лар, телефон орқали оғзаки буйруқлар ёки хатлар олишади. Бу жуда нопрофессионал ва қонунга зид ҳолатлардир, -дейди Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Йохан Бир.

Жорий йил август ойида Тоғли Бадахшонда бўлиб ўтган воқеалар пайтида Тожикистонда “Азия-Плюс”, Би-Би-Си, “Вести” каби ўнлаб Интернет сайтлари ёпиб қўйилган эди.

Озодлик сайтига Ўзбекистон ва Туркманистонда ҳам тўсиқ қўйилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG